20.7 C
Узбекистан
Вторник, 17 сентября, 2024

ТЕРРОРИЗМНИ МОЛИЯЛАШТИРИШГА ҚАРШИ КУРАШИШНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ МАСАЛАЛАРИ 

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
6,800участниковПодписаться
- Advertisement -

Аннотация: Мақола терроризмни молиялаштиришга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масалаларига бағишланган бўлиб, халқаро стандартлар ва миллий қонунчиликнинг шаклланиши, ривожланиб бориш босқичлари, терроризмни молиялаштириш тушунчаси, жавобгарлик асослари, терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш усулларини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари таҳлил қилинган. 

Аннотация: Статья посвящена этапам совершенствованию нормативно-правовой базы противодействия финансированию терроризма, проведен              анализ международных стандартов и формирование национального законодательства, этапы развития, понятие финансирования терроризма, принципов ответственности, законодательство, регулирующее методы противодействия финансированию терроризма.

Abstract: The article is devoted to the stages of improving the regulatory framework for combating the financing of terrorism, the analysis of international standards and the formation of national legislation, the stages of development, the concept of financing terrorism, the principles of responsibility, the legislation regulating methods of combating the financing of terrorism.

Калит сўзлар: экстремизм, терроризм, террористик ташкилот, терроризмни молиялаштириш, жиноий даромадларни легаллаштириш, ФАТФ, тавсиялар, ички назорат, пул маблағлари ва мол-мулк билан боғлиқ операциялар.

Ключевые слова: экстремизм, терроризм, террористическая организация, финансирование терроризма, отмывание денег, ФАТФ, рекомендации, внутренний контроль, операции с денежными средствами и имуществом.

Key words: extremism, terrorism, terrorist organization, financing terrorism, money laundering, FATF, recommendations, internal control, operations with money and property.

Жаҳондаги глобаллашув жараёнининг жадаллашуви ва бутун халқаро муносабатлар тизимининг тубдан ўзгариши, хавфсиликка таҳдидлар доирасининг кенгайиши, экстремизм, радикализм, терроризмнинг кучайиши каби хусусиятлар билан ажралиб туради.

Экстремизм, терроризм соҳасидаги таҳдидлар трансмиллий тусга эга бўлиб, у ўз хавфининг кўлами бўйича бутун жаҳон ҳамжимиятини ташвишга солмоқда.

Бу фақат маҳаллий ёки минтақавий муаммо саналмай, пайдо бўлиши                 ва ривожланиши хусусиятлари, мақсад ва вазифалари, ташкилий тузилиши                     ва фаолияти, психологик ва ижтимоий шакллари жиҳатидан глобал ҳодисага айланган.

Шу сабабли жаҳон ҳамжимияти томонидан экстремистик,               терррористик оқимларнинг глобаллашувини бартараф этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар кучайиб бормоқда.

Экспертларнинг хулосаларига кўра, сўнгги 10 йил ичида диний экстремизм ва терроризм туфайли дунё иқтисодиёти 583 триллион АҚШ доллари миқдорида зарар кўрган бўлса, 15 йил ичида 100 мингдан зиёд               бегуноҳ инсонлар террорчилик ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлган.

Фақатгина 2019 йилнинг ўзида дунё бўйича зўравонлик, экстремизм                 ва терроризмнинг умумий салбий глобал таъсири — 14,1 триллион АҚШ долларини ёки жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 11,2 фоизини, иқтисодий              зарар эса — 33,19 миллиард АҚШ долларини ташкил этган.

    Юқоридаги рақамлардан кўриниб турибдики, террористик ҳаракатларни амалга ошириш учун террористлар томонидан катта миқдордаги молиявий ресурслар талаб этилади.

    Шу муносабат билан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар жиноятчилар, жиноий уюшмаларни ноқонуний даромадлардан маҳрум қилиш, террористларни эса ўз фаолиятларини молиялаштириш учун мўлжалланган ресурслардан маҳрум қилиш борасида зарур чораларни кўришлари муҳим саналади.

    Бу ўз навбатида, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш борасидаги фаолиятнинг ҳуқуқий асослари яратилганлигига бевосита боғлиқ.

    Терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш борасидаги миллий қонунчиликнинг ривожланиш тарихини муҳокама этишдан олдин, бу борадаги халқаро нормалар, тавсияларга эътиборни қаратиш мақсадга мувофиқ.

    Хусусан, БМТнинг 1999 йил 9 декабрдаги “Терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги Конвенцияси терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш борасидаги асосий халқаро ҳужжат сифатида намоён бўлади.

Конвенцияда терроризмни молиялаштириш, жиноий даромадлар тушунчаларига таъриф берилиб, терроризмни молиялаштирганлик учун жавобгарлик чоралари, терроризмни молиялаштириш манбаларини аниқлаш, хатлаш, мусодара қилиш, терроризмни молиялаштиришга қарши курашишда халқаро хамкорликни амалга ошириш усуллари белгиланди.

Шу асосда, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича молиявий чоралар ишлаб чиқувчи гуруҳ (ФАТФ) томонидан мавжуд тавсияларга 2001 йилда ўзгартиришлар киритилиб, терроризмни молиялаштириш тушунчаси, жавобгарлик асослари, амал қилиш доираси ва қўлланиладиган молиявий чоралар бўйича тавсиялар берилди.

Кейинчалик, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1617 (2005)-сонли резолюциясига асосан БМТга аъзо давлатлар учун ФАТФ тавсияларининг мажбурийлиги белгиланди.

Миллий қонунчиликнинг ривожланиш босқичларини таҳлил қиладиган бўлсак, юқорида қайд элтилган халқаро нормалар ва тавсиялардан келиб чиқиб, дастлаб Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 15 декабрдаги “Терроризмга қарши курашиш тўғрисида”ги 167-II-сонли Қонуни қабул қилинди.

Мазкур Қонуннинг асосий мақсади сифатида шахс, жамият ва давлатнинг терроризмдан хавфсизлигини таъминлаш, давлатнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш, фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувликни сақлашдан иборатлиги белгиланди.

Мазкур Қонунда илк бор терроризм, терроризмни молиялаштириш, террорчи, террорчилик гуруҳи, террористик ташкилот, террорчиликка қарши операция, террористик фаолият тушунчаларига таъриф берилди, терроризмга қарши курашувчи органлар, уларнинг ваколатлари, терроризмга қарши кураш ва олдини олиш чоралари, идоралараро ҳамда халқаро ҳамкорликни амалга ошириш тартиби белгиланди.

Хусусан, терроризмни молиялаштириш — террорчилик ташкилотининг мавжуд бўлишини, фаолият кўрсатишини, молиялаштирилишини, террорчилик фаолиятида иштирок этиш учун хорижга чиқиб кетишни ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали ҳаракатланишни таъминлашга, террорчилик ҳаракатини тайёрлаш ва содир этишга, террорчилик ташкилотларига ёхуд террорчилик фаолиятига кўмаклашаётган ёки бундай фаолиятда иштирок этаётган шахсларга бевосита ёки билвосита ҳар қандай маблағ-воситаларни, ресурсларни беришга ёки йиғишга, бошқа хизматлар кўрсатишга қаратилган фаолият сифатида таъриф берилди.

Терроризмга қарши курашда қонунийлик, шахс ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги, терроризмнинг олдини олиш чоралари устуворлиги, жазонинг муқаррарлиги, терроризмга қарши кураш ошкора ва ноошкора усулларининг уйғунлиги, жалб этиладиган кучлар ва воситалар томонидан террорчиликка қарши ўтказиладиган операцияга раҳбарлик қилишда яккабошчилик принципларининг устиворлиги белгиланди.

