Сўнги кунларда ижтимоий тармоқлар орқали Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғи тўғрисидаги хабарлар кўпчиликни эътиборини тортмоқда. 2019-йилда масканни реконструкция қилиш мақсадида ёпилгани ҳақидаги мавзу кенг муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Аслида Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида қандай ишлар олиб борилмоқда? Ҳақиқатда у ерда қайта тиклаш ишлари олиб борилмоқда(ми)? Ҳолатга боғнинг директори Отабек Мирзажонов изоҳ берди.
Аттракционлар эскилигидан фалокат содир бўлиши мумкин эди
-Барчага севимли бўлган Ғафур Ғулом маданият ва истироҳат боғи Вазирлар Маҳкамасининг фармойишига мувофиқ реконструкция қилиш мақсадида хорижий инвесторга ижара ҳуқуқи асосида 49 йил муддатга ажратиб берилди, – деди директор Отабек Мирзажонов.
Ушбу манзилни пойтахт аҳолиси ва меҳмонларининг маданий ҳордиқ чиқаришлари учун қулай бўлган замонавий кўнгилочар масканга айлантириш кўзда тутилган. Мана шу омилларни ҳисобга олган ҳолда истироҳат боғини янгилаш концепцияси ишлаб чиқилди.
Бу маскан бизнинг тасарруфимизга ўтган вақтда замонавий тизимлардан анча ортда қолган эди. Дастлаб ҳудуддаги аттракционлар кўздан кечирилди. Уларнинг техник хавфсизлигини Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамкорлигида экспертизадан ўтказдик. Ярмидан кўпи носоз ҳолатда бўлгани аён бўлди. Олди олинмаса, вақти келиб фалокат содир бўлиши мумкин эди, –деди боғ директори. Шунингдек, бу ерда яшиллик дунёси билан биргаликда ўйин аттракционлари ҳам бўлади. Шу сабабли ҳудудда 45 тадан ортиқ аттракционлардан (болалар учун 15 та, оилавий дам олувчилар учун 20 та, экстремал ҳордиқ чиқаришни хуш кўрувчилар учун 10 та) ўрнатиш ниятидамиз. Ҳозирда болажонлар ўтган даврнинг оддий аттракционларидан кўра замонавийларини афзал кўришади. Шу боис ёпиқ кўнгилочар марказ, ўқув маркази, муз учиш майдончаси, виртуал реаллик аренаси, арқондан шаҳарча, карнавал майдони, янги югуриш ва сайр йўлаклари каби замонавий бурчаклар қурилиши олиб бориляпти.
Боғдаги 4 мингтага яқин дарахтга шикаст етказилмади
Боғнинг ички муҳитида содир бўлаётган ишларидан бехабар аҳоли “дарахтлар кесилмоқда” деган асоссиз хабарларни тарқатишди. Аслида реконструкция жараёнида 4 мингга яқин дарахтларнинг бирортасига умуман шикаст етказилгани йўқ. Аксинча, дарахтларларнинг орасида касаллик борлигини аниқладик. Уларни қайта ҳаётга қайтариш мақсадида паркнинг экокўнгиллилари билан биргаликда парвариш олиб боряпмиз. Паркнинг ички муҳити атрофида истиқомат қиладиган халқ учун энг севимли маскан бўлиб қолган. Биз келгусида кўпчиликни ушбу дам олиш гўшасидаги сўлим табиат ва замонавий қулайликлардан баҳраманд бўлишлари учун ҳаракатдамиз.
Биз бу манзилга ташриф буюрувчилар учун махсус техник воситаларга эга спорт майдончалари, умумий овқатланиш шохобчалари, қишки ёпиқ дам олиш маркази, шунингдек, мавжуд кўл атрофида югуриш йўлакчалари ташкил этяпмиз. Шунингдек, дам олиш кунлари кўнгилочар тадбирлар учун мўлжалланган амфитеатр ҳам қуриляпти. Мақсадимиз халқимиз учун барча қулайликларга эга замонавий экомаскан тақдим этиш.
