27.4 C
Узбекистан
Суббота, 4 мая, 2024

Ўзбeкистон тарихини ким бошқармоқчи бўляпти?

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
6,290участниковПодписаться
- Advertisement -

Австриялик ҳамкасбларимдан бири Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институтида сўнгги икки йил ичида нашр этилган ишларни ва, айниқса, “Ўзбекистон Республикасида тарих фани соҳасини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси”нинг муҳокамага қўйилган лойиҳасини кўздан кечирар экан, афсус билан деди: “Сизлар яна таълимни ташкил этишнинг советча, эскирган тамойилларига қайтяпсизлар. Тарихий тадқиқотларингизни ўз қўлларингиз билан йўққа чиқаряпсизлар! Тарих институтингиз эса бир неча йил ичида етук мутахассисларини йўқотиб, илмиймонанд қолоқ совет муассасасига ўхшаб қолди …”.

Бундай ҳукмга яқин хулосани кутганим учун ҳам индамай қўйдим. Тарих институти ҳақида бундай ҳукмни ўнлаб ҳамкасбларим (тарихчилар, шарқшунослар ва бошқа гуманитар фанлар мутахассислари) ҳам чиқаришган. Яқинда Олий Мажлис Юқори палатасининг сенатори, ҳурматли A.Ҳ. Зиёевнинг чиқиши акс этган видеороликка кўзим тушганида мени яна маҳзун хаёллар чулғаб олди.

Ўз чиқишида A.Ҳ. Зиёев таълим тизимини танқид қилиб, унинг совет услубида қолаётганига, бизнинг тарихимизга етарли эътибор бермай, бошқа давлатлар тарихига ортиқча эътибор қаратаётганига ишонтирмоқчи бўлди.

Мен ҳурматли A.Ҳ. Зиёев раҳбарлик қилаётган Тарих институтида ҳақиқатга айланган ва ҳамкасблар, жумладан, хорижлик касбдошларнинг танқидига сабаб бўлаётган номақбул хатти-ҳаракатлар ҳамда «ғоялар»ни ҳам кўрсатиб ўтган ҳолда, унинг сўзларига эътироз билдиришга ҳаракат қиламан.

Аввало, ҳурматли депутатнинг ўзи ва унинг ҳамкасбларининг асосий қисми ўша совет таълимининг маҳсули эканини эслатиб ўтаман. Собиқ тузум таълимининг камчиликлари ҳам бор эди, албатта, лекин у бир қанча фан гигантларини етиштирган, хусусан, Ўзбекистонда ҳам (ижтимоий фанлар соҳасидаги ютуқлар билан танишиш учун академик А. Сагдуллаевнинг тилга олинган «Концепция» ҳақидаги қатор танқидий фикрлари келтирилган мақоласига қаранг). Ушбу таълим жаноб A.Ҳ.Зиёевнинг ўзига қандай таъсир қилганига қуйида тўхталаман.

Иккинчидан, мактабларимиздаги дарсликлар танқиди борасида муҳтарам депутат, юмшоқ қилиб айтганда, ноҳақ, ва афсуски, эскирган маълумотларга таянгани сабаб, вазиятни яхши билмайди. Яқинда хизмат тақозоси туфайли ўрта мактаб ва олий ўқув юртлари дарсликларини, айниқса, ижтимоий фанларни ўрганиб чиқишимга тўғри келди. Ватан тарихи, динлар тарихи, бошқа мамлакатлар тарихини ўрганиш масалалари кейинги йилларда ижобий томонга анча ўзгарди, бу эса сўнгги йиллардаги ислоҳотлар билан боғлиқ. Бироқ бу соҳада муҳокама қилиниши керак бўлган бошқа ва муҳимроқ муаммолар мавжуд. Аммо бу тамоман бошқа масала.

