26.9 C
Узбекистан
Суббота, 21 сентября, 2024

Ички ишлар органи ходимларининг жамиятда нуфузуни ошириш йўлида қилинадиган вазифалар устида сўз юритилди

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
6,820участниковПодписаться
- Advertisement -

Самарқандда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Раҳмат Маматов иштирокида ички ишлар органларини халқнинг ишончли ҳимоячиси сифатида халқчил, профессионал тузилмага айлантириш ҳамда аҳоли билан мақсадли ишлашга йўналтириш борасида олиб борилаётган ишлар юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.

Анжуман аввалидаёқ Р.Маматов мулоқот очиқ бўлишини, анъанавий маърузадан воз кечишини, журналист ва блогерлар ҳамда кенг жамоатчиликни ўйлантираётган муаммолар бўйича барча саволларга жавоб беришини таъкидлади. Ҳатто кўпчилик маърузачилар учун одатий бўлган тартибдан воз кечиб, жорий йилнинг ўтган ойлари давомида содир этилган жиноятлар ҳақида ҳам факт ва рақамлар келтирмади.

Барча статистика маълумотлари анча самарали фаолият юргизаётган вилоят ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати томонидан тайёрланган матбуот хабарномасида берилган эди. Унда қайд этилишича, ўтаётган йилнинг тўрт ойи давомида вилоят ҳудудида 2242 та жиноят, жиноят қидирув соҳасида эса 1358 та жиноят содир этилган. Жиноятларнинг 231 тасини гиёҳвандлик, 7 тасини одам савдоси, 11 тасини қимор ўйинлари, 16 тасини ноқонуний қурол сақлаш, 57 тасини фоҳишахона сақлаш, 62 тасини пора олди-берди жиноятлари ташкил этган.

Жиноятларнинг 95,5 фоизи фош этилиб, қидирувдаги шахсларнинг 116 нафари ушланган. Вилоятдаги 1126 та маҳалладан 781 тасида (69,4%) жиноят содир этилмаган ва улар “яшил» тоифага киритилган.

Матбуот анжумани икки ярим соат давом этди. Тадбир журналист ва блогерларда савол тугамаганича тўхтатилмади, унда модераторлик қилган бошқарма матбуот хизмати раҳбари Жаҳонгир Саъдуллаев “бу охирги савол” деб ҳеч кимни тўхтатиб қолмади, “қитмир” саволлардан бошлиғини “ҳимоялаш”га интилмади. Шунга кўра, анжуманда тилга олинган барча масалалар ҳақида ушбу ҳисоботда маълумот келтирмасдан, улардан айримларини тилга олиш билан чекланаман.

ИИБ бошлиғи ички ишлар идоралари ҳамда оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳим эканлигини уқтириб, “аслида мақсад битта: халқимизга хизмат қилиш”, деди. Ўз бурчини унутган, аҳоли вакилларига нописандлик билан қарайдиган ходимлар, жамоатчилик мурожаатларига эътибор қаратмайдиган раҳбарларга тизимда ўрин йўқлигини таъкидлаб, Р.Маматов ўтган беш ой мобайнида 11 нафар профилактика инспектори ички ишлар тизимидан ишдан бўшатилган, 10 нафардан ортиғига интизомий жазо чораси қўлланилганлигини қайд этди. Куни-кеча фуқаролар мурожаатига эътиборсиз бўлгани учун бир масъул ходим вазифасидан озод этилган.

Журналистлар ИИБ бошлиғига шу куннинг муҳим масалалари бўйича саволлар беришди. Жумладан, камина Самарқанд шаҳрининг марказий кўчаларига асфальт ётқизиб бўлинганидан сўнг уч-тўрт кун, ҳатто ҳафта ўтиб ҳам очилмаётгани, барча маҳаллаларга ҳам профилактика инспектори тайинланмаганлиги, ОАВда эълон қилинган ва ички ишлар органи текширув ўтказиб, жавоб бериши лозим бўлган айрим хабарлар эътиборсиз қолаётганлиги ҳақида саволлар бердим.

