Эксперт: Шоҳжаҳон Жўраев: «Голливуд фильмларида кўп кўрганмиз, бирор жиноятчини ушлашса, унинг нега ҳибсга олингани ва қанақа ҳуқуқларга эга эканлиги тушунтирилади. Энг камида “Сиз сукут сақлаш ҳуқуқига эгасиз, ҳар бир айтган сўзингиз судда сизга қарши ишлатилиши мумкин” деган ибора ёдимизда қолган бўлса керак.
Халқимиз кўп бора ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан кимдир қўлга олинганида, у нима учун ушланганини айтишмаслигидан шикоят қилади. Натижада фуқароларнинг ҳуқуқлари қўлган олинган вақтдаёқ хавф остида қолади. Минг афсуски фуқаролар ўз ҳуқуқларини яхши билмагани ва ҳеч ким уларга буни тушунтирмагани учун тергов жараёнларидаги қонунга зид ҳолатларга олиб келади.
Ушбу салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ривожланган давлатларнинг Конституция ва қонунларида акс этган “Миранда қоидаси” институти Ўзбекистон Конституциясига киритилмоқда. Яъни, шахсни ушлаш чоғида унинг ҳуқуқлари ва нима сабабдан ушлангани содда тилда тушунтирилиши шарт».
Хулоса: Шахсни ушлаш чоғида унинг ҳуқуқлари ва ушланиш асослари унга тушунарли тилда тушунтирилиши энг аввало ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг масъулиятини янада кучайтиради, фуқароларнинг эса ҳуқуқий маданияти ошишига сабаб бўлади. Ўз ҳуқуқини билган инсонларга қарши терговда зўравонлик ёки қонунга хилоф ишлар қилиш эҳтимоли кескин камаяди. Конституция даражасида ушбу қоиданинг белгиланиши инсон ҳуқуқлари соҳасида сезиларли даражада кўтарилишга сабаб бўлади.