Жаноб А.Ҳ. Зиёев ўз нутқида таъкидлашича, дунё мамлакатларида мактаблар учун тузиладиган махсус дарсликлар гўё бошқа мамлакатлар тарихига эмас, балки фақат ўзининг миллий тарихига эътибор қаратар эмиш. Бу янглиш фикр бўлиб, бу хатони жаноб А.Ҳ. Зиёев, афтидан, совет даври тажрибасидан келиб чиқиб қилган. Мен АҚШ ва айрим Европа (шу жумладан қизим таҳсил олган) мамлакатлардаги замонавий дарсликларни кўриб чиқиш имконига эга бўлганман. Улар ўзига хос, бизнинг «тарих» ҳақидаги тушунчамизга (дарвоқе, асосан айнан советча тушунча) тўғри келмайди, географик фанлар билан аралашган, лекин охир-оқибат улар жаҳон тарихи бўйича бошланғич билимларни беради. Табиийки, қисқа шаклда, чунки мактаб ўқувчилари учун умумий дарсликлар доирасида ҳамма нарсани қамраб олиш ва тушунтириш қийин.

Учинчидан, мазкур видеолавхада A.Ҳ. Зиёев Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги раҳбарияти билан келиша олмаганидан, унга ва унинг «мутахассислари»га ижтимоий фанлар дарсликларини ислоҳ қилишга рухсат беришмаганидан шикоят қилган эди. Кейинги пайтлар A.Ҳ. Зиёевнинг таклифларини кузатар эканман, айниқса, у кишининг яратиғи – юқорида тилга олинган «Концепция»ни қайта-қайта ўқир эканман, унинг Тарих институти ва тарих фанлари учун салбий оқибатларга олиб келган ташкилотчилик фаолиятини ҳисобга олиб, вазирлик раҳбарияти тўғри йўл тутибди, деган фикрдаман.

Гап нимадалигини тушунтиришга ҳаракат қиламан. Келинг, мазкур “Тарих фанларини ривожлантириш концепцияси”дан бошлайлик. Унда талай камчиликлар мавжуд (чамаси, тузувчиларнинг нопрофессионаллиги ва жаҳон тажрибаси ҳақидаги билимлардан бехабарлиги таъсир кўрсатган). Бу камчиликларни ўнлаб ҳамкасблар қайд этиб, Тарих институтига мурожаат йўллашди, аммо бари бефойда кетган кўринади.

«Концепция»нинг асосий ғояси шундан иборатки, барча мавзулар, уларнинг долзарблиги ва «яроқлилиги» «Кенгаш» томонидан белгиланиши керак. Кенгашга ғоя ташаббускорининг ўзи раҳбарлик қилмоқчи бўлса керак ҳойнаҳой. Боз устига, «Кенгаш»нинг “таянч муассасаси” Республика олий ўқув юртларида ўқув жараёни ва ўқитиш услубларига ҳам таъсир кўрсатиш ҳуқуқи билан Тарих институти бўлиши керак экан.

Доктор Д.Ш. Дутураева Daryo.uz ахборот порталига берган интервьюсида тўғри таъкидланганидек: “Демак, бутун бир фан соҳаси бир гуруҳ томонидан бошқарилиши таклиф қилинмоқда. Яъни, тарихчиларимиз фақат кенгаш томонидан тасдиқланган йўналиш ва мавзулар устида ишлашлари мумкин бўлади. Бироқ илм-фанда эркинлик ва хилма-хиллик принциплари жорий қилинмас экан, ривожланиш бўлмаслигини унутмаслигимиз керак. Бу концепция асосида иш тутилса, тарихчиларимиз фақат хорижда эркин илм қилиш имконига эга бўладилар. Жуда маъюслантирувчи хулоса. Лекин мен бу фикрга тўлиқ қўшиламан.

