25.5 C
Узбекистан
Суббота, 4 мая, 2024

Ахборот либерализми – хавфли қурол

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
6,290участниковПодписаться
- Advertisement -

Rost24.uz сайтида таниқли журналистлар Карим Баҳриев ва Навбаҳор Имомова меҳмон бўлишган. “Мезбон” сайт анонсида Карим Баҳриевдан Ўзбекистон улкан бир колхозга ўхшайди деган иқтибос келтиради.

Видеосуҳбат билан танишганлар орасида унда билдирилган кескин танқидий фикрлар, мажозий солиштиришлардан руҳланиб таассурот олганлар ҳам бўлиши мумкин.

Ҳа, юзаки қараганда, суҳбат пурҳикмат чиққандек туюлади. Аммо материални диққат-эътибор билан томоша қилиб, чуқурроқ англайдиган бўлсак, уни тақдим этиш шаклида, жанр қоидаларига риоя қилишда бир қатор хатоларга йўл қўйилган. Мазмун-моҳияти ҳам шунга яраша – билдирилган фикр-мулоҳазалар нотўғри, мавҳум, ишорали, уларда салбий оҳанг яширилгандай таассурот қолдиради.

Биринчидан, материал сарлавҳаси ва таҳририят кириш сўзларидан кейин “Суҳбатни тўлиқ шаклини қуйида томоша қилишингиз мумкин” дейилгани билан, аслида, суҳбат тўлиқ берилмаган. Видеоматериал суҳбатнинг муайян бир қисмидан, яъни – “…ўша жамоат ташкилотингиз ҳам барибир ўша амалдорларнинг босими остида ишлаб ётибди” дейилган узуқ-юлуқ жумласидан бошланади.

Иккинчидан, суҳбат иштирокчилари тажрибали журналист бўлишларига қарамай, тил қоидаларига тўлиқ риоя қилмасдан, “кўча тили”да, кесик-кемтик, охирига етказилмаган жумлалар, бунинг устига “как бы”, “успешныйроқ”, “наоборот”, “каша-малаша” каби сўзларни ишлатган ҳолда гапиришган. Видеода журналистларнинг айрим сўзлари тўлиқ эшитилмай, нима дегани англашилмай қолган жойлар ҳам бор.

Учинчидан, видеоматериалда муайян журналистик жанр қоидаларига тўлиқ риоя қилинмаган. Одатда, фикр-мулоҳаза билдиришлари учун студияга, таҳририятга ташриф буюрган меҳмонларга мезбон томонидан савол берилади. Бу видеоматериалда эса меҳмон томон ҳам бир неча бор мезбонга савол билан мурожаат қилади ва бошловчи (мезбон) беихтиёр жавоб берувчига айланади. Бунда бошловчининг кийимига микрофон илинмагани сабабли унинг овози умумий кўрсатув овоз фонидан паст бўлиб, ажралиб туради. Бу ҳол ҳам, фикримизча, сайтга жойлаштирилган материалга етарлича профессионаллик билан ёндошилмаганидан далолат беради.

Видео қаҳрамонларининг ташқи кўриниши — кийиниши бобида ҳам эфирга чиқишда уларни томоша қилиши мумкин бўлган аудиториянинг менталитети тўлиқ ҳисобга олинмаган.

Юқоридаги қайдларимиз материал тайёрланишининг ва тақдим этилишининг шакли ва техник жиҳатларига кўпроқ тааллуқли, албатта. Лекин материалнинг мазмун-моҳияти ҳам, аслида, шу даражада… Аммо бу ҳолат кескин иборалар, мажозий солиштиришлар ортига “яширилган” ва кўпчилик тингловчиларга сезилмаслиги мумкин.

