“Адолат” СДПдан президентликка номзод Баҳром Абдураҳимович Абдуҳалимовнинг сайловолди дастурида илгари сурилган “Ҳар бир инсон бошпанага эга бўлишга ҳақли. Биз уй-жойларнинг нархини кескин камайтирамиз. Ҳаммабоп ва ҳамёнбоп уйлар – ижтимоий ҳимоянинг муҳим шартидир”, деган ташаббуси юзасидан баъзи эътирозларим бор эди.

Биринчидан, сўнгги йилларда мамлакатимизда қурилиш соҳасида ҳам ўзига хос бўлган бир қатор тизимли ишлар амалга оширилди. Жумладан, Ўзбекистоннинг барча қишлоқ ҳудудларида шаҳар шароитида бўлгани каби аҳоли турар жойлари қурилиши жадаллашди. Эътиборли жиҳати шундаки, сўнгги беш йилда аҳоли учун қурилаётган уй-жойлар сони ортиб, уларни арзон нархларда сотиб олиш учун муҳтож аҳолига бир қатор қулайликлар яратилди. Фикримизнинг тасдиғи сифатида мамлакатимизда ўтган тўрт йилда 140 мингта уй-жой барпо этилганини айтиш мумкин. Йиллар кесимида қурилган уйларнинг ўртача сони таққосланганда, бу аввалги даврдагиларга нисбатан 4-5 бараварга ортганини кўрсатади. Демак, партия томонидан илгари сурилган юқоридаги ғоя давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлгани сабабли ушбу ташаббуснинг олиб чиқилишини ўринсиз деб биламан.

Иккинчидан, аҳолини уй-жой билан таъминлаш борасида сўнгги
4-5 йил ичида давлат томонидан қўшимча имкониятлар яратилди. Бунинг натижасида аҳолига уй-жой сотиб олиш учун субсидиялар тақдим қилиш ҳамда бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари ажратиш орқали фуқароларнинг уй-жой шароитини яхшилаш механизмлари такомиллаштириб борилмоқда. Жумладан, жорий йилдан ипотека кредити бўйича 6 ойлик имтиёзли давр киритилади. Шаҳарларда дастлабки бадал миқдори 20 фоиздан 15 фоизга туширилади. Паст даромадли, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилаларга 15 фоизлик дастлабки бадалнинг 10 фоизи субсидия сифатида тўлаб берилади. Яъни аҳоли уй олиш учун дастлабки бадалнинг 5 фоизини тўлайди, холос. Кредит олган аҳоли учун фоиз тўловларининг Тошкент шаҳрида 12 фоизи, бошқа ҳудудларда 10 фоизидан юқори қисмига субсидия берилиши белгиланган. Шу боис, шундай бир шароитда партия томонидан Ҳаммабоп ва ҳамёнбоп уйлар” қуриш шиорини кун тартибига олиб чиқилишