17.4 C
Узбекистан
Суббота, 21 сентября, 2024

Ўзбек тили — миллат кўзгуси, Унинг хиралашишига йўл қўймайлик

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
6,820участниковПодписаться
- Advertisement -

Пойтахтимиздаги метро бекатларнинг биридаги зина тўсинига “Окрашено” (бўялган) деган ёзувни илиб қўйишган экан. Шу ерда бир фурсат кузатиб турдим. Йўлдан ўтаётган ҳар икки одамдан бири рус тилини яхши билмагани ёки сўзнинг таржимасини тезда илғай олмагани туфайли тўсинга қўл текизиб кетяпти. Ўйлаб қолдим, шу сўзнинг ёнига “бўялган” деган ўзбекча ёзувни ҳам тиркаб қўйиш шунчалик мушкулми? Мен хорижий тилда ёзилмасин демоқчи эмасман. Шунчаки ўзбекча муқолбили ҳам тиркаб қўйилиши тарафдориман. Ахир, давлат тили ўзбек тили бўлса, устига-устак, йўловчиларнинг катта қисмини ўзбеклар ташкил этса…

Дарҳақиқат, бундай ҳолатларни кўча-кўйда ҳар куни, ҳар қаерда учратиш мумкин. Айниқса, кўпгина давлат ташкилотларининг реклама эълонлари, расмий хатлари, буйруқлари ҳам рус тилида тақдим этилишига ўрганиб қолганмиз. Айрим давлат ташкилотлари расмий сайтларида ҳам шундай камчиликларга дуч келамиз. Ўзбек тилига давлат мақоми берилганига 30 йилдан ошди, аммо ҳанузгача биз тилимизни Ўзбекистон ҳудудидаги бирламчи алоқа воситасига айлантира олмаяпмиз.

ЕР ЮЗИДА ҲАР 150 КИШИДАН БИРИ

ЎЗБЕК ТИЛИДА СЎЗЛАЙДИ

Статистик маълумотларга кўра, ер юзидаги одамлар етти мингдан зиёд тилда сўзлашади. Қизиғи шундаки, ана шу тилларнинг атиги бир фоизида (70 та тилда) ер шари аҳолисининг 90 фоизи гаплашади. Қолганлари кам фойдаланадиган, йўқолиб кетиш арафасида турган тиллардир.

Ўзбек тилида Ер юзида 50 миллионга яқин аҳоли гаплашади. Бу Ер юзида ҳар 150 кишидан бири ўзбек тилида сўзлайди, деганидир. Бошқача айтганда, ўзбек тили сўзлашувчилар сонига кўра, сайёрамизда энг кенг тарқалган, ҳар бирида камида 30 миллион аҳоли гаплашадиган 40 та тилдан биридир.

Шунингдек, ўзбек тилини илмий-назарий жиҳатдан тадқиқ этиш билан шуғулланган бир қатор тадқиқотчилар фикрига кўра, ўзбек тили имло луғатида тахминан 1 миллион 600 мингга яқин сўз бўлиб, бу жиҳатдан у дунё миқёсида араб, инглиз тилларидан кейин учинчи ўринда турадиган миллат бойлигидир.

Тан олиш керак, кейинги йилларда Президентимизнинг шахсан ташаббуслари билан ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақомини кўтариш, унинг бор имкониятини тўлақонли намоён этишга алоҳида давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, 2020 йил 20 январдаги Вазирлар Маҳкамасининг “Мамлакатда давлат тилида иш юритишни самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжатга биноан, давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ҳамда ҳокимликлар тузилмаларида раҳбарнинг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчи лавозими жорий қилинди.

Мана икки йилдирки, маслаҳатчилар фаолият юритмоқда. Қайд этиш керак, ушбу амалиёт давлат ташкилотларида юқоридаги каби жузъий камчиликларни бартараф этиш, ўзбек тилининг чин маънода давлат тили сифатидаги мавқеини кўтариш, ташкилотларнинг ўзбек тилида иш юритишини таъминлаш йўлидаги оқилона йўл бўлди. Айрим ташкилотлар фаолиятида маслаҳатсчилар ўрни сезилди. Мақомига кўра, раҳбарнинг ўринбосарига тенглаштирилган ходимлар ташкилотнинг ҳар бир ҳужжати, реклама эълонларини ўз назоратига олди.