  Терроризмга қарши курашни амалга оширувчи давлат органлари сифатида:

— Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати;

— Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси;

— Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати;

— Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги;

— Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси;

— Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги;

— Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги;

— Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти белгиланди.

Қонун нормаларига асосан терроризмга қарши курашда иштирок                        этаётган давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда террорчилик фаолиятини олдини олиш, уни аниқлаш, унга чек қўйиш ва унинг оқибатларини минималлаштириш борасида ҳамкорликда ҳаракат қилишларини таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати томонидан амалга оширилади.

Шу каби, терроризмни молиялаштириш ҳолатларини аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларнинг мониторингини амалга ошириш, қонунчиликда белгиланган ҳолларда ва тартибда пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилиш ваколатлари               Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига юклатилди.

Ўзбекистон Республикаси томонидан 2001 йил 12 майда Олий Мажлиснинг 255-II-сон қарори билан Терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги Халқаро конвенциянинг ратификация қилиниши терроризмни молиялаштиришнинг ҳуқуқий асосларини мутаҳкамлашдаги яна бир муҳим қадамлардан бири бўлди. 

Шундан сўнг, 2004 йил 26 августда Ўзбекистон Республикасининг “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги 660-II-сон Қонуни қабул қилинди.

Қонуннинг асосий мақсади жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. 

Мазкур Қонунда терроризмни молиялаштириш тушунчасига таъриф берилди, терроризмни молиялаштиришга қарши курашишни ташкил этиш, бу борада махсус ваколатли органнинг ваколатлари, пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар ва уларни амалга оширувчи ташкилотлар, уларнинг вазифалари, терроризмни молиялаштиришга курашиш билан боғлиқ ахборот, халқаро ҳамкорлик масалалари тартибга солинди.

Ушбу Қонун ижросини таъминлаш мақсадида пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотлар доираси белгиланди.

Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш хавфларини аниқлаш ва бартараф этишни ташкил этиш, самарали фаолиятни йўлга қўйиш мақсадида пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи 16 та ташкилотлар ва касб эгалари учун ички назорат қоидалари тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 13 ноябрдаги “Жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича евросиё гуруҳи тўғрисидаги битимни (москва, 2011 йил 16 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги ЎРҚ-307-сон Қонунининг қабул қилиниши ушбу соҳадаги халқаро стандартларнинг миллий қонунчиликка имплементация қилинишида катта аҳамият касб этди.

Зеро мазкур битимнинг ратификация қилиниши Ўзбекистонга терроризмни молиялаштириш борасида битимда белгиланган мажбуриятларни бажариш вазифасини юклади. 

Шундай ҳаракатлардан бири Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига терроризмни молиялаштириш учун жиноий жавобгарликни белгиловчи  алоҳида модданинг киритилишида ўз ифодасини топди.

Хусусан,  “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 2016 йил 25 апрелдаги                           ЎРҚ-405-сон Қонунига асосан Жиноят кодексига терроризмни молиялаштириш учун жиноий жавобгарликни белгиловчи 1553-модда киритилди.

Такидлаш жоизки, муқаддам терроризмни молиялаштириш учун жавобгарлик асослари ЖКнинг 155-моддаси яъни терроризм учун жавобгарлик белгиланган моддада белгиланган эди.

ЖКда терроризмни молиялаштириш учун жиноий жавобгарликнинг алоҳида моддада акс этиши мамлакатимиз қонунчилик тизимининг халқаро стандартлар талабларига, хусусан ФАТФ тавсияларига тўлиқ мос келишини таъминлади.

Ўзбекистон Республикасининг жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш миллий тизими                            2021 йилнинг 14 июнь — 2 июль кунлари ЕАГ эксперт-баҳоловчилари томонидан ўрганилди.

Миллий тизимни баҳолаш натижаларига кўра, БМТ конвенциялари талаблари, ФАТФ стандартларини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2021 йил 26 июнда “Ўзбекистон Республикасининг жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш миллий тизимини ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-6252-сон  Фармони қабул қилинди.

