Яқинда “НУРАФШОН-КИТОБ-ТАЪМИНОТ” нашриёти таниқли маънавиятчи, етук журналист, маҳалла жонкуяри Раҳматилла Шералиевнинг “Меҳр манзиллари” китобини чоп этди (Раҳматилла Шералиев. Меҳр манзиллари”.”НУРАФШОН-КИТОБ-ТАЪМИНОТ”.ТОШКЕНТ. 2022).
Китобга таниқли адабиётшунос, филология фанлари доктори Ўзбекистон республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Сувон Мели “Маънавият ҳақида гурунглар” номи билан кириш сўзи ёзган.
Китобни ўқишдан аввал мундарижага кўз ташладим. Ундаги “Бир кун ва бир умр”, “Ибрат ва маҳорат мактаби”, “Узилган қарз”, “Ўзбекнинг Турсунойи”, “Аҳмад Оқсоқол”, “Онамга ўхшаган аёл”, “Сени севганлигим айбим”, “Мен отамнинг ўғлиман”, “Паҳлавон Маҳмуднинг “куёви” каби ҳар бир мақоланинг номи ўзига тортар эди. Шунда кўзим китобга ном берган “Меҳр манзиллари” номли мақолага тушди ва шу мақоладан бошлаб, китобни ўқишни бошладим.
“Меҳр манзиллари” номли мақола муаллифнинг оналари Меҳрижон Алимжон қизига бағишланган экан. Мақоладиги: “Покликни, ҳалолликни, адолатни онам биз, фарзандлар қулоғига сирға каби илиб қўйдилар. Ўзлари ҳам ана шу ақидага амал қилиб, намуна бўлиб яшадилар. Ҳаётни ҳаракат, деб билдилар. Ёшлари 90 дан ошганида ҳам уй юмушлари билан андармон эдилар”, деб ёзилган сўзларни ўқир эканман, “Халқ сўзи” — “Народное слово” газеталарининг Бош муҳаррири, таниқли шоир, истеъдодли журналист ва оловқалб публицист Ўткир Раҳмат ҳамда Раҳматилла Шералиев билан бир доирада ўтириб суҳбатлашганимиз эсимга тушди. Шунда гап атоқли давлат ва жамоат арбоби, академик Оқил Умурзоқович Салимовнинг яқинда матбуотда эълон қилинган “Она симфонияси” мақоласи ҳақида борган эди.
Дарҳақиқат, фарзанд неча ёшга кирса ҳам ота-она учун доимо бола бўлиб қолаверади, бола эса неча ёшда бўлса ҳам, доим ўз ота-онасини қумсайверади. Оқил Умрзоқович “Она симфонияси” мақолаларида ёзадилар: “Бола вояга етгунча она унинг таянчи, ҳимоячиси, меҳри ва муруввати билан бўлгувчи хилқат. Бироқ фарзанди вояга етгач ундан узоқлашса, она буниям шодлик билан кутиб олади. Фарзандни мустақил инсон, ўз тақдирини ўзи белгилашга қодир бўлган одам сифатида кўриб қувонади. Она ва фарзанд ўртасидаги бундай мустақиллик, алоҳидалик уларнинг ўзаро муҳаббатига путр етказмайди, аксинча, бир-биридан куч олиб, бир-биридан рағбатланиб истиқболга қатъий ишонч ва буюк саодат кўзи билан қарашади… Инсоният яралибдики ҳаёт ҳақида, ҳаёт бешиги – она ҳақида энг азиз, энг жозибали сўз айтгиси келади. Ваҳоланки, сўзнинг ҳам, ҳаётнинг ҳам, турмуш завқи, сурури ҳам онадан бошланади.
Она миллатнинг таянчи, асоси. У ҳеч қачон айнимайдиган, зангламайдиган олтин. Миллий қадриятлар ва ўзига хосликнинг бебаҳо гавҳари, юксак ахлоқ, эзгуликлар жавҳари. Миллат она туфайли мангу яшайди. Авлодлар шажараси у туфайли давом этади. Миллат шаъни, орияти, ғурури тимсоли. Она нафасида олам оҳанги, борлиқнинг мусиқаси мужассам, унинг илиқ, ёқимли сасида ҳаётбахш куч бор. Биз у орқали, фақат у орқалигина оламни кашф этамиз, унинг қатларини очамиз. Олам ичра олам бўлиб яшаймиз. Бир лаҳза бўлсада ундан узилолмаймиз. Ана шунда ўктам, жасур, ботир, мард ўғлонлар – учқур тулпорлар, қалби меҳрга тўла мушфиқ, меҳрибон, сувратию сийрати гўзал қизлар – шонли, шарафли, баркамол авлодни дунёга келтиришга умрини бағишлайдиган мўътабар оналар дунёга келади”…
Раҳматилла Шералиевнинг курсдоши, катта истеъдод эгаси бўлган, таниқли шоира Шарифа Салимова Олий Мажлис депутати бўлган пайтлар, бир кун шогирди бўлмиш укам Маҳмуджон билан кекса онамизни кўргани келиб, кўп илиқ сўзлар айтиб, кўнгилларини кўтариб кетган эдилар.