Карим Баҳриев амалдаги сиёсатга нисбатан ўз қарашларини билдириб, “Глобалроқ фикрлайдиган бўлсак,   Ўзбекистон ҳозир улкан колхоздай бўлиб турибди… Америка президенти Техас штатида… селекторлар қилиб пахтани муҳокама қилишини ҳеч тасаввур қила олмайман. Ёки Германия президенти чорва бўйича указ чиқариб, чорвани муҳокама қилишини тасаввур қила олмайман. … Бу пахтами, пиллами, чорвачиликми, қалампир экасанми, товуқ боқасанми – бу масалаларни хўжалик субъектларига қўйиб бериш керак… Мулк ҳуқуқини кафолатлаш керак” (7.36видеонинг 7 дақиқа 36 сонияси), дейди. Бу фикрни қувватлаган Навбаҳор Имомова қуйидагича нутқ ирод қилади: “…афсуски, ривожланаётган мамлакатларда ёки энди-энди ривожланиш томон қадам ташлаган, юзлаб йўл хариталарини тузиб, ҳали уларни амалга оширмай ўтирган мамлакатларда – Ўзбекистонга ўхшаган, кўп нарса хўжакўрсинга қилинади…” (4.18).

Мен юртимизда бир неча йил олдин бошланган ислоҳотларнинг барчаси муваффақиятли амалга ошириляпти деган фикрдан йироқман, албатта. Қолаверса, мамлакатимиз иқтисодиёти ривожи учун масъул органлар фаолияти юзасидан бир неча танқидий чиқишлар қилганман[1]. Шу билан бирга, жамиятимиз бошдан кечираётган ҳозирги мураккаб вазиятда фикрни Карим Баҳриев ва Навбаҳор Имомова томонидан юқорида келтирилгандай кескин тарзда ифодалаш мақсадга мувофиқ эмас деб ҳисоблайман. Сабаби 2019 йил охирида давлатимиз раҳбари ҳам юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар реал ҳаётда ўз аксини етарлича топмаётганлигини қайд этган эди (https://president.uz/uz/lists/view/3115). Кейинги икки йил пандемия даври бўлди. Ундан бироз қутулгандек бўлганимизда, жорий йилда Россия–Украина можароси сабаб бўлиб, халқаро сиёсий ва иқтисодий вазият кескин мураккаблашди. Бу ҳол бизнинг иқтисодётимизда ҳам кутилмаган қийинчиликларни келиб чиқариши мумкин.

Қолаверса, жаҳон миқёсида ахборот уруши ҳам авж олди.

Бунинг устига сув танқислиги каби минтақамизга хос муаммоларимиз бор. Ҳар хил бошқа “замонавий” бало-қазолардан – техноген, табиий, янги эпидемиологик офатлардан – ҳеч ким кафолатланган эмас…

Шундай бир вазиятда жамоатчилик орасида таниқли бўлган, ижодкор, зиёли шахслар ўз танқидий фикр-мулоҳазаларини эҳтиёткорлик, босиқлик билан, ўқиган-кўрган, эшитган юртдошларимизда умидсизлик, норозилик кайфиятларини туғдирмасдан, ижтимоий бирдамлик ва барқарорликка салбий таъсир қилмасдан, сўз масъулиятини тўлиқ ҳис қилган ҳолда ифода қилишлари лозим.

Хуллас, танқид бироз ошириб юборилган. Бундан ташқари, нотўғри ғояларга асосланган фикрлар ҳам билдирилган.

Хусусан, видеоматериал қаҳрамонлари ахборот соҳасини оддий бизнес фаолияти турларидан бири деб ҳисоблайдилар.

Дунёда ОАВ бизнес субъекти сифатида ишлаётганини таъкидлаб, Карим Баҳриев, масалан, ҳатто Италия собиқ бош вазири Сильвио Берлускони йирик медиамагнат бўлиб, давлат раҳбари бўлган даврида ҳам, ўзи эгалик қиладиган медиа уни танқид қилишига йўл қўйганини, АҚШнинг Оризона штати, Финикс шаҳрида чиқадиган бир газета эгаси – бизнесменнинг 40 та газетаси бор деб эшитганини келтиради ва фикрини қуйидагича давом эттиради: 

“Агар ўзбек газета, журнали, медиаси ҳам унинг фойдаси ҳақиқатни ёзишидан, қизиқ чиқишидан бўлганда, шунда, масалан, беттаги медиараҳбар ҳам, керак бўлса, давлат ҳам нормал бизнесмен бўлганда ўзининг медиасини танқидий қиларди… Яъни агар давлат, пул билан таъминлаб турган жойда ҳам, ҳеч бўмаганда ўзининг пулини ўзи оқлаши керак деган хаёлда бўлса, уни бўғмасди. Қизиқроқ қилинглар, янада танқидий қилинглар, обуначини кўпайтиришингиз керак, пул кўпайтиришингиз керак…” (2.53).