Стратегияда терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида миллий даражада аниқланган таваккалчиликларни камайтириш, миллий тизимнинг халқаро ҳужжатларга мувофиқлигини, ФАТФ тавсияларининг миллий қонунчилик ҳужжатларига имплементация қилинишини, жиноятларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш, давлат органлари фаолият самарадорлигини ошириш, халқаро ҳамкорликни кучайтириш, маълумотларнинг яхлит тизимини шакллантириш, соҳага жалб этилган давлат органлари ходимлари касб маҳоратини ошириш асосий йўналишлар                сифатида белгиланди.

Бундан ташқари, Фармонга асосан стратегияда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Йўл харитаси тасдиқланиб, миллий қонунчилик тизимини такомиллаштириш бўйича ишлаб чиқилиши лозим бўлган қонун ҳамда норматив ҳужжатлар рўйхати шакллантирилди, фаолият самарадорлигини таъминлаш, кадрлар малакасини ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар, ижро муддатлари ҳамда масъул ижрочилар белгиланди.

Йўл харитаси ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суд Пленумининг 2021 йил 27 ноябрдаги “Терроризм ва экстремизмни молиялаштиришга оид жиноят ишлари бўйича суд амалиётининг айрим масалалари тўғрисида”ги 32-сон қарори қабул қилиниб, терроризмни молиялаштириш билан боғлиқ жиноят ишлари бўйича суд амалиётида қонун нормаларини тўғри қўллаш бўйича тушунтиришлар берилди.       

Шунингдек, Фармон ижросини таъминлаш мақсадида 2021 йил 29 июнда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 402-сон Қарори қабул қилиниб, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ маълумотларни тақдим этиш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди.

Бундан ташқари, ушбу қарор билан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга ошириш, пул маблағлари ва бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотлар томонидан юқоридаги жиноятларга қарши курашишда қонунчилик ҳужжатларига риоя этилиши устидан мониторинг ва назоратни ташкил этиш тўғрисидаги  Низомлар тасдиқланди.

Ушбу Низомларнинг қабул қилиниши терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш борасидаги фаолият самарадорлигини оширишда муҳим механизм ҳисобланади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил               1 июлдаги ПФ-6255-сон Фармонига асосан Ўзбекистон Республикасининг экстремизм ва терроризмга қарши курашиш бўйича 2021-2026 йилларга мўлжалланган Миллий Сратегияси тасдиқланди.

Ушбу стратегияда экстремизм ва терроризмни молиялаштиришга                  қарши курашишнинг самарали механизмларини жорий этиш, минтақавий                    ва халқаро ҳамкорликни таъминлаш, бу борадаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш устивор вазифа сифатида белгиланди.    

Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2022 йил       28 январда “2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт Стратегияси тўғрисида”ги ПФ-60-сон Фармоннинг қабул               қилиниши мамлакатимизда экстремизм, терроризмга қарши курашишнинг янги босқичга кўтарилганлигидан далолат берди.

Чунончи, ушбу Фармонда экстремизм ҳамда терроризмга қарши курашда қуйидаги асосий вазифалар белгиланди:

— фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга имкон берадиган экстремизм ва терроризмга қарши курашиш бўйича самарали давлат сиёсатини амалга ошириш;

— хорижий давлатлар, минтақавий ва халқаро ташкилотлар билан экстремизм ва терроризмга қарши кураш соҳасидаги ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асосларини кенгайтириш;

— хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан экстремизм, терроризм ва уларни молиялаштиришга қарши кураш соҳасида ахборот ҳамда тажриба алмашиш;

— фаолияти экстремизм ва терроризмга қарши курашга қаратилган халқаро ва минтақавий ташкилотларда фаол иштирок этиш;

