Тиббиёт тизимининг самарали фаолияти, тиббий хизматлар сифатига баҳо беришда нафақат вилоят марказлари ва катта шаҳарлардаги вазият, балки қишлоқ жойларида, айниқса, чекка ҳудудлардаги ҳолат ҳам инобатга олинади.
Хўш, Самарқанд вилоятида бирламчи тиббий-санитария ёрдами фаолиятини аҳолига яқинлаштириш ва бирламчи тиббий хизмат сифатини яхшилаш борасида нималар қилинмоқда?
Ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар билан таништириш мақсадида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси учта туманга пресс-тур ташкил қилди. Биз, бир гуруҳ журналистлар, Пастдарғом, Нуробод ва Самарқанд туманларидаги оилавий шифокорлик пунктлари ва маҳалла тиббий пунктлари фаолияти билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдик.
Пастдарғом туманида 6 та оилавий поликлиника (ОП) ва 14 та оилавий шифокорлик пункти (ОШП) аҳолига хизмат қилмоқда. Тиббий хизматни аҳолига янада яқинлаштириш мақсадида ОШПлар қошида 20 та маҳалла тиббиёт пункти ташкил этилган.
Биз дастлаб тумандаги “Фаровон” ОШП фаолияти билан танишдик. Муассаса мудири Ғайрат Искандаровнинг сўзларига қараганда, пункт тўртта маҳалла аҳолисига, ҳаммаси бўлиб 4850 нафар кишига хизмат қиларкан. Унда икки нафар врач ва 8 нафар ҳамшира ишламоқда ва пункт ўз лабораторияси ҳамда кундузги стационарига эга.
Тумандаги “Юқори Боғонали” МФЙнинг маҳалла тиббиёт пункти очилиши маросимида қатнашдик. Маҳалла раиси Маҳмуд Худоёров биз билан суҳбатда шу пайтгача аҳоли энг оддий тиббий муолажа учун ҳам 5 км узоқликдаги поликлиникага боришга мажбур бўлаётганлигини ва ушбу тиббиёт пунктининг очилиши бирламчи тиббий-санитария ёрдами фаолиятини аҳолига яқинлаштиришнинг яққол намунаси эканлигини таъкидлади. Энди 3700 нафарга яқин фуқаро маҳалла ҳудудидан чиқмасдан сифатли бирламчи тиббий хизмат олиш имконига эга бўлди.
Шундан сўнг биз Нуробод туманига йўл олдик. Туман ҳудуди катталиги туфайли тиббиёт муассасалари айрим аҳоли пунктларидан узоқда жойлашган эди. Тиббиёт тизимини ташкил этишда янгича ёндашув, аниқроғи тиббий хизматни аҳолига яқинлаштириш йўлида олиб борилган амалий ишлар натижаси сифатида туманнинг 23 та олис ва чекка ҳудудларида контейнерлар ўрнатилиб, маҳалла тиббий пунктлари ташкил қилинди. Буниннг натижасида 40 мингдан зиёд аҳолига тиббий хизмат яқинлаштирилди.
Туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Абдулла Абиев ҳамроҳлигида туман марказидан 50 км узоқликда жойлашган Сазағон қишлоғида бўлдик. Бу ерда кўп тармоқли марказий поликлиника (КТМП)нинг Сазағон ҳудудий бўлими фаолият юритар ҳамда Тепақул, Сарой ва Сазағон маҳаллаларининг 11 мингдан зиёд аҳолисига тиббий хизмат кўрсатар экан. КТМП филиали 50 қатновга мўлжалланган бўлиб, 15 ўринли (5 ўрин терапия, 5 ўрин болалар ва 5 ўрин туғруқ) стационар қисмидан иборат. Унда жами 42 нафар ходим ишлайди. Уларнинг 7 нафари шифокор, 25 нафари хамшира ва 10 нафари бошқа ходимлардир.
Сазағон ҳудудий бўлими учун шу йилнинг ёзида янги бино қурилган экан. “Эски бинонинг бир қисми 1959 йилда, иккинчи қисми эса 1982 йилда хашар йўли билан қурилган ва бу ерда шу вақтгача аҳолига мослаштирилган биноларда тиббий хизмат кўрсатиб келинаётган эди. Бундан бир неча ой олдин 2,5 млрд сўм маблағ эвазига ҳудудий бўлимга барча қулайликларга эга бўлган замонавий бино қуриб берилди”, – дейди А.Абиев.
Нуробод туманидан Самарқанд туманига ўтиб, “Янгижой” МФЙда ташкил этилган маҳалла тиббиёт пункти фаолияти билан танишдик. Дастлаб туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Тўлқин Сувонов аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш бўйича олиб борилаётган ишлар ва келгусидаги истиқболли режалар ҳақида гапириб берди. Туманда яшовчи 260 минг нафардан ортиқроқ аҳолига 412 нафар шифокор ва 1400 нафардан кўпроқ ўрта тиббий ходимлар хизмат кўрсатаётган экан.
Тўлқин Сувоновнинг уқтиришича, бирламчи тиббий-санитария ёрдамини муассасаларидан узоқ масофада жойлашган Янгижой, Ширинобод, Жўйи Аббос, Саховат, Ипакчи ва Дўстлик маҳаллаларида контейнерлар ўрнатилиб, маҳалла тиббиёт пуктлари ташкил этилган. Шунингдек, аҳоли талабидан келиб чиққан ҳолда, қўшимча яна бешта ана шундай пунктлар фаолияти йўлга қўйилди.
Янгижой маҳалласидаги тиббиёт пункти 2400 кишига хизмат кўрсатар экан. Олдинлари аҳоли 10 км узоқликда жойлашган Оҳалик оилавий шифохонасига қатнаган. Тиббиёт пунктида бир нафар оилавий шифокор, 4 нафар ўрта тиббий ходим навбат билан соат 8-00 дан 20-00 гача ишлар экан.
Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, бугунги кунда вилоятда қарийб 12 минг ўринли 40 та шифохона, 16 та кўп тармоқли марказий поликлиника, 62 та оилавий поликлиника, 136 та оилавий шифокорлик пункти, 623 та хусусий клиника, 310 та тез тиббий ёрдам бригадасида 8 842 нафар шифокор ва 29 минг нафар ўрта тиббиёт ходими томонидан аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келинмоқда.
Соҳадаги муҳим ўзгаришлардан бири 210 та маҳаллада тиббиёт пунктлари ташкил этилганлиги бўлди. Натижада 569 мингнафар аҳолига бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш яқинлаштирилди. Шунингдек, оилавий поликлиникаларда аҳолига кўрсатилаётган стационар хизматни яқинлаштириш, фуқароларимизга қулайлик яратиш мақсадида 2 100 ўринли кундузги стационар ўринлари ташкил қилинди. Ҳар 2 минг нафар аҳолига битта маҳалла тиббий бригадалари шакллантирилди. Ҳозирда жами 2020 та маҳалла тиббий бригадалар ташкил этилиб, уларга ҳудудлар бириктирилди ва вазифалар тақсимоти белгиланди.
Тошпўлат Раҳматуллаев,
Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз
Муаллиф ва А.Исроилов туширган суратлар