10 C
Узбекистан
Пятница, 22 ноября, 2024

Анжирзорга сув келди, аммо… Ёхуд нега Обираҳмат ариғининг қуриб қолиш хавфи юзага келди?

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
7,060участниковПодписаться
- Advertisement -

Самарқанднинг машҳур Боғибаланд анжирзори сувсизлик исканжасида эканлиги ҳақидаги мақолам эълон қилинганидан сўнг Обираҳмат ариғига сув келди. Анжирзорни суғориш имкони пайдо бўлди. Кейин билсам, муаммонинг ўта тезликда ҳал бўлишининг сабаби бу эзгу ишда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов бевосита иштирок этганлиги билан боғлиқ экан.

“Боғибаланд анжирлари” фермер хўжалиги раиси Рустам Муинов ҳикоя қилади:

– Ариққа сув келган куни кечаси соат 11 лар атрофида дарвозамиз тақиллади. Очсам, 4-5 киши турган экан. Улардан бири ўзини Фарҳод деб таништирди. Айтишича, вилоятнинг авваллари “облводхоз” деб номланган ташкилоти раҳбари экан (Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Фарҳод Ражабов – муаллиф). Меҳмон “Сув келдими” деб сўради. “Ҳа” деб жавоб бердим. У агар бундай кейин муаммо бўлса, ўзига хабар беришимни тайинлаб, телефон рақамини берди.

Эртаси куни фермер хўжалиги раиси олдига Самарқанд туман ирригация бўлими бошлиғи Алишер Расулов шериклари билан келиб, сув келганлигини тасдиқашини ва улар буни тасвирга олишларини айтган. Р.Муинов билан ишлайдиганлардан бири сув тўла ариқ ва анжир дарахтлари фонида сувчи меҳмонлар ўргатгани бўйича, анжирзорга сув келганлиги учун вилоят ҳокимига миннатдорлик сўзларини айтган. Ушбу саҳнани тасвирга олиб бўлгач, меҳмонлар кетган.

Бундан шу нарса маълум бўлмоқдаки, ирригаторларнинг асосий мақсади вилоят ҳокимининг анжирзорни суғориш бўйича берган кўрсатмаси бажарилганлигини исботлаш бўлган. Улар ҳисобот учун, аниқроғи, бундай вақтда ишлатилиши одат бўлган ибора “шикоятни ёпиш”, яъни Эркинжон Турдимовнинг топшириғи бажарилганлиги ҳақида видеоҳисобот тайёрлаш учун фермер хўжалигига келган.

Амалдорлар кейинги пайтларда шикоятлар ва мурожаатларда кўтарилган муаммоларни ҳал этиш эмас, юқоридан гап эшитмаслик, жазога тортилмаслик учун уларни тезроқ “ёпиш”га асосий эътибор қаратмоқда. Анжирзорни суғориш бўйича муаммо-ку ечилган, аммо ҳал этилмаган муаммолар бўйича тайёрланган ҳисоботлар қанча!

Анжирзорга сув келган, Обираҳмат ариғи тўлиб оқмоқда. Аммо бу қанча вақт давом этади? Ариқнинг қуришига йўл қўйиб бўлмайди. Ахир, бир вақтлар Обираҳмат ариғининг суви муқаддас ва шифобахш саналиб, узоқлардан келиб, сувдан олиб кетишган.

Бобур Мирзо ўзининг ўлмас асари – “Бобурномада” қуйидагиларни ёзади: “Яна Пуштаи Кўҳакнинг доманасида Конигилнинг қора суйининг устидаким, бу сувни Обираҳмат дерлар, бир боғ солибтур. Накши жаҳонға мавсум”. Таъкидланишича, Чўпонота тепалиги ёнида Амир Темур Нақши жаҳон деб аталадиган боғ солган. У Конигил ариғи яқинида бўлган ва бу ариқ Обираҳмат деб ҳам аталган. Самарқандлик тадқиқотчи Талъат Абдуллаев ўзининг 2019 йилда нашр этилган “Самарқанд суви” китобида Обираҳмат ариғи билан боғлиқ қуйидаги ривоятни келтиради.

Соҳибқирон Амир Темур Самарқандда пойтахт ўрнатган кунларнинг бирида бозорни айланиб юрганда, бир мешкобчининг «Оби раҳмат», «шифобахш сув», деб чанқаган кишиларга мешдан сув бераётганини кузатади ва мешкобчини ҳузурига чорлаб, бу сувни қаердан олганини, унинг қандай шифобахшлигини сўрайди. Шунда мешкобчи сувни ариқдан олганини ва унинг шифобахшлигини қуйидагича таърифлайди:

«Бу сув ошқозон, ичак касалликларини даволаш учун ичилади, овқатни ҳазм қилади. Агар киши Оби Раҳмат ариғида чўмилса ва ичса асаб касаллигидан, гулафшон, темиратки, тошқин ва шунга ўхшаш касалликлардан фориғ бўлади», дейди. Амир Темур мешкобчидан ариқ номини нега «Оби Раҳмат» эканлигини сўраганида, мешкобчи шундай жавоб қайтаради: «Бу Оби Раҳмат ариғининг маълум қирқ газлик қисмининг хосиятидандир. Ҳар йилнинг фалон вақтида, ҳафта ўрталарида ёмғир ёғади. Лекин бу ёмғир бошқа ерларда оддий бўлиб, ана шу қирқ газлик ариққа тушадиган ёмғир бошқа хил хосиятлик бўлиб кўкдан «Раҳмат суви» бўлиб ёғади».

Яна шуни уқтириш лозимки, маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар учун аллақачон жозибадор масканлардан бирига айланган Конигил туризм қишлоғи ҳам Обираҳмат ариғи бўйида жойлашган ва айнан унинг суви ёрдамида жаҳонга машҳур Самарқанд қоғози ишлаб чиқарилмоқда.

Нега асрлар давомида бир соат ҳам сувсиз қолмаган ариқ ўтган йилдан бошлаб тез-тез оби ҳаётдан маҳрум этилди? Бунинг қандай сабаблари бор?

Туман ирригация бўлими бошлиғи А.Расулов билан суҳбатимиздан маълум бўлишича, бундан кейин Обираҳмат ариғи эшкак эшиш каналидан насослар орқали олинадиган сув билан таъминланиб турилар экан.

Самарқанд эшкак эшиш канали ҳудудида “Самарқанд туристик маркази” қурилиши давомида Обираҳмат ариғининг ўзани ўзгартирилган. Энди сув канал тўлиб бўлгач, Обираҳмат ариғига ўтади. Каналдан табиий равишда сув чиқмаган пайтда уни насослар билан ариққа оқизиш лозим бўлади. Менимча, бу борада мутахассислар ўз фикрини билдирса яхшироқ бўлар.

Асрлар давомида ўзининг раҳмат сувини ичишга, суғоришга, ишлаб чиқаришга ва ҳатто табобатга сарфлаб келган Обираҳмат ариғининг қуриб кетишига йўл қўймаслик лозим. Афсуски, ҳозирда ана шундай хавф юзага келган. Бу, кўп ҳолларда бўлаётганлиги каби, бевосита одамларнинг ўйламасдан қилаётган амалиёти билан боғлиқ.

Тошпўлат Раҳматуллаев

Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Ўзбекистондаги ислоҳотлар таҳлили ва 2030 йилга мўлжалланган стратегик мақсадлар

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Хакимов Тошкентда бўлиб ўтган халқаро конференцияда Ўзбекистонда сўнгги беш йилда амалга оширилган...

Больше похожих статей

×