— марказий Осиёда БМТнинг Глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш бўйича ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларни Биргаликдаги ҳаракатлар режаси доирасида мувофиқлаштириш.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Фармонда Марказий Осиёда экстремизм     ва терроризмга қарши курашиш бўйича биргаликдаги ишлар доирасида ахборот алмашинуви ва ҳамкорликни ривожлантиришга ёрдам берувчи халқаро ташаббусларни амалга оширишда Ўзбекистоннинг ролини кенгайтириш, дунё ҳамжамияти ва минтақавий ташкилотлар эътиборини Афғонистонда тинчлик ва ҳамжиҳатликни таъминлашга жалб қилиш борасидаги ташаббусларни жадаллаштириш ва ушбу мамлакатни минтақавий ҳамкорлик жараёнларига, шу жумладан экстремизм ва терроризмга қарши курашишга жалб қилишнинг долзарблиги таъкидланди.

Миллий қонунчилик таҳлили терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича халқаро стандартлар, жумладан ФАТФ тавсиялари ва бошқа халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар нормаларининг миллий тизимга жорий этилаётгани, миллий қонунчиликка имплементация қилиб борилаётгани, бу борадаги фаолият самарали ташкил этилаётганини кўрсатмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг эктремизм, терроризм ва уларни молиялаштиришга қарши курашдаги, тажрибаси, бу йўналишдаги ташаббускорлиги дунё ҳамжамияти ҳам минтақавий ташкилотлар томонидан ҳам эътироф этилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев БМТ бош Ассаблеясининг 75-сессиясида сўзлаган нутқида Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлашсоҳасида самарали ҳамкорлик олиб борилаётгани, БМТнинг аксилтеррор стратегияси муваффақитли амалга оширилаётганини таъкидлаб, Минтақавий қўшма режанинг 10 йиллик натижалари ва келгуси истиқболларига бағишланган халқаро конференцияни ўтказиш ташаббуси билан чиқди.

Ушбу ташаббус халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланиб,  2022 йилнинг 3-4 март кунлари Тошкент шаҳрида “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Глобал аксилтеррор стратегияси: Марказий осиёда минтақавий қўшма аракатлар режасининг 10 йиллик натижалари ва истиқболлари” мавзусидаги халқаро конференция ўтказилиши фикримизнинг яққол исботидир.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикасининг эктремизм, терроризм ва уларни молиялаштиришга қарши курашдаги сайъ-ҳаракатлари, жумладан қонунчилик асосларининг такомиллаштирилиши, самарали амалий чора-тадбирларнинг амалга оширилаётгани дунё ҳамжамияти ва халқаро ташкилотлар томонидан эътироф эътилмоқда. 

Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт Стратегиясида экстремизм, терроризм ҳамда уларни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича белгиланган вазифалар, чора-тадбирларнинг тўлиқ ҳамда сифатли ижро этилишини таъминлаш фаолият самарадорлигини янада ошишининг гаровидир.  

Шу ўринда экстремизм, терроризм ҳамда уларни молиялаштиришга қарши курашиш фаолияти самарадорлигини таъминлаш мақсадида қуйидагилар таклиф этилади:

— хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан экстремизм, терроризм ва уларни молиялаштиришга қарши кураш соҳасида ахборот ҳамда тажриба алмашиш, халқаро экспертлар иштирокида халқаро семинар, тренингларни ташкил этиш;

— бу соҳадаги халқаро стандартларнинг миллий қонунчиликка имплемантация қилиниши, миллий қонунчиликнинг такомиллаштириб бориишини таъминлаш;

— экстремизм, терроризм ва уларни молиялаштиришга қарши курашиш билан шуғулланувчи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда назорат идоралари ходимлари ҳамда мутахассисларининг билими, касбий малакасини ошириш мақсадида олий таълим ҳамда идоравий олим таълим муассасаларида махсус ўқув курсларини ташкил этиш.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси кафедра катта ўқитувчиси Рахимов Рустамжон

 

Фойдаланилган адабиётлар:

      1. Рекомендации ФАТФ: Международные стандарты по противодействию отмыванию денег, финансированию терроризма и финансированию распространения оружия массового уничтожения., 2012 год февраль., МУМЦФМ., 2012. 

