Гулистон шаҳрини Фарғона водийси билан боғловчи Гулистон-Қўқон (Тожикистон орқали) вилоятлар, шаҳарлараро йўналишда автобуслар қатнови йўлга қўйилади. Бу ҳақда Сирдарё вилояти Транспорт бошқармаси хабар берди.
Бошқарма мазкур йўналиш бўйича қатновлар қайси санадан бошланишига аниқлик киритмаган, фақат «тез кунларда» дея қайд этган.
Маълум қилинишича, қатновларни ҳар икки тарафдан кунига бир марта амалга ошириш режалаштирилмоқда. Гулистон шаҳридан жўнайдиган автобус «Ховособод» ҳамда Фарғона вилояти яқинидаги «Андархон» чегара божхона постлари орқали Қўқон шаҳрига етиб боради. Йўловчиларда хорижга чиқиш паспорти бўлиши талаб этилади.
Ушбу йўналишнинг масофаси 264,3 километр бўлиб, йўл ҳақи 50 минг сўм атрофида бўлиши кутилмоқда.