Президентимиз томонидан жорий йил 28 январда имзоланган “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармонда белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда жазо муддатини ўтаб келаётган маҳкумларга бир қанча енгилликлар яратилмоқда.
Жумладан, Гулистон тумани Чортоқ маҳалласида жойлашган 40-сонли манзил-колонияда жазо муддатини ўтаётган маҳкумларни касбга йўналтириш, уларни озодликка чиққанидан кейин ҳам касб-ҳунарли бўлишлари ва фойдали меҳнат билан шуғулланишларини таъминлаш мақсадида юз нафарга яқин маҳкумлар меҳнат қилиши мумкин бўлган тикувчилик ва пойабзал цехи ташкил этилди.
Мазкур ишлаб чиқариш цехи фойдаланишга топширилди. Лойиҳалар «Guliston shoes» масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилган бўлиб, қиймати 1 миллиард сўмга тенг.
Қайд этилишича, цехда ишлаётган маҳкумларнинг кўпчилиги аввал тикувчилик ва пойабзал ишлаб чиқариш соҳаларида умуман ишламаган бўлса-да, ҳозирги кунда улар ўз ишининг устаси сифатида малакали мутахассисларга айланмоқда. Маҳкумларнинг 30 нафари 1 ойлик ўқув курси бўйича ўқитилиб, уларга ҳунармандчилик йўналишлари бўйича сертификат топширилди.
Тадбир қатнашчилари ишлаб чиқарилган илк маҳсулотлар намуналари, пойабзал ишлаб чиқариш линияси ва тикувчилик цехидаги жараён билан танишди.
Цех очилишида вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев иштирок этди.