    2. БМТнинг Терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги халқаро Конвенцияси., 1999 йил 9 декабрь. // Қонунчилик маълумотлари миллий базаси// http://old.lex.uz/docs/2124077.

3. БМТ Хавфсизлик кенгашининг 29.07.2005 йилдаги 5244-сонли ялпи мажлисида қабул қилинган 1617 (2005) Резолюцияси. // Интернет маълумоти//https://docs.cntd.ru/document/902134529.

4. Ўзбекистон Республикасининг Жиноят Кодекси. 1995 йил. // Қонунчилик маълумотлари миллий базаси//http://old.lex.uz/docs/111453.

5. Ўзбекистон Республикасининг “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги 2004 йил 26 августдаги Қонуни. // Қонунчилик маълумотлари миллий базаси// 03/21/683/0375-сон.

6. Ўзбекистон Республикасининг 25.04.2016 йилдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-405-сон Қонуни. // Қонунчилик маълумотлари миллий базаси//http://old.lex.uz/docs/2937151.   

7. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 12.05.2001 йилдаги “Терроризмни молиялаштиришга қарши кураш тўғрисидаги халқаро конвенцияни ратификация қилиш ҳақида”ги 255-II-сон қарори. // Қонунчилик маълумотлари миллий базаси//http://old.lex.uz/docs/87026.   

8. Ўзбекистон Республикасининг 13.12.2011 йилдаги “Жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евросиё гуруҳи тўғрисидаги битимни (москва, 2011 йил 16 июнь) ратификация қилиш ҳақида ЎРҚ-307-сон Қонуни. // Қонунчилик маълумотлари миллий базаси// http://old.lex.uz/docs/1913249.

9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 24.07.2021 йилдаги “Ўзбекистон Республикасининг жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш миллий тизимини ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-6252-сон Фармони. // Қонунчилик маълумотлари миллий базаси//29.06.2021 й., 06/21/6252/0617-со.

10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 01.07.2021 йилдаги                  “2021 — 2026 йилларга мўлжалланган экстремизм ва терроризмга қарши курашиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий Стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-6255-сон Фармони. // Қонунчилик маълумотлари миллий базаси// http://old.lex.uz/docs/5491628?otherlang=3. 

11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 28.01.2022 йилдаги “2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт Стратегияси тўғрисида”ги ПФ-60-сон Фармони. // Қонунчилик маълумотлари миллий базаси // http://old.lex.uz/docs/5841063.

12. Ўзбекистон Республикаси вазирлар Маҳкамасининг 29.06.2021 йилдаги “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар ҳақида”ги 402- сон Қарори. // Қонунчилик маълумотлари миллий базаси// http://old.lex.uz/docs/5482456.

13. Ўзбекистон Республикаси Олий суд Пленумининг 27.11.2021 йилдаги “Терроризм ва экстремизмни молиялаштиришга оид жиноят ишлари бўйича суд амалиётининг айрим масалалари тўғрисида”ги 32-сон қарори. // Қонунчилик маълумотлари миллий базаси// http://old.lex.uz/docs/5748890.

14. Мирзиёев Ш.М, “Янги Ўзбекистон Стратегияси”., Тошкент., “O’zbekiston”, 2021.

15. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқи. 23 сентябрь 2020 й. // https://www.xabar.uz/jamiyat/sessiyadagi-nutq

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Тошкентда яна бир йўловчи автобуси ҳаракат пайти тутаб кетди

Жорий йилнинг 16 сентябр куни ижтимоий тармоқларда "Mercedes-Benz" русумли автобусда тутун ҳосил бўлгани акс этган видео тарқалди. "Toshshahartransxizmat"нинг маълум қилишича,...

Больше похожих статей

×