Энг ҳайратланарлиси шундаки, «Концепция» айнан совет даврига хос «Фармонлар» ва «Дастурлар» намуналари бўйича ишлаб чиқилган. У пайтлар эса мафкуравий сабабларга кўра олимларни “Прокруст тўшаги”га, яъни барча ижтимоий фанлар соҳасини марксистик шарҳ ва талқинларнинг тор доирасига “тиқиш” талаб қилинарди. Кўриниб турибдики, «Концепция» муаллифлари совет воқеликларига қарши курашмоқчи бўляпти, аммо буни ўша совет давридаги “ижтимоий фанларни бошқариш” усулларини қайта тиклаш орқали қилишмоқчи. Боз устига, “миллий тарих” ғоясининг ўзи ҳам тарихни талқин қилишда, унинг мавзуларини белгилашда ва бошқаларда советча ёндашувларни такрорлайди.

Аммо миш-мишларга қараганда, жаноб A.Ҳ. Зиёев бу концепцияни «ўзи учун», яъни «тарих фанини бошқариш» истагида тузган. Бу ростми ёки йўқми, жавобни жаноб A.Ҳ. Зиёев зиммасида қолдирамиз. Агар жаноб A.Ҳ. Зиёев лоақал андак мақбул илмий тажрибага эга бўлганида ва унинг тадқиқотлари жаҳон илмида эътироф этилганида эди, бундай истак менда жиддий эътироз туғдирмаган бўларди. Унинг докторлик диссертацияси (оммабоп, бироқ академик бўлмаган «давлатчилик» мавзусида) ва шу мавзудаги мақолалари “Ички фойдаланиш учун” грифи остида абадий қолишга маҳкум. Бу гриф ёнига яна бир сарлавҳа қўйган бўлардим: “Ноакадемик ёндашувлар”.

Афсуски, жаноб A.Ҳ. Зиёев институтнинг “O‘zbek xalqi va davlatchiligi tarixi. Eng qadimgi zamonlardan hozirgacha” номли лойиҳасида ўзининг эскирган ва ноакадемик ёндашувларини  ҳаётга татбиқ қилиб келмоқда. Мен илмий даъволарни четга суриб қўйиб (бу алоҳида мақола мавзуси), фақат Ўзбекистон Республикасининг замонавий ташқи сиёсати учун эскирган ва мутлақо номақбул ёндашувга эътибор қаратмоқчиман.

Гап шундаки, замонавий Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги ислоҳотларнинг асосий таркибий қисмларидан бири Марказий Осиёда давлатлараро ҳамкорлик асосларини яратиш доирасида қўшни республикалар билан максимал даражада яқинлашишдир. Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг барча Маслаҳат учрашувларида Ўзбекистон Президенти Ш.М.Мирзиёев минтақада ўзаро яқинлашув ва ҳамкорликни кенгайтириш – бу  долзарб ва қайтмас жараён эканига алоҳида урғу бермоқда. Бу жараён чуқур тарихий асосларга эга. Марказий Осиё давлатлари тарихан ўзларини ягона минтақага мансуб ҳисоблаб келишган. Бироқ совет даврида тиқиштирилган “тарихни миллий хонадонларга ташиб кетиш” ёки минтақада ким «асосий» эканлигини кўрсатиш истаги ҳали ҳам баъзи олимларимиз орасида ҳукмронлик қилмоқда ва афсуски, ҳали-ҳануз чиқимли, аммо истиқболсиз лойиҳаларда юзага чиқмоқда.

Барча можаролар у ёки бу давлатнинг ўз тарихининг, миллатининг бетакрорлигини исботлашга уринишларидан бошланишини, бу нарса қўшнилар орасида ўзаро “тарихий даъволар”га айланиб боришини эслатиб ўтиш ортиқча бўлмаса керак. “Тарихни хусусийлаштириш”га қаратилган бу каби уринишлар ҳудудий даъволарга айланиб кетиб, чегара тўқнашувлари ва урушлар билан якунланади. Академик (ҳаваскор-мафкуравий эмас!) ёндашувлар нуқтаи назаридан қараганда Марказий Осиё минтақасидаги “тарихни хусусийлаштириш”га қаратилган ҳар қандай даъво қўшниларимиз билан муносабатларга салбий таъсир кўрсатадики, буни яқин тарихимиз намойиш этди.

