Тошкент шаҳар Учтепа туманида хонадонлардан бирида ёнғин содир бўлди. ФВБ ҳолат юзасидан маълумот берди.
Билдирилишича, кеча, 18 сентябрь куни соат 15:09 да Тошкент шаҳри Учтепа тумани Тақачи кўчасида жойлашган шахсий хонадонда ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида пойтахт ФВБга хабар келиб тушган.
Ёнғин қутқарув экипажлари айтилган манзилга соат 15:14 да етиб борган, соат 15:42 да ёнғин қуршаб олиниб, соат 15:50 да ўчирилган.
“Ёнғин оқибатида тан жароҳати олган ва вафот этган фуқаролар йўқ. Айни вақтда ҳодиса сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 18 сентябрь куни тонгги соат 07:28 да Олмазор тумани Уста Ширин кўчасида жойлашган мебель ишлаб чиқариш корхонасида, соат 10:01 да Учтепа тумани Алмоний кўчасида жойлашган тикувчилик корхонасида ёнғин содир бўлган эди.