18 C
Узбекистан
Воскресенье, 22 сентября, 2024

Конституциявий ўзгаришлар  жараёнида оилавий муносабатлар масаласи 

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
6,820участниковПодписаться
- Advertisement -

Жамиятда оилавий муносабатлар нисбатан мустақил ҳодиса саналсада, жамиятдаги мавжуд ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий муносабатлар билан белгиланади ва улар таъсирида ўзгариб боради.

Мамлакатимизда оила масаласига давлат сиёсатининг устувор вазифаси сифатида қаралади. Буни, бош қомусимиз бўлмиш — Ўзбекистон Республикаси Конституциясида оилага алоҳида (XIV боб. Оила) боб ажратилганида ҳам кўриш мумкин. Жаҳонда Ўзбекистон Республикаси Конституциясидан фарқли ўлароқ кўплаб давлатлар ўз конституцияларида оила масаласига қисман ўрин ажратган бўлсада, унга алоҳида боб ажратилгани бугунги кунгача тажрибада кузатилмаган. Мазкур ёндашувнинг ўзи Конституциямиз (63-модда)да оилага “жамиятнинг асосий бўғини” статуси ҳамда “жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқи” бежиз берилмаганини кўрсатади.

Оила масаласида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг яна бир ўзига хос жиҳати, унда оилавий муносабатлар, яъни ота-она ва фарзандлар ўртасидаги муносабатларда ҳар икки томон манфаат ва мажбуриятларини инобатга олинганидир. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддасида “Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар” дейилса, 66-моддасида “Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар” дейилади.

Конституциямизда ота-она ва фарзандлар ўртасидаги муносабатларда ҳар икки томоннинг манфаат ва мажбуриятларига бежиз тенг равишда эътибор қаратилмаган. Чунки, бундан қарийб йигирма етти аср олдин яшаган юнон олими Платон (м.а. 428-347) ҳам ўзининг “Қонунлар” асарида мазкур муаммога эътибор қаратган холда “офат, бало фақат ярим бўлса, — масалан, қачонки ота ёмон эмас, ўғил эса ёмон ёки аксинча бўлса, — у ҳолда катта бахтсизликлар рўй бермайди” дея, оилавий муносабатларда “бутун бало, офат” яъни, ҳар икки томон ҳам ўз мажбуриятларини тенг равишда бажармаслиги ўта хавфли эканига урғу беради.

Юқорида айтилганидек, мазкур масала Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64- ва 66-моддаларида ота-она ва фарзандлар ўртасидаги муносабатларда ҳар икки томоннинг манфаат ва мажбуриятларига тенг равишда эътибор қаратилиш орқали ўз ечимини топган. Ушбу ёндашувни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси моддаларида акс этиши Конститутция қабул қилинган санадан бошлаб ота-она ва фарзандлар ўртасидаги мажбуриятлар ахлоқий нормалар доирасидан чиқиб, Конституциявий мажбуриятга айланганидан далолат беради. Бу холат муҳтож ва меҳнатга лаёқатсиз ота-оналар ғамҳўрлик қилмагани учун фарзандлардан алимент ундириш ва айни вақтда фарзандлар ҳам (вояга еткунларига қадар) ота-оналаридан алимент олиш учун судга даъво аризаси билан мурожаат этишлари мумкинлигини билдиради.

Шу ўринда айтиш лозимки, Конституциямизда оилага оид масалаларда ноаниқ тушунча ҳам мавжуд бўлиб, бу 63-модданинг иккинчи “Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади” қисмида келтирилган “томонларнинг” жумласидир. Таъкидлаш керакки, мазкур ўринда ушбу жумла ўзининг функционал маъносини очиб бера олмаган, маъно ноаниқ қолиб кетган. Бизнингча, мазкур жумла ўрнида “икки қарама-қарши жинс вакилининг” ёки “аёл ва эркак жинсидаги шахсларнинг” жумлаларини қўллаш ноаниқликни бартараф этилишига олиб келади. Бу ўзгариш қонун ва қонун ости хужжатларида ҳуқуқий атамаларнинг аниқ қўлланилиши таъминлаб, ижтимоий ҳаётда менталитетимизга ёт бўлган турли ахлоқсиз харакатларни жамиятнинг асосий бўғини бўлган оилага салбий таъсир этишининг олдини олади.

Жорий йилнинг 20 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан ўтказилган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан бош қомусимизда оила институтининг конституциявий асосларини ривожлантириш мақсадида “оила аёл ва эркакнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилиги асосида шаклланиши” тўғрисида таклиф билдириши ҳам мазкур масалани жиддий аҳамиятга эга эканлигидан далолат беради.

Албатта, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси оилани жамият ва давлат муҳофазасига олган камёб конституциялардан бири ҳисобланади. Буни оилага “жамиятнинг асосий бўғини” статуси, “жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқи” берилганида, оилавий муносабатларда ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг ижтимоий адолати таъминлагани ва бошқа кўплаб имкониятлар берилганида кўриш мумкин.

Ижтимоий ҳаёт изчил ва тўхтовсиз ривожланишда давом этади. Мазкур жараёнда ҳар бир миллат ўз тараққиёти асосларини сақлаши, уларни янги даврда пайдо бўлаётган муаммо ва таҳдидлардан муҳофаза қилиши табиий жараён бўлиб, мамлакат Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳам мазкур жараённинг бир қисми ҳисобланади.

Давлатжон МАМАТҚУЛОВ

Жамоат хавсизлиги университетини педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Ҳиндистон шахмат Олимпиадасида Ўзбекистон билан ўйнаб, очко йўқотди

Шахмат Олимпиадасининг 9-турида дастлабки икки поғонани эгаллаб турган Ҳиндистон ва Ўзбекистон гроссмейстерлари ўзаро куч синашди. Олимпиаданинг энг муросасиз баҳсида тўртала...

Больше похожих статей

×