Қолаверса, минтақадаги ҳар бир сулола тарихини “миллий давлатчилик” маҳсули деб ҳисоблаш, оддий мантиқ у ёқда турсин, тарихий воқеликка ҳам мутлақо зиддир. Масалан, қандай қилиб Сомонийлар, Қорахонийлар ёки бошқа бир сулола тарихини республикалардан бирининг “миллий давлатчилиги” намунаси сифатида кўриб чиқиш мумкин, агарки бу хонликлар/давлатлар маълум тарихий даврларда ҳозирги Марказий Осиё минтақасидаги барча мавжуд республикаларни қамраб олган бўлса? Ахир, қўшни давлатдаги худди шундай нопрофессионал ҳаваскор тарихчи буни таҳдид ўлароқ қабул қилиб, ўша сулолалар тарихини мисол қилиб олган ҳолда ҳаваскор тарихчиларимиз ёзган нарсанинг аксини исботлаш мақсадида “ўз тарихини” ёзишга киришади. Назаримда, сохта тарихий «фактлар»га бундай шўнғиш яхшиликка олиб келмайди, энг муҳими, давлатимизнинг миллий манфаатларига путур етказади.

Ҳаваскорона ёндашувларга нисбатан бу каби саволлар кўплаб туғилади. Шундай экан, минтақамизнинг сиёсий тарихини ўрганишдаги ёндашувларимиз тамоман минтақавий бўлмоғи, бунда тарихимизни ҳам ўз ичига олувчи жаҳон тарихига берилаётган замонавий баҳолардан келиб чиқилмоғи лозим.

2022 йил 22 апрель куни “Ўзбекистон ва Тожикистоннинг Марказий Осиё ягона тарихий-маданий маконида тутган ўрни” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтган Марказий Осиё халқаро институтида (МОХИ, Тошкент)да бу масалалар худди шу тарзда қўйилмоқда. Айрим маърузалардан келиб чиқадиган асосий хулоса – бу ўз ва қўшни давлатлар тарихини баҳолашда «миллий» ёндашув хато эканидан иборат. Иштирокчиларнинг айрим чиқишларида Марказий Осиё халқларининг муштарак тарихи ва маданияти бўйича дарслик ва ўқув қўлланмалари яратишга чақириқ бор. Қувонарлиси шуки, айнан Ўзбекистон ана шундай минтақавий ёндашувнинг ташаббускори бўлиб чиқмоқда, бунинг учун эса келажакда минтақавий илм-фан биздан фақат миннатдор бўлади.

Аммо мен жаноб A.Ҳ. Зиёевга эслатиб ўтмоқчи бўлган энг муҳим нарса шуки, замонавий тарих фани (табиийки, академик соҳада) тарихни «бизники» ва «бегона» деб ажратмайди. Тарихга ягона, ажралмас ва глобал жараён сифатида қаралади, гуманитар фанларнинг жиддий олимлари эса тор миллий ва ҳатто тор минтақавий талқинлардан аллақачон воз кечишган.  Ўзларининг “қадимги давлатчилиги”ни исботлаш учун тарихни ўрганиш эса янада кам олқишланади. Бундай ёндашув батамом мафкуравий бўлиб, юқорида айтилганидек, қўшни давлатлар билан муносабатларнинг яхшиланиши фонида ғоятда ножоиздир. Буни тушуниш учун лоақал сўнгги жаҳонда ўн йилликда чоп этилган тарихий тадқиқотларга назар ташлаш керак бўлади. Бироқ «Концепция» муаллифларида бундай тажриба йўқлиги кўриниб турибди. Бу «Концепция»нинг нопрофессионаллиги, ўта консервативлиги ва қабул қилиб бўлмас архаизми шундан келиб чиқади.