Қисқаси, ҳаётда ҳамма нарса – бизнес, “пул кўпайтиришга” асосланган, ҳатто давлат ҳам медиа соҳасида “нормал бизнесмен” бўлиши, ҳақиқатни ёзиш эса ўқувчиларни кўпайтириб пул топишнинг йўлларидан бири бўлиши керак экан!..

Ростдан ҳам, кўпгина ОАВнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли – масъулияти чекланган жамият, яъни улар тадбиркорлик субъекти сифатида фаолият юритмоқда. Бу қонунчилигимизга мос келади, жамоатчилигимизнинг онги ҳам бунга ўрганиб қолган, соҳа мутахассислари-ю мутасадди идоралар раҳбарлари, қонун чиқарувчи халқ депутатларинг кўпчилиги ҳам шундай тўхтамга келган – ОАВ тадбиркорлик фаолияти бўлиши мумкин.

Лекин ҳаётимизда нимадир қонунчилигимизга кўра мумкин бўлса-ю, аммо жамиятимиз манфаати, тараққиёти, умуминсоний, маънавий қадриятлар нуқтаи назаридан мақсадга мувофиқ бўлмаса, қонунчиликка ўзгартириш киритиш – уни ҳаётий талабга мослаштириш зарурдир.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган чуқур ислоҳотларимизга путур етказадиган нотўғри стереотип ғоя-қарашлардан бири ҳақида олдинги мақолаларимизда ёзган эдик[i]. Бу – жамият ҳаётининг барча жабҳаларини бозор принциплари – хусусий мулк, рақобат, фойда олиш мақсадида фаолият юритиш, яъни тадбиркорлик тамойиллари асосида ташкил этиш мумкин деган нотўғри қарашдир. Бундай стереотип ғоя-қарашларни бозор романтизми деб номлаганмиз.

Ўтган аср сиёсатчиларидан бири шундай деган экан: “Бугунги кунда инсоният ва Ер юзидаги барча жонзотларга нима кўпроқ таҳдид солаётгани тўғрисида сўралганда, одатда, ядровий, кимёвий, бактериологик қуроллар, деб жавоб берилади. Аммо, яна бир даҳшатли оммавий қирғин қуроли мавжуд – бу, аввало, инсон миясига қаратилган қурол – ахборот”[ii]. Ҳозирги вақтда глобал миқёсда олиб борилаётган ахборот уруши бу фикрни тасдиқлайди.

Бинобарин, инсон онги, кайфияти, дунёқараши, руҳиятига таъсир этадиган, унинг маънавий олами ва шахсини шакллантирадиган хизматлар ва унсурлар бизнеснинг таг-замирида қолиб кетмаслиги даркор.

Ахборот либерализми — оммавий ахборот воситаларининг беҳад кўплиги, турининг хилма-хиллиги, ранг-баранглиги, ахборотнинг сермавзулиги – инсониятнинг муҳим ютуқларидан бири эканлиги шубҳасиз. Аммо, инсоният эришган муваффақиятларнинг айримлари сингари ахборот либерализми ҳам азбаройи инсониятнинг тақдим этилаётган ахборот учун жавобгарликни етарлича англамаслиги ва глобаллашув асрида давлат томонидан тартибга солишнинг такомиллашмагани сабабидан ўзининг салбий бўй-бастини ҳам кўрсатиб қўймоқда.

Жавоҳарлаъл Неру айтгандек, «инсон ўз кашфиёти билан ўзини ўзи нобуд қилиш даражасига етди. Қабиҳлик, шафқатсизлик, зўравонлик, жоҳиллигу нодонлиқ реклама-ю тарғиб қилинаётган ҳоллар кам эмас ҳозир!
Умуминсоний қадриятлар – эзгулик, меҳрибонлик, гўзаллик, меҳнатсеварлик, табиат билан уйғунлик, асл санъат «қайноқ ахборот»ни тақдим этиш орқали пул топиш пойгасида борган сайин сояга суриб чиқарилаётир».

