2.4 C
Узбекистан
Понедельник, 13 января, 2025

Ўзбекистон Республикaси Бош вaзирининг конституциявий – ҳуқуқий мaқоми

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
7,180участниковПодписаться
- Advertisement -

Ҳар қандай давлатда Президент ёки монарх нафақат давлат бошлиғи, балки ҳар доим ижро ҳокимиятининг бир қисми (боши) бўлганлигини, бу тартиб бугунги кунда ҳам дунёнинг кўплаб мамлакатларида амалда эканлигини инобатга олган ҳолда ва бу муносабатларнинг ривожланиш тенденсиясини ҳисобга олиб, ҳар бир давлат институти ўз функцияларини қайта кўриб чиқиш орқали, мантиқий жиҳатдан фақатгинаўзига хос ва мос муносабатларни тартибга солиши кераклигини даврнинг ўзи кўрсатиб турибди. Бу ўз навбатида ҳокимиятлар бўлиниши принсипига ҳар томонлама ва тўла мос келувчи, ривожланган ҳуқуқий демократик давлат қуриш йўлидан бораётган ҳар бир мамлакат учун муҳим масалалардан бири саналади. Бунда ҳар томонлама кучли ва мустақил ижро ҳокимиятини шакллантириш орқали давлат ўз олдида турган вазифа ва мақсадларини тўла ва моҳирона амалга оширишига кенг имкониятлар яратилади. Янги давлатчиликни шакллантиришда, ижро ҳокимиятини кучайтиришга алоҳида эътибор берилганлиги бежиз эмас, сабаби “Ижро ҳокимияти кучсиз бўлса, унинг фаолиятига бошқа органлар асоссиз аралашаверса, унда қонунлар қоғозда қолиб кетаверади, чунки кучсиз орган ўз вазифасини бажара олмайди”

Маълумки, дунёнинг кўплаб ривожланган демократик давлатлари қаторида Ўзбекистон Республикасининг давлат ҳокимияти тизими ҳам, ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принсипига асосланади. Буни давлатимизнинг бош қонуни бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 11-моддасида, конституциявий тузумнинг асосий тамойилларидан бири сифатида “Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими – ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принсипига асосланади” деб мутаҳкамлаб қўйилганлиги билан ифодалашимиз мумкин. Давлат механизмида ҳокимиятлар бўлиниши тамойилига кўра, ижро этувчи ҳокимият, давлат ҳокимиятининг ўзига хос ва махсус компетенсияга эга ижроия органларининг тизими шаклида намоён бўладиган мустақил тармоғи ҳисобланади. Шу билан бирга, ижро этувчи ҳокимиятнинг ўзига хос энг муҳим хусусияти – бу унинг фаолияти қонунларнинг, қонун чиқарувчи ҳокимият ва давлат раҳбарининг тегишли норматив – ҳуқуқий ҳужжатларини ижросини таъминлаш характерига эгалигида намоён бўлади. Ҳуқуқшунос олим
Ҳ.Т.Одилқориевнинг таъкидлашича, ҳокимиятлар бўлиниши принсипининг қўлланилиши ҳокимиятнинг суиистеъмол қилинишига тўсиқ қўяди, фуқарони мансабдор шахсларнинг тазйиқидан ҳимоя этади, давлат идоралари фаолиятининг самарали бўлишига шароит яратади.

Юқорида санаб ўтилган қатор белги ва хусусиятлардан келиб чиқиб, фанда ижро этувчи ҳокимият тизимига ўзи қабул қилаётган қарорларга тўлиқ масъулият билан жавоб беришга лаёқатли бўлган, мустақил конституциявий-ҳуқуқий институт сифатида марказий ўрин ва ҳал қилувчи рол ажратилади. Шу боис ҳокимиятлар бўлиниши тамойилига мувофиқ, ижро этувчи ҳокимият тушунчаси ва унинг мазмун моҳияти нималардан иборатлиги ҳамда унинг марказий ва олий органи ҳисобланадиган ҳукуматнинг ҳуқуқий мақоми, ўзига хос жиҳатларини илмий мушоҳада қилиш фаннинг олдида турган долзарб масалалардан бири саналади. “Ҳукумат ижро этувчи ҳокимиятнинг ядроси ҳисобланади ва унинг яхлит тизимига бошчилик қилади”.

Жаҳон давлатчилик тажрибасида юқори ижро органи сифатида ҳукумат эътироф этилади. Жаҳондаги айрим мамлакатларда ижро ҳокимияти Президент томонидан амлага оширилса, (масалан: АҚШ, Бразилия, Мексика, Колумбия ва кўпгина Лотин Америкаси давлатларида), айрим мамлакатларда фақат ҳукумат томонидан амалга оширилади (масалан: Россия, Франсия, Греция, Хорватия, Португалия) бунда Президент давлат ҳокимияти органларининг нормал фаолият юритишини таъминлайдиган институт сифатида гавдаланади. Ҳукумат атамаси юқори ижро органига нисбатан ишлатиладиган атама бўлиб, ҳукумат турли мамлакатларда турли номлар билан аталади, масалан: Вазирлар Кенгаши, Давлат Кенгаши, Вазирлар Маҳкамаси ёки тўғридан тўғри ҳукумат деб аталиши мумкин. Унинг бошлиқларининг номи ҳам турли хил: Ҳукумат раиси (Испания), Бош вазир (Россия, Франсия), Вазирлар Кенгаши Раиси (Италия), Давлат Кенгаши Раиси (Хитой), Канслер ёки Федерал Канслер (Германия Федератив Республикаси), Раис вазир (Болгария) ва ҳоказо. Аммо барча мамлакатларда ҳукумат коллегиал орган сифатида иш юритади. Жаҳон тажрибасидан маълумки, “Кучли ижроия ҳокимияти бўлмаса, ҳатто энг демократик йўл билан қабул қилинган қарорлар ҳам бажарилмаслиги мумкин”. Амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самараси, аввало, амалдаги ва янги қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг қай тарзда ижро этилишига боғлиқдир.

