Мен Қорақалпоғистонда иш юзасидан бир неча бор хизмат сафарида бўлганман. Қорақалпоғистон ҳукумати раисининг собиқ ўринбосари Атаулла Худойбергенович Асанов билан дўст эдик. Шаҳар ва туманларда бўлиб, ажойиб одамлар билан танишганман ва менда бу халқ ҳақида меҳмондўст, ширинсухан, одамшаванда халқ сифатида таассурот қолган…Бир пайтлар, Ўзбекистонга чорак аср раҳбарлик қилган, ўзбек халқининг асл фарзанди Шароф Рашидов Қорақалпоғистон раҳбари Қаллибек Камолов билан қуда бўлишган эди… Ўз вақтида мен Қорақалпоғистонда раҳбар лавозимларда фаолият кўрсатишган Ориф Алимов, Дамир Ёдгоров, генерал Мурод Шералиев, Жўра Хоназаров ва бошқалар билан суҳбатлашганимизда улар доим қорақалпоқлар тўғрисида кўтаринки руҳ билан сўзлаб, ўз мамнунликларини билдирар эдилар. Шунинг учун мен яқинда Нукусда бўлган воқеаларни эшитиб ёқа ушладим…
Яқинда Тошкент вилояти ҳокими Зоирхон ака Мирзаев шу минтақага 32 миллиард сўм ёрдам пули ажратган эдилар, яна қўлдан келганча бошқа йўллар билан қорақалпоқларга кўмак бериш ҳаракатидалар. У киши ҳам бу Нукусдаги тартибсизликларни эшитиб: “Қорақалпоқ халқининг табиатига мос келмайдиган ҳодиса”, — деб муносабат билдирдилар ва сўзларини давом эттириб: “Биз ўз тақдиримиз ва келажагимизни ягона давлат, ягона халқ ўлароқ бир тан-у бир жон бўлиб яшаб келган Қорақалпоғистон ва унинг азм-у шижоатли, мард ва олийжаноб халқи билан бирга кўрамиз”, — дедилар.
Ўзбекистон муфтийси Нуриддин Холиқназаров Маккада туриб, қорақалпоқ халқини дуо қилганлари ҳақида хабар келди…
Шуларни ўйлар эканман, ушбу Қурбон ҳайити арафасида, бир пайтлар Чирчиқ шаҳар ёшларини етакчиси бўлган, ҳаёт бўлганида 80 ёшни қоралаб қолиши мумкин бўлган Шомил Бобоевни эслайман. Шаҳар комсомол қўмитасининг биринчи котиби сифатида у ўз сафдошлари Валерий Лозицкий, Озод Соипов ва бошқалар билан бирга байналмилал тарбияга катта эътибор берар эди. Зеро, Чирчиқда ўнлаб миллат вакиллари аҳил иноқ яшаб келмоқдалар. Шомил Бобоев “Биз-ватанпарвар-байналмилалчилармиз” деган иборани кўп ишлатар эди. Ўз пайтида – ўтган аср 70-йилларида шаҳарда шу ном билан кўтаринки руҳда ёшлар фестивали ўтказилган ва барча иштирокчиларда катта таассурот қолдирган.
Шаҳар раҳбарларидан бири бўлган Нина Кирилловна Савченко ва бошқа фаоллар билан биргаликда у Чирчиққа киришда, янаги йил 100 йиллиги нишонланадиган улуғ авар шоири Расул Ғамзатовнинг “Турналар” қўшиғини ёд этиб мемориал комплекс яратиш ташаббуси билан чиққан. Бу жой 70-йиллардан бошлаб чирчиқликларни севимли масканига айланиб қолди. Ўйлаб кўрсак, Расул Ғамзатовнинг юрти Доғистон қайдаю, Ўзбекистон қайда. Лекин дўстлик, байналмилал туйғулар барчани бирлаштиради…Ўз вақтида шаҳар комсомол ташкилоти, фаоллиги учун, ўша вақтнинг нуфузли ордени билан мукофотланиб, унинг тасвири шаҳар киришига ўрнатилган эди. Ўзини фаол, яхши ташкилотчи сифатида кўрсатган Ш.Бобоев, кейинчалик Тошкент вилояти ёшларига етакчи этиб сайланди, бошқа нуфузли ташкилотларда ҳам моҳир раҳбар сифатида намоён этди…
Шомил Бобоевни байналмилалчилика қаратилган ишларини эслар эканман, Нукусда бўлиб ўтган воқеаларни ўйлайман… Байналмилал тарбия, халқлар дўстлиги масалаларига эътиборни кучайтириш лозим деб ўйлайман. Ҳамма бир ота бир онадан тарқалганлиги ҳақидаги ҳақиқатни барчага уқтириб бориш лозим… Давлатимиз раҳбари Ш.М.Мирзиёев бошчилигида барча ишлар албатта, тартибга келиб, ҳаёт ўз ўзанига тушиб олади…
Бутун жаҳон, шу жумладан бизнинг меҳнатсевар, жафокаш, олижаноб халқимиз ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев бошчилигида мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан ўзгаришларни, барча соҳадаги ислоҳотларни ҳайрат билан кўриб, маъқулламоқда. Бу тасодиф эмас. Зеро, атоқли давлат ва жамоат арбоби, академик О.У.Салимов таъбири билан айтганда, Президентимиз икки марта ўзбек халқининг асл фарзанди Шароф Рашидович Рашидов билан учрашган бўлиб, “назаркарда” мақомидаги давлат раҳбаридир. Ш.Р.Рашидов ёш Ш.М.Мирзиёевни дуо қилиб, унга ҳаётда оқ йўл тилаган. Шавкат Миромонович халқимиз, мамлакатимизга донолик билан раҳбарлик қилмоқда. Шундай бўлиши керак-да. Ахир у киши Амир Темур, Бобур, ўнлаб бошқа халқимиз етакчилари бўлган даҳоларнинг елкасида турибди. Шунинг учун улардан кўра кўпроқ нарсани билади ва узоқроқни кўра олади.
Президент раҳбарлигида бугунги кунда Янги Ўзбекистон қурилмоқда, III Ренессанс асослари яратилмоқда. Ҳозир Йўлбошчимиз ташаббуси билан мамлакатимизда Конституцияга ўзгартишлар киритиш бўйича, катта иш олиб борилмоқда, ўн минглаб таклифлар киритилмоқда. Президент лавозими бўйича ҳам кўплаб таклифлар тушмоқда. Давлатимиз раҳбари Шавкат Миромонович Мирзиёев айни пайтда кўплаб ташаббуслар билан чиқиб, Янги Ўзбекистонни қуриш, III Ренессанс асосларини яратиш каби, улкан ишларга бош-қош бўлиб турибди.
Ўйлаймизки, Конституцияга тегишли ўзгартиришларни киритиб, у кишига яна Президент сайловларида иштирок этиб, бошлаб қўйган улуғ ишларни ўзлари бош бўлиб, давом эттиришлари учун имконият яратиб бериш лозим. Ўйлаймизки, Конституцияга ўзгартишлар киритиш бўйича барча таклифлар умумлаштирилиб, референдум муваффақиятли ўтади ва тегишли муолажалардан сўнг биз янги Конституцияга эга бўламиз. Яъни, Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида Янги Ўзбекистонга – Янги Конституция билан кириб борамиз. Барчамизга шу улуғ кун насиб этсин.
Носир Тоиров
Ўзбекистон журналистлар уюшмасининг аъзоси