Ёши улуғларга ҳурмат ва эътибор каби миллий урф-одатларимиз бугун давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Президентимиз ташаббуси билан маҳалла ва нуронийларларни қўллаб қувватлаш мақсадида алоҳида вазирлик ташкил қилингани ҳам фикримиз исботи. Пухта ўйланган бу тизим муаммоларни комплекс ҳал этишда, энг аввало, ёшлар тарбиясида оқсоқоллар, кекса авлод вакилларининг ўрни жуда муҳим.
Кўклам тантаналари муносабати билан Сурхондарёнинг катта авлод вакиллари вилоятнинг энг фаол ёшлари билан биргаликда байрамона дастурхон атрофида жам бўлишди.
Тадбир Ўзбекистон қаҳрамонлари, меҳнат фахрийларининг ҳаёт йўлларига бағишланган ҳужжатли фильм намойиши билан бошланди. Мазкур фильмда уларнинг ҳар бири ҳақида, машаққатли умр ва меҳнат йўллари ҳикоя қилинди.
Меҳнат фахрийси Бозор Раҳмоновнинг умр чизгиларидан бир парча. Экранда акс этган тасвирларнинг ўзи унинг учун кутилмаган совға бўлди. Фильмни томоша қилар экан отахон кўзларига ёш олди.
Ўзбекистон қаҳрамони Раҳмон Муҳаммадиев учун аталган филм ҳам, отахон учун кутилмаган ҳадя бўлди, десак муболаға бўлмайди. Дунёга машҳур офтальмолог бу ўтган даврларни тик турган ҳолда томоша қилиб, ўзининг ҳис туйғулари, қувончу миннатдорчилигини яширолмади.
Сурхон элида меҳнатсеварлик ва ўзига талабчанлик наъмунаси сифатида ўрнак бўлиб келаётган меҳнат фахрийси Абдусаттор Қурбонов ҳақидаги лавҳалар йиғилганларнинг руҳиятига, қалб туйғуларига таъсир қилмасдан қолмади
Бу инсонлар – Ўзбекистоннинг ҳақиқий олтин фонди, ёшлар ибрат олса арзигулик ватан фидоийлари.
Ёш авлод вакиллари нафақат ҳозирги қаҳрамонларни балки бугун орамизда бўлмаса-да, яқин ўтмишдаги фидоийлар ҳақида ҳам билиши лозим. Тадбир иштирокчиларига умри давомида вилоятнинг ҳар томонлама ривожланишида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган 5 нафар меҳнат фахрийлари – Мурод ва Абдулла Хўжамқуловлар, Дўстмуҳаммад Отарбоев, Степан Богма, Михаил Еремеевлар ҳақидаги фильмлар ҳам намойиш этилди.
Ҳа, бу инсонларнинг умр йўлига боқиб, ҳар соҳада пешқадам ва етук шахс бўлиш учун илҳом олади киши. Мазкур ҳужжатли фильмлар келажак авлод вакиллари учун катта мактаб вазифасини ўтаб берди.
Нуроний ва ёшларнинг бу каби учрашуви доимий тарзда ташкил этилмоқда. Ҳаким Ат-Термизий қадамжосини зиёрат қилишда ҳам кексаларга айнан ёшлар ҳамроҳлик қилишди. Мажмуа эса дилдан суҳбат учун қулай манзил.
Кейинги Уч авлод учрашувининг манзили – Қашқаларё вилояти.