Конституцияда Бош вазирнинг Вазирлар Маҳкамасининг иши самарали бўлиши учун шахсан жавобгар бўлиши кўрсатиб қўйилган. Шунингдек, Конституцияда яна Бош вазир Ўзбекистон Республикаси қонунларида, Президент фармонларида, қарорлари ва фармойишларида назарда тутилган бошқа вазифаларни ҳам бажариши белгиланган.

2019 йил 10 декабрда янги таҳрирда қабул қилинган, “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Қонуннинг 21-моддасида Бош вазирнинг ваколат, вазифа ва мажбуриятлари қуйидагича белгиланган:

  • Вазирлар Маҳкамасининг фаолиятини ташкил этади ва унга раҳбарлик қилади, унинг самарали ишлаши учун шахсан жавобгар бўлади;
  • Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати олдига қўйилган мақсадли вазифаларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида вазирликлар, давлат қўмиталари ва бошқа давлат бошқаруви органлари фаолиятини умумий тарзда мувофиқлаштиришни амалга оширади, юзага келган келишмовчиликлар бўйича қарорлар қабул қилади;
  • Вазирлар Маҳкамасининг мажлисларида раислик қилади, унинг қарорларини имзолайди;
  • халқаро муносабатларда Вазирлар Маҳкамаси номидан иш кўради, музокаралар олиб боради ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан халқаро шартномаларни имзолайди;
  • Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда Бош вазир ўринбосарлари ўртасида вазифаларни тақсимлайди;
  • давлат ва хўжалик бошқарувининг Вазирлар Маҳкамаси мажлисида кўриб чиқиш талаб этилмайдиган масалалари бўйича қарорлар қабул қилади;
  • Ўзбекистон Республикаси Президентига вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларини лавозимга тайинлаш ҳамда лавозимидан озод этиш тўғрисида тақдимномалар киритади;
  • Вазирлар Маҳкамасининг ўтган йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунлари ва навбатдаги йил учун асосий устуворликлар тўғрисидаги ҳар йилги маърузасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига тақдим этади;
  • Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати аъзолари билан биргаликда ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасидан келиб чиқадиган, тегишли йилга мўлжалланган давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисида ҳисобот тақдим этади;
  • Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодлар Қонунчилик палатаси томонидан маъқулланганидан кейин бу номзодларни Ўзбекистон Республикаси Президентига тақдим этади;
  • Ўзбекистон Республикаси қонунларида назарда тутилган бошқа вазифаларни бажаради.

Бош вазир ўз ваколатларига кирувчи масалалар юзасидан фармойишлар чиқаради. Бош вазир Вазирлар Маҳкамасининг иши тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига мунтазам равишда ахборот бериб боради.

Мамлакатимизда давлат ҳокимияти ва бошқаруви соҳасида олиб борилаётган босқичма-босқич ислоҳотлар натижасида, Бош вазир ва Вазирлар Маҳкамасининг роли ва мавқейининг мустаҳкамланиши, ваколатлари доирасининг, масъулиятининг кучайишига олиб келмоқда. Бу ижобий ҳолат, чунки давлат сиёсатини амалга оширувчи асосий орган сифатида Ҳукумат доим давлат ҳокимияти тизимининг марказида бўлиши керак, зеро бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳокимиятлар бўлиниши тизимининг муҳим элементи бўлиб, ўзининг таркиби, шакллантирилиш тартиби, ваколатлари доираси ва фаолиятининг ўзига хос хусусиятларига кўра ижро ҳокимиятининг умумий ваколатли коллегиал органи бўлиб, мазкур ҳокимият органлари иерархиясининг энг юқори поғонасида туради. Ҳукумат ўз фаолиятининг хусусиятига кўра, миллий давлатчиликни шакллантириш ва мустаҳкамлашда, шунингдек мамлакатнинг иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, маданий ва маърифий жиҳатдан юксалишида, республика хавфсизлиги ва мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашда бевосита ва асосий роллардан бири сифатида иштирок этувчи давлат механизмининг ядроси эканлигини қайд этиш лозим.

Рано AСАМОВА
Яккасарой туман юридик хизмат кўрсатиш маркази бошлиғи

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

2024-йилнинг январ-сентябрь ойлари учун ҳудудлар саноатининг рақобат устунлиги рейтинги ишлаб чиқилди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари томонидан 2024-йилнинг январ-сентябрь ойлари учун ҳудудлар саноатининг...

Больше похожих статей

×