20.7 C
Узбекистан
Вторник, 17 сентября, 2024

Хотира: Бўка далаларининг маршали

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
6,800участниковПодписаться
- Advertisement -

Бир пайтлар қишлоқ хўжалигининг машҳур дарғаларидан бири, Бўка туманидаги “Партия ХХ съезди” номли жамоа хўжалигининг раиси  Мирзааҳмад ака Ҳайитбоевни нафақат Тошкент вилояти, балки республикамизда ҳам барча деҳқонлар яхши танир эди. У кишининг деҳқончиликдаги ташаббуслари, қишлоқларни обод қилиш бўйича ишлари барчага маълум эди. Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиси бўлган бу паҳлавон савлатли киши, 50-йилларда Бўкада ижроқўм раиси бўлиб ишлаган отамиз – Абдулҳақ Тоировнинг яқин дўсти эди. Оқ-уйдаги ҳовлимизга тез-тез келиб турар эдилар.

Ҳеч эсимдан чиқмайди – 1967 йилнинг 8 октябрь куни уйимизга бир қанча азиз меҳмонлар келди. Улар ичида чўлқувар амакимиз Абдулҳай ака, у кишининг идора бошлиқлари – Ўрта Осиё бўйича чўлқуварлар етакчиси Акоп Абрамович Саркисов, машҳур навоийшунослар – домла Ҳамид Сулаймон, Содирхон Эркинов, Мирзааҳмад ака Ҳайитбоев, ҳофиз Мадамин Холмирзаев ва бошқалар бор эди.  Мирзааҳмад ака шу куни кўкракларига турли даврларда олган барча мукофотларини тақиб олган эдилар. Шунда Акоп Абрамович Ҳайитбоевга қараб : “Мирзааҳмад ака! Бизнинг Мирзачўлда бир илғор хўжалигимиз директорини ҳамма “чўл маршали” деб атайди. Сиз урушда қаҳрамонларча жанг қилгансиз. Ҳозир ҳам меҳнат фронтида олдингизга ўтадиганлар кам. Хўжалигингиз ҳақида Абдулҳай ака бизга кўп яхши гаплар айтадилар. Сизни ҳам “Бўка далаларининг маршали” деса бўлар экан”, – деб ҳазиллашдилар ва меҳмонлар суҳбати қизғин давом этди… Шунга ҳам ярим асрдан ортиқ вақт бўлибди…

Йиллар ўтиб, ўтган аср 80-йилларида, мен Қибрай туман ижроқўмида ишлаган пайтимда, бизнинг туман меҳнаткашлари доим пахта тергани Бўка туман хўжаликларига, шу жумладан Мирзааҳмад ака раҳбарлигидаги хўжаликга жалб этилар эдилар. Шунда мен тез-тез шу хўжаликда бўлар, раис – Акоп Абрамович айтгандай “маршалбуванинг” суҳбатини олиб турар эдим.

Мирзааҳмад ака нафақат қишлоқ хўжалик, балки бошқа соҳалар –спорт, санъатга ҳам эътиборлари катта эди.

Бир пайтлар Оқ уйда – Қибрай тумани ижроқўм раиси Турсунбой Ортиқхўжаев хонадонида бўлганимизда, Қибрай стадиони директори Жўра Хоназаров, машҳур спорт ҳомийси, бугунги кунда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган тренер Салимбой Абдувалиев, Мирзааҳмад ака Ҳайитбоев ва мен суҳбатлашиб қолдик. Шунда Мирзааҳмад ака Салимбойни спортсменларга, Ўзбекистон спорти довруғини кўтаришга катта ҳисса қўшаётганлигини эшитиб, у кишини кўп дуо қилдилар…

Яқинда оилавий альбомизни кўздан кечирар эканман, Мирзааҳмад аканинг халқимизни ардоқли санъат усталари Ёқуб Аҳмедов ва Гулчеҳра Жамилова билан тушган суратларига кўзим тушиб қолди. Шунда Ёқуб ака билан бўлган бир суҳбат эсимга тушиб қолди…

Вилоят қишлоқ хўжалик дарғаларидан бири – Нозим ака Носировнинг юбилейида у киши билан учрашиб қолдик ва мен Ёқуб акага “Сиз ўзбек санъатининг маршалисиз, телевизорда кўрсатадиган киноларда фақат генералларни ўйнайсиз. Қачон маршалларни ўйнайсиз”, – дедим ҳазиллашиб. Ёқуб ака жиддийлик билан: “Мен маршални ўйнаганман-ку”, – дедилар. Мен “Сиз СССР маршалини ўйнагансиз, ўзбеклардан чиққан маршални ҳам ўйнанг-да”, – дедим. Устоз санъаткор шунда ўйланиб қолдилар…

Дарҳақиқат, “хотира уйғонса гўзал” дейишади. Мирзааҳмад акадай деҳқончилик дарғасини эслаб, бир дунё хотиралар кўз олдимдан ўтди…

Носир Тоиров
меҳнат фахрийси

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Тошкентда яна бир йўловчи автобуси ҳаракат пайти тутаб кетди

Жорий йилнинг 16 сентябр куни ижтимоий тармоқларда "Mercedes-Benz" русумли автобусда тутун ҳосил бўлгани акс этган видео тарқалди. "Toshshahartransxizmat"нинг маълум қилишича,...

Больше похожих статей

×