 Демак, оммавий ахборот воситаси хусусий бизнес-тузилма бўлса, унинг асосий мақсади муассисларни дивидендлар билан таъминлаш учун фойда олишдан иборат бўлади. Амалиётнинг кўрсатишича, ана шу мақсадга эришиш учун бугун оммавий ахборот воситалари тўғри келган ахборотни кенг тарқатиб, рейтингини, демакки, даромадини ошириш пайида.

Нодавлат оммавий ахборот воситалари хусусий бизнес-тузилма сифатида эмас, балки нодавлат нотижорат ташкилоти (ННТ) сифатида фаолият кўрсатиши зарурлигини назарда тутувчи меъёрни қонун йўли билан белгилаб қўйиш вақти келди, чамамда.

ННТ – оммавий ахборот воситаларининг муқобил ташкилий-ҳуқуқий шакли айнан шундай бўлиши лозим. Бу ўринда оммавий ахборот воситаларининг даромадлари, фаолиятининг моддий манбаларини ҳеч ким чеклаётгани йўқ. Айни вақтда фойда олиш ахборот тарқатишнинг пировард мақсади бўлмаслиги керак. Фойда кўрилиши мумкин, лекин уни муассислар ўртасида дивиденд тарзида тақсимлаш мумкин эмас. Қолаверса, фойдани иш ҳақига айлантириб ўзлаштиришга қонун ҳеч қандай тақиқ қўймайди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 3 август куни юртимиз зиёлилари билан ўтган учрашувда «Ўзбекистонда адабиёт ва санъат, маданият, оммавий ахборот воситалари, маънавият ва маърифат бизнесга айланмаслиги шарт ва биз бунга ҳеч қачон йўл қўймаймиз», деб алоҳида таъкидлаган эдилар. Назаримда, давлатимиз раҳбарининг ушбу сўзлари оммавий ахборот воситалари ходимлари томонидан ҳам, мазкур соҳани ривожлантириш учун масъул давлат органлари, хусусан, депутатлик корпуси томонидан ҳали етарлича англаб етилгани йўқ. Мамлакатимизда сўнгги йилларда олиб борилаётган чуқур ислоҳотлар жараёнида оммавий ахборот воситаларига оид қонунчиликни ва ОАВ фаолият кўрсатиши амалиётини мамлакатимиз Президентининг ушбу кўрсатмаларига мувофиқ қайта кўриб чиқиш мавриди келган кўринади.

Видеоматериал қаҳрамонлари ўз фикларини профессионалларга хос бўлмаган тарзда пала-партиш ифодалашган. Уларнинг суҳбатидан мантиқни дарров англаш осон эмас, айтган гаплари салбий маънода талқин қилишга ҳам ўрин қолдиргандай кўринади.

Масалан, Навбаҳор Имомованинг айтишича, “Ўша нисбатан танқид кучайган пайтда Ўзбекистонга нисбатан ишонч ошди… Ўзбекистонга нисбатан жиддий қарашни бошлашди… Чунки ҳукумат бизга мустақил ахборот керак, танқидга йўл беришимиз керак деб очиқ айта бошлади. Лекин ўша жараён ҳозир тўхтаган Ўзбекистонда” (3.22).

Буни қандай тушуниш керак? Агар мамлакатимиз ҳаётининг сўнгги беш йилини даврларга бўладиган бўлсак, наҳотки, бошланғич даврда, айтайлик, 2017-2018 йилларда ОАВда 2021-2022 йилларга нисбатан танқид кўпроқ бўлган бўлса? Сайтлару ижтимоий тармоқларнинг олдингига нисбатан жонланиб кетганини айни вақтда кўряпмиз-ку…Ички ва ташқи танқидчиларимиз кун-кундан кўпайиб кетяпти-ку!

