Ўзбекистон Аллоҳ томонидан кўплаб табиий бойликлар билан сийланган диёрдир. Аммо бизнинг энг катта бойлигимиз ва қадриятимиз – бу меҳнатсевар халқимиздир. Шу сабабли инсон капиталини ривожлантиришга “тикиш” бизни янада катта марраларга элтиши аниқ. Шу сабабли Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат тамойили ишлаб чиқилди.
Ижтимоий давлат муҳтожларга уй-жой, яшаш учун зарур бўлган истеъмол товарларининг энг кам миқдори белгилаб қўйилишини назарда тутади. У шахс ва унинг оиласи муносиб ҳаёт кечириши учун етадиган иш ҳақи, бандликни таъминлаш, камбағалликни қисқартиришни талаб қилади.
Шу билан бирга, кафолатланган сифатли таълим, малакали тиббий ёрдам, барча учун тенг имкониятлар, оилалар, болалар, аёллар, қариялар, ногиронлиги бор шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳам ижтимоий давлатнинг асосий вазифасидир.
Охирги беш-олти йилда ижтимоий давлатнинг асосий талаблари амалда қўлланилди, “Мономарказ”лар фаолияти йўлга қўйилди, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” тизимлари ташкил этилди. Пенсиялар, мактабгача таълим ва олий таълим қамрови ошди, малакали тиббий хизмат яхшиланди. Умуман олганда, Ўзбекистонни ижтимоий давлат, деб эълон қилишга асослар яратилди.
Хулоса: Бир сўз билан айтганда, ижтимоий давлатда ҳеч ким эътибордан четда қолмайди, ўз муаммолари билан ёлғиз ташлаб қўйилмайди. Шу сабабли Ўзбекистон Конституциясида ўзини ижтимоий давлат сифатида эълон қилмоқда. Албатта бу давлат учун осон бўлмайди, аммо инсон қадри тамойили амалда ишлаши учун мазкур ўзгариш жуда зарур.
Депутат: Гулрух Агзамова
Эксперт: Гулноза Сатторова