Авваллари Давлат автоинспекцияси, ҳозирги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати маҳаллий ҳокимият, яъни ўша вақтдаги шаҳар ижроия қўмитасининг йўлларда автомобиль ҳаракатини тақиқлаш бўйича киритган таклифини пухта ўрганиб чиқарди. Биринчи навбатда, йўлни ёпиш бошқа йўналишларда тирбандликни ҳосил қилмаслиги, пиёдалар учун қийинчилик тууғдирмаслиги, ҳаракат хавфсизлигига зид бўлмаслигини инобатга оларди. Агар ушбу талаблар бузиладиган бўлса, йўлни ёпишга рухсат бермасди.

Ҳозирда шаҳар ҳокимлиги йўлсозлар ёки тепароқдан турганлар кўрсатмасини тўғридан тўғри ЙҲХБга етказади ва улар “катталар” айтганини ўша заҳотиёқ “есть” қилади. Бунга май ойининг охири ва июннинг бошларида Самарқанддаги Усто Умар Жўрақулов ҳамда Ибн Сино, Академик Воҳид Абдуллаев кўчаларида бир неча кун давомида автомобиль ҳаракати тақиқлаб қўйилганлини ва бу аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлганлиги мисол бўла олади.

Ушбу масалага мунособат билдириб, полковник Р.Маматов ЙҲХБ бошқармаси бошлиғига бундан кейин йўлларда автомобиль ҳаракатини чеклаш билан боғлиқ ишларни амалга оширишда аҳоли манфаатини ҳисобга олиш лозимлигини тайинлади.   

Нега олти ойдан бери Боғимайдон маҳалласига участка инспектори тайинламаганлиги ҳақидаги саволга қуйидагича жавоб берилди. 21 июнда ИИВ академиясининг битирувчилари Самарқандга ишга келади. Уларни ишга жойлаштириш мақсадида айрим вакант иш жойлари ушлаб турилган эди. ИИБ бошлиғи масъул ходимга 22 июнда буйруқ чиқариб, янги тайинланган участка инспекторини маҳаллага олиб бориб таништириш вазифасини топширди. 

“Фавқулодда ёнғинни олдини олиш” МЧЖ ходимлари маҳаллаларда юриб, хизмат кўрсатамиз деб, пул тераётганлиги ҳақида ижтимоий тармоқларда ёзганимга икки ойдан ошди. Прокуратура, ИИБ, Фавқулотда вазиятлар бошқармасига МЧЖ ходимлари ўт ўчирувчилар махсус хизмат кийимида юриши мумкинми, деган савол билан мурожаат қилган эдим ҳамда улар диққатини МЧЖ ходимларидан бирининг гувоҳномаси Самарқанд вилоятида берилган деб кўрсатилганлигига қарамасдан муҳрда Сирдарё вилояти кўрсатилганлигига эътибор қаратилишини сўраган эдим. Бу саволимга жавобан Р.Маматов масала тезда ўрганиб чиқилишини таъкидлади.

Матбуот анжумани давомида жамиятимизда ички ишлар органи (ИИО) ходимларининг нуфузуни ошириш йўлида қилиниши лозим бўлган вазифалар муҳокамасига катта ўрин берилди. Бунинг учун аҳолининг фаол вакилларидан иборат жамоатчилик кенгаши тузиш таклифини ИИБ бошлиғи қўллаб-қувватлади.

ИИО ходимлари имиджини ошириш кўп жиҳатдан уларнинг ўзига боғлиқлиги ва биринчи навбатда уларнинг фуқаролар билан ишлашда муомала маданиятини ошириши муҳимлиги таъкидланди. Шу вақтгача ушбу йўлда амалга оширилаётган ишлар кўнгилдагидек натижа бермаганлиги боис бошқача йўл тутиш лозимлиги кундек равшан бўлиб қолган. Яқинда ходимлар муомала маданиятига бағишланган қўлланма ишлаб чиқилганлиги ва турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилиши уқтирилди.

Полковник Р.Маматов фуқароларга қўполлик қилган ходимларга тизимда жой йўқлигини таъкидлар экан бу йўналишдаги ишлар доимо эътиборида бўлишини қайд қилиб ўтди.

Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз
Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Ҳиндистон шахмат Олимпиадасида Ўзбекистон билан ўйнаб, очко йўқотди

Шахмат Олимпиадасининг 9-турида дастлабки икки поғонани эгаллаб турган Ҳиндистон ва Ўзбекистон гроссмейстерлари ўзаро куч синашди. Олимпиаданинг энг муросасиз баҳсида тўртала...

Больше похожих статей

×