Навбаҳор Имомованинг фикрича, Ўзбекистонда ОАВ сиёсатчиларнинг қўлида ўз рақобатчиларига зарба бериш учун ишлатиладиган қуролмиш холос. У журналист ва блогерларни ташланувчи қопоғон кучукларга менгзайди. Бундай вазиатдан чиқиш учун “журналистлар ўқувини ошириш керак… улар бемалол ишлай оладиган муҳитни ҳам яратиш керак… бунинг учун энг асосий килиниши керак бўлган нарса Ҳукумат… сал четга чиқиши керак ва журналистларга йўлини топиб олиши учун имконият бериши керак” (5.46) ва яна “журналистик бирдамлик бўлганида, биз ўз соҳамизнинг манфаатлари учун биргаликда кураша олганимизда ёки талаб қила олганимизда… прогресс бўлиши мумкин” (9.35), дейди Н.Имомова.

Демак, четга чиққан Ҳукумат бир томон, ўқувини оширган, бирдамлик билан биргаликда кураша оладиган, танқидчи журналистлар – бошқа томон. Жамиятимизни бундай қарама-қарши томонларга ажратиш яхшиликка олиб келмаслиги аниқ.

Қизиғи, бу фикрларнинг давоми сифатида “журналистларнинг орасида активистлар кўп ва улар ўзи қилаётган ишига ишонади, мана шу мен қилаётган иш, баъзида қонунларни четлаб ўтсам-да, баъзида шу контент учун пул олсам-да, мен ҳақиқат учун курашяпман деб ишониб юрганлар кўпда орамизда...” (10.10.) деб қўшиб қўяди Н.Имомова. Бу “илғор фикр”нинг ортида жамиятни иккига ажратиш, одамлар орасида тафриқани келтириб чиқариш оҳангини илғамаяпсизми?!

Ўз меҳмонларининг мавҳум гапларининг давоми сифатида Анора Содиқова қуйидагича сўзлаган: “Гап яна ўша виждон, яна.. холисликка бориб тақалади. Холис бўлишга доим ҳаракат қиламиз. Холис ҳам, баъзида шундай дейишади, умумий тушунча деб… яъни 100 % холислик бўлмиди барибир деб… мен ҳам шу фикрга қўшиламан(12.06).

Н.Имомова эса Бизнинг [журналистларнинг] турган-битганимиз адолат тарғиботи. Буни тан олишимиз керак. Биз шу жамиятда адолатни таъминлайдиган соҳалардан биримиз(12.45) деб таъкидлайди.

Лекин, тўғриси, видеоматериални диққат билан кўриб-тингласангиз, унинг қаҳрамонлари назарда тутган, қонунларни четлаб ўтиб яратилган контент учун пул олиб, 100 фоиз холис бўлмасдан “ҳақиқат” учун курашадиган “активист журналистлар” билан соғлом ахборот майдонини яратиш ва соғлом жамият қуриш мумкинлиги борасида жиддий шубҳаланиб қоласиз. Бинобарин, ўзини “ҳақиқий журналистика” деб номлаган Rost24.uz сайти журналистларига беихтиёр шундай савол бергинг келади:

Сиз ростдан ҳам ўзингизни ҳақиқий журналист эканлигингизга ишонасизми?

Фарҳод ҚУРБОНБОЕВ,

иқтисод фанлари номзоди.

Муаллиф фикрлари таҳририят қарашлари билан мос келмаслиги мумкин.



1 КОММЕНТАРИЙ

  1. «Авторитар»ми «авторитар» эмасми — буни четга қўйиб турайлик. Мақолада материални тайёрлашдаги конкрет (аниқ) хато-камчиликлар ва иштирокчиларнинг аниқ (муайян) фикрлари нотўғрилиги кўрсатилган. Сиз қайси фикр тўғри ва қайси фикр нотўғрилиги ҳақида аниқ ёззангиз яхши муҳокама бўларди.
    Авторитарлик билан бундай пала-партиш, боши-охири йўқ гаплар, профессионал журналистларнинг нопрофессионал чиқишлари билан курашиб бўлмайди.

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Электромобилларни қувватлантириш станцияларини ўрнатиш ва тармоққа улаш тартиб-таомилларини соддалаштирилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида» 2024...

Больше похожих статей

×