Оқил Умрзоқович мақолада Шарифа Салимованинг она ҳақида ёзган қуйидаги мисраларини эслаганларидан ҳурсанд бўлиб кетдим:
Она шер қудрати унда мужассам:
ғаним кўзин бир шаҳд ила ўяди.
Гўдаги инграса, қалб қони билан
миллат жароҳатин боғлаб қўяди.
Улуғ момоларин қутлуғ рўмоли
артар кўкрагидан асрлар доғин.
У пок, озғин, нозик қўллари ила
ҳеч кимга бермайди миллат байроғин!
Унинг алласидан уйғонар дунё:
миллат уйғонади, халқ уйғонади.
Асрлар кунжида мудраган карахт
улуғ сўз уйғонар, қалб уйғонади.
У гўё миллионлаб нур кукунлари:
миллат дарди ила кулиб қўяди.
У эркни падардек, оғадек суйиб,
жонида гўдакдек олиб юради.
У – она, у – сабр, у – ишқ, у– вафо,
у– табиб, у–ҳабиб, у–бутун бахтдир,
аёл уйғонмаса, уйғонмас миллат,
у тўрт фасл гуллаб турган дарахтдир!”
Оқил Умрзоқовичнинг “Она симфонияси” мақоласи менга оналар ҳақида ёзилган бир қасидадек туюлди. Болалигини эслаган, кекса донишманд фарзанднинг онаси ҳақида ёзган қасидасидек туюлди менга. Мана энди Раҳматилла Шералиевнинг “Меҳр манзиллари номли” меҳр билан ёзилган мақоласини ўқидим. Ҳа, оналар ҳақида қанча ёзилса ҳам оз. Ушбу мақола китобга бежиз ном бермаганлигига амин бўлдим…
Шуни қайд этиш лозимки, ардоқли дўстимиз Раҳматилла Шералиев билан биз бир пайтлар Оржоникидзе ( ҳозир Қибрай тумани) туманида ижтимоий масалалар билан шуғулланганмиз. У киши туман партия қўмитасида, мен эса туман ижроия қўмитасида фаолият юритар эдик. Ватанимиз мустақилликка эришгандан сўнг, катта обрўга эга бўлган Р. Шералиев бутун фаолиятини маънавий-маърифий ишлар билан боғлади, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қибрай туман кенгаши биринчи котиби этиб сайланди, кейинчалик, Маънавият ва маърифат марказининг республика бошқарувида, марказнинг пойтахт вилояти бўлимида меҳнат қилди. Тошкент вилоят ҳокимлигида ишлаган кезларида ҳам айнан шу соҳага бош-қош бўлди, вақти келиб, вилоят “Маҳалла” кенгашига раҳбарлик қилди.
Китоб асосан, маънавиятга оид бўлиб, маънавиятчилар ҳаёти ҳақидадир. Муаллиф уларни қадри баланд одамлар деб эъзозлайди. Айниқса, Ўзбекистон халқ ҳофизи Фахриддин Умаров, бевосита маънавият тизимида ишлаган Ўзбекистон халқ ёзувчиси Неъмат Аминов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходимлари Турсуной Содиқова, Шарифа Салимова ҳақидаги мақолалар мароқли чиққан.
Таъкидлангандек, Раҳматилла Шералиевнинг жуда ҳам жайдари фалсафаси бор: ”Дўст тутинсанг билими, тафаккури, фикрлаш қобилияти, дунёқараши ўзингдан “бир қарич баланд бўлган”ларни танла ва уларга интилиб, ҳавас билан яша”, дейди. Китобни ўқиб чиққан одам шунга амин бўладики, муаллифни доим яхши одамлар қуршаб келган ва унинг ажойиб фазилатларини ҳисобга олиб, барчалари унга дўст бўлишга ҳаракат қилганлар.
Асарда қаламга олинган Шароф Рашидов, Сайфулла Сайдалиев, Мурод Шералиев, Зиёд Есенбоев, Чингиз Айтматов, Саид Аҳмад, Фахриддин Умаров, Абдуқаҳҳор Иброҳимов, Аҳмад Исмоилов, Бектош Раҳимов, Раҳимберди Умаров, Мақсуд Қориев, Неъмат Аминов, Турсуной Содиқова, Аҳмаджон Мелибоев, Шарифа Салимова каби қаҳрамонларнинг барчаси ибратли ҳаёт йўлини босиб ўтганлардир. Уларни ҳаёти, шубҳасиз, ёшлар учун намуна сифатида хизмат қилади.
Сувон Мели кириш сўзида қайд этгандай : “Раҳматилла Шералиев ўз китобида ҳар бир шахсни, ҳар бир воқеани ўта самимийлик билан эсга олади. Ўқувчини қаҳрамонларга ошно қилиб қўяди. Журналистнинг маҳорати айнан мана шунда… Китобдан жуда кўп ҳикмат, ибрат излаб топиш мумкин”.
Дарҳақиқат, ушбу китоб барчада юксак маънавиятни тарбиялашда ниҳоятда қўл келади ва III Ренессанс асосларини яратишга муносиб ҳисса бўлиб қўшилади, деб ишонамиз.
Носир Тоиров
сиёсатшунос