Янги комбинацияланган ирригация тизими йўлга қўйилди
14 гектарга эга Ғафур Ғулом маданият ва истироҳат боғи 1964 йилдан бўён фаолият юритиб келмоқда. Боғни олганимизда унинг ирригацион тизими жуда ҳам эскирган эди. Бу эса яқин келажакда боғдаги дарахтлар ва бошқа ўсимликларнинг йўқолишига олиб келарди. Паркнинг экотизимни сақлаш мақсадида янги комбинациялашган ирригация тизими, яъни ўсимлик ва дарахтларни сув ости орқали томирини намлаш ва томчилаб суғориш тизимини ўтказдик. Яшил ўтлоқларда болажонлар депсиниб кетмасликлари учун ер ости суғориш тизимини ўрнатдик.
Бу ердаги иккита кўл ҳам йиллар давомида тозалаш ишлари олиб борилмаганлиги сабабли ости сув ўтларидан тозаланиб, чуқурроқ ҳолга келтирилди.Уларнинг устидан иккита янги кўприк қурилади. Ўйлаймизки, кўлнинг янги мезбонлари – оққуш ва ўрдакларга тозаланган кўл ва улар учун қуриладиган уйлар ёқади.
Асосийси боғда шу пайтгача бўлмаган канализация тизими ўтказилди. Аввал ходимлар ва доимий иш фаолият юритиб келган ишчилар кўп холларда сувни ташиш йўли орқали фойдаланган. Бу нафақат ноқулайлик балки санитария-гигиена меъёрларига тўғри келмаган. Аммо, эндиликда барча тизим модернизация қилинди. Водопровод ва электр таъминоти тизимлари ҳам янгиланди. Буларнинг барчаси экомасканга ташриф буюрадиган юртдошларимизга ва сотувчиларга қулайлик яратиш мақсадида, санитария-гигиена меъёрларини сақлаш учун қилинмоқда.
Боғдаги реконструкция ишлари экокўнгиллилар назоратида
– Каналимизда Тошкент шаҳридаги энг сўлим Ғафур Ғулом боғи ёпилиб, реконструкция қилинаётгани ва боғдаги дарахтлар кесилиши мумкинлиги ҳақида обуначимиздан келган мурожаат бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишишдик, – деди эколог-журналист Наргис Қосимова. – Ҳолат аслида қай даражада эканлигини билиш, дарахтлар кесилганми ёки йўқлигини ўрганиш учун у ерга ташриф буюрдик. Айни пайтда боғда «BMP SMART DECISION PRIVATE LIMITED» компанияси реконструкция ишларини олиб бормоқда. Шунингдек, экологик ҳолатнинг сақланиши устидан назоратни Тошкент шаҳар ва Чилонзор туман ҳокимликлари, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан олиб борилмоқда. Айланиб чиқиб, реконструкция ишлари жадал амалга оширилаётганлигининг гувоҳи бўлдим. Ҳақиқатан ҳам канализация ва ирригация тизимлари учун қазишмалар дарахтларга зарар етказилмаган ҳолда амалга оширилаётган экан. Боғда экокўнгилли Римма Асқарова билан ҳам суҳбат қурдим, ҳамда улардан дарахтларни парваришида фаол иштирок этаётганларини эшитиб хурсанд бўлдим. Ҳарна дарахтларнинг тақдири фақат биз экологларнинг эмас, балки маҳаллий аҳолининг, кўнгилли инсонларни бефарқ эмаслиги қувонтирди, хавотирларимиз йўқолди.
Боғ 2022 йил декабрь ойида фойдаланишга топширилиши белгиланган экан. Аммо паркнинг мутасаддилари 2022 йил ёз-куз мавсумида боғни янгиланган қиёфада очишни мўлжалламоқда. Ўйлаймизки, ўзгача замонавий қиёфа касб этаётган истироҳат боғи юртдошларимизга қувонч, ундаги дарахтлар эса шаҳримизга тоза ҳаво улашишда давом этади. Натижани кутамиз.
Азиза АСЛАНОВА