2022-йил 11 январда “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 245 ва 245-8-моддаларига ўзгартириш киритиш ҳақида” ЎРҚ-744-сонли Қонуни қабул қилинди.
Қонунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва унинг девони ходимларига қўшимча ваколатлар берилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 245-8-моддасига киритилган ўзгартиришга кўра, эндиликда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил номидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ҳамда жарима тарзидаги маъмурий жазоларни қўллашга унинг ўринбосарлари ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони бош инспекторлари ҳақли эканликлари белгиланди.
Мазкур кодекснинг ушбу моддаси олдинги таҳририда эса, ҳуқуқбузарликлар аниқланган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда унинг девони ходимлари маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиши ва ушбу баённомани кўриб чиқиш учун белгиланган тартибда судга юбориши лозимлиги белгиланган эди.