Бугун юртимиз “Тез ёрдам” хизматида бутунлай янгича тизим яратилмоқда. Тиббиётнинг энг муҳим йўналиши бўлган мазкур соҳа малакали кадрлар, замонавий тиббий жиҳозлар ҳамда зарур автотранспорт воситалари билан таъминланяпти.
Бироқ ҳар бир сония қадри олтинга тенг бўлган ушбу тизимда чақирув манзилига ўз вақтида етиб бора олмаслик ҳолатлари ҳануз учрамоқда. Бунга асосий сабаб сифатида эса фуқаролар томонидан бўладиган ёлғон чақириқларни келтириш мумкин.
📌 Рақамларга мурожаат қилсак, 2022 йилнинг ўтган олти ойи давомида Республика тез тиббий ёрдам хизматига келиб тушган 2727 та мурожаат ёлғон чақириқ деб баҳоланган.
✅ Тўғри, аҳолимизнинг тиббий саводхонлиги, шахсий масъулияти ортиб бориши натижасида бу рақамлар йилдан йилга камайиб бормоқда. Хусусан, юқоридаги кўрсаткични ўтган йилнинг айни шу даври билан таққосласак, қарийб 525 тага кам эканини кўриш мумкин.
— Сир эмас, бугунги кунда тиббиёт ходимлари коронавирус инфекциясига чалинган беморлар саломатлигини тиклаш ва уларни ушбу хавфли касалликдан ҳимоя қилишда катта жонбозлик кўрсатмоқда, — дейди Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси Call-маркази бўлим бошлиғи Насиба Маҳмудова.
— Айниқса, бу жараёнда тез тиббий ёрдам хизмат бригадаларининг ўрни беқиёс.
❗️Аммо “Тез ёрдам”га ҳар қачонгидан-да талаб юқори бўлган бугунги пандемия даврида асоссиз ва ёлғон чақириқлар унинг фаолиятига соя солади.
📌 Таҳлиллар шуни кўрсатадики, жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида энг кўп ёлғон чақириқ Тошкент вилоятида қайд этилиб, бу рақам 616 тани ташкил этди. Кейинги ўринда 394 та чақириқ билан Қашқадарё вилояти жойлашган.
Шунингдек, Фарғона вилоятидан 391 та, Навоий вилоятидан 372 та ҳамда Тошкент шаҳридан 320 та ана шундай мурожаат келиб тушган.