Менда «Концепция» муаллифларига бермоқчи бўлган табиий саволлар бор: ғирт архаик ғоялар ва очиқ-ойдин советпараст ёндашувлардан иборат ушбу ҳужжатни шундай юксак даражага кўтариш мақсадга мувофиқми? Бу бизнинг фанимиз, Академиямиз ва Олий инстанцияларни тўлиқ дискредитация қилиш бўлмайдими? Айниқса, Юртбошимиз жаҳон ҳамжамиятига узвий интеграциялашувимиз, жаҳон тажрибасидан барча соҳаларда, биринчи навбатда, илм-фанда фойдаланиш ғоясини тинимсиз илгари сураётган бир пайтда.

Ҳақиқатан ҳам гуманитар фанлар, жумладан, тарих фанлари соҳасида фаолият олиб бораётган хорижлик ҳамкасблар тажрибасини ўрганиб, уни инобатга олган маъқул эмасми? Хорижий марказлар, институтлар ва университетларда ишлаш имкониятига эга бўлган, дунёда мавжут энг сўнгги ёндашув ва концепцияларни ўзлаштирган, жаҳоннинг гуманитар соҳага ихтисослашган таниқли нашрларида ўз тадқиқотларини чоп этиш бўйича шахсий тажрибага эга бўлган мутахассисларни ишга жалб этиш янада оқилона йўлдир.

Қолаверса, Тарих институти жамоаси етарлича ўрганилган сиёсий тарихгагина эътибор қаратиш ўрнига ўз илмий изланишларида минтақамиз тарихидаги “бўшлиқларни”ни ҳисобга олган ҳолда янги йўналишларни ишлаб чиқишса яхши эмасми? Мисол учун, ижтимоий тарих (шу жумладан тарихий этнология), қадимги давр ва ўрта асрларда жамиятнинг ижтимоий тузилиши, тарихимиздаги гендер муносабатлари масалалари, турли (хусусан, этник, диний, маҳаллий) идентикликлар шаклланиши масалалари, минтақадаги ва жаҳон миқёсида маданий ва технологик ўзаро таъсирлар, тарихий тилшунослик, оилавий муносабатлар, ислом маданияти тарихи (бу таърифнинг кенг маъносида) ва ҳоказоларни ўрганишга эътибор қаратишса. Башарти тадқиқот ишлари шу тарзда ташкил этилса, архаик ва консерватив концепцияларга эҳтиёж ўз-ўзидан йўқолади (аслида мутлақо аҳамиятсиз ва ғайриилмий лойиҳа!).

Тарих институтида яна кўплаб долзарб муаммолар бор. Масалан, ноқулай шароитлар туфайли институтнинг илмий ўзагини ташкил этган, яхши илмий тажрибага эга бўлган энг малакали мутахассислар ишдан бўшаб кетишди. Улар Институтда ўта носоғлом муҳит шакллангани сабабли ишдан кетишга мажбур қолишди. Энг яхши кадрлар камайиши тезда Тарих институтининг мақомига таъсир қилди – бу муассаса сўнгги икки йил ичида халқаро нуфузини йўқотди (хорижий ҳамкасбларнинг ўнлаб шарҳларига кўра). Мана Институтдаги мутлақо ўйловсиз ва фанимиз учун ҳалокатли бўлган кадрлар сиёсатининг натижаси!

Тарих институтининг кўплаб мутахассислари Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Миллий археология марказига ишга ўтдилар. Дарвоқе, ушбу Марказ ўз директори (Ф.Мақсудов) туфайли том маънода нафақат миллий, балки халқаро муассасага айланди. Айниқса, тадқиқот йўналишларига ёндашув ва концепциялар нуқтаи назаридан. Бу Тарих институти раҳбариятига жонли ва намунали мисол!