Аммо шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, айрим ташкилотларда бу лавозим ҳали-ҳануз бўш турибди ёки маслаҳатчилар амалиётда раҳбар ўринбосари мавқеида эмас. Ташкилотлар фаолиятида уларнинг ўрни сезилмайди.

Аслида эса, ушбу ходимлар тил ривожида муҳим аҳамият тутиши, тил меъёрларини ҳудди чегараларда турган аскарлардек ҳимоя қилишлари керак эди. Тил бўйича маслаҳатчилар фаолиятини янада жонлантира олсак, ўзбек тили оммалашишида катта натижага эришган бўлардик.

ИЛМ-ФАН ТИЛДАН АЙРИ РИВОЖЛАНМАЙДИ

Бугунги кунда ҳам тиббиёт, математика, фалсафа ва бошқа бир қанча фанлардаги атамалар лотин ёки юнон тилидан олинган. Сабаби, фанларга асос солинаётган антик даврда Юнонистон ва Римда илм-фан билан бирга, риторика, нотиқлик каби тилга хос соҳалар ҳам ривожланган. Ўрта асрларда эса шарқ алломалари оламга машҳур бўлган. Бу даврда араб тили шарқ мамлакатларида илм-фан билан бирга такомилга етган.

Бир сўз билан айтганда, илм-фан тилдан айри ривожланмайди. Шу боис ўзбек тилини ривожлантириш учун уни аввало илм-фан тилига айлантиришимиз керак.

Шу боис атамаларнинг ўзбекча муқобилини топиш ёки ўзбек тилида аниқ, барча учун тушунарли бўлган изоҳини яратиш муҳимдир. Биология, математика, ахборот технологиялари, физика, кимё соҳаларида атамалар жуда кўплиги ва яна янгидан-янги атамалар шиддат билан кириб келаётганига гувоҳ бўляпмиз. Юқорида таъкидлаганимиздек, тезда уларнинг ўзбекча муқобилини топиш ва оддий аҳолига тушунарли тарзда изоҳини тақдим этиш жоиз. Шунда ўсиб келаётган ёш авлод болалигиданоқ бу атамаларнинг мағзини чақа олади. Улғайгач, фанни чуқурроқ ўрганиш, турли кашфиёт ва янгиликларни ҳаётга татбиқ этишга вақт сарфлайди. Шундагина тилимиз нафақат мамлакатимизда, балки бутун дунёда юқори мавқега эга бўлади.

Бундан ташқари, она тилимизнинг қўлланиш аудиториясини кенгайтириш, унинг тарихий илдизларини чуқур ўрганиш, илмий асосда ҳар томонлама ривожлантириш, дунё миқёсида кенг тарқалаётган инновацион технологияларни тил сиёсатига мувофиқлаштириш вазифалари олдимизда кўндаланг турибди. Замонавий технологияларни ўзбек тилида дастурлаштириш, фундаментал фанлар, замонавий ахборот ва коммуникация технологиялари, саноат, банк-молия тизими, юриспруденция, дипломатия, ҳарбий соҳа ва шу каби ўта муҳим тармоқларда ўзбек тилининг ўз ўрнини ҳаққоний эгаллашига эришишимиз керак.

ЎЗБЕК ТИЛИ ЖАҲОН МИНБАРЛАРИДА ЯНГРАШИ КЕРАК

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-юбилей сессиясида мамлакатимиз ва жаҳон тарихида илк маротаба ўзбек тилида нутқ сўзлагани ҳали-ҳануз барча ҳамюртларимиз қалбини чексиз фахрга тўлдириши шубҳасиз. Ундан кейин ҳам давлатимиз раҳбари кўпгина халқаро миқёсдаги тадбирларда ўзбек тилида нутқ сўзлади. Ўша онларда дунё Навоий тилининг гўзаллигини, жозибасини ҳис этди.

Ўзбек тили — миллатимиз борлигининг, тафаккуримиз, дунёқарашимизнинг муҳим белгисидир. Уни асраб-авайлаш, дунё миқёсида оммалаштириш, унга ҳурмат кўрсатиш ҳпр бир Ўзбекистон фуқаросининг вазифасидир. Зеро, «тил бор экан, миллат барҳаёт».

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Больше похожих статей

×