Менимча, Фанлар академияси шошилинч чоралар кўриши керак, акс ҳолда Тарих институти ўзининг собиқ раҳбарияти қийинчилик билан асос солган ижобий илмий анъаналарини бутунлай йўқотади. Қайғу ва афсус билан шуни эслатиб ўтиш керакки, тарих бу профессионаллар фанидир, уларнинг қадрига эса фақат ўзи профессионал бўлганларгина етиши мумкин.

Назаримда, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Президиумида Ўзбекистон тарихчилари ва гуманитар фанлар вакилларининг Республика йиғилишини чақириш муҳим аҳамиятга эга. Иштирокчилар: Тарих институти ходимлари, Шарқшунослик институти, Миллий археология маркази ва бошқа тегишли илмий марказлар (МОХИ, СМТИ ва бошқалар) академик олимлари, мамлакат университетлари тарих факультетлари ва ижтимоий-гуманитар кафедралари ўқитувчи-профессорлари вакиллари. Ўзбекистонда тарих фани ва тарих таълими билан боғлиқ муаммоларни очиқ, ошкора, барча томонларнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда муҳокама қилиш ҳамда институт раҳбарлигига (директор, директор ўринбосари, илмий котиб) тайинланиши мумкин бўлган номзодларни Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Президентига тасдиқлаш учун таклиф этиш муҳим аҳамиятга эга. Тегишли очиқ овоз беришдан сўнг ғолиб деб топилган номзодларни Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси буйруғи билан тасдиқлаш лозим. Худди шундай очиқ овоз бериш йўли билан Тарих институтини қайта ташкил этиш, мамлакатимизда тарих фани ва таълимини Ўзбекистон Республикаси ички ва ташқи сиёсатининг янги воқеликларидан келиб чиққан ҳолда қайта ташкил этиш бўйича таклифлар тайёрлаш бўйича Экспертлар Ишчи гуруҳини тузиш зарур.

Ишончим комилки, бир-бирининг илмий савиясидан яхши хабардор бўлган мамлакатимиз профессионал тарихчилар ҳамжамияти дунёдаги ижтимоий фанлар ривожи тенденциялари ва йўналишларидан жиддий хабардор бўлган, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институтининг аввалги халқаро нуфузини тиклаши мумкин бўлган обрўли олимлар ва профессионал илмий менежерлар учун муносиб номзодларни топа олади.

Б.Бобожонов, профессор

4 КОММЕНТАРИИ

  1. Агар муаллиф кўтарган масалалар ҳақиқатга яқин бўлса, бу аянчли. Бежисга айтишмайдику «тарихни ғолиблар ёзади» деб. Бироқ тарих ҳақиқат кўзгуси бўлиши керак, у қандай бўлмасин, шонлими ёки аянчли. Бу билан тарихда йўлга қўйилган хатоларни тузатишга имкон туғилади.

  2. Бир вақтлар сиёсатшунослик расман соҳта фанга айлантирилган бўлиб, у мамлакатда ёпилган эди. Энди аста секин сиёсатшунослик фан сифатида тикланмоқда, жаҳон фанида анча орқада қолиб бўлса-да.
    Навбат тарих фанига келди шекилли — соҳта фанга айланиш, Тарих институтининг бундай «буюк» раҳбарлиги остида… У ҳам бир кун келиб тикланганда жаҳон фанидан анча орқада қолган бўлмаса эди…

  3. Бир вақтлар сиёсатшуносликка соҳта фан тамғаси ёпиштирилиб у Ўзбекистонда епилган эди. Энди бу фан аста секин яна тикланяпти, жаҳон фанидан анча орқада қолган бўлса ҳам.
    Тарих фани ҳам соҳталаштирилмоқда. У ҳам вақти келиб тикланса, жаҳон фанидан анча орқада қолиб кетгани маълум бўлиб қолади.
    Ренессанс ғоясини турғунлик маънода тушунишади шекилли бундай директорлар…

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Электромобилларни қувватлантириш станцияларини ўрнатиш ва тармоққа улаш тартиб-таомилларини соддалаштирилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида» 2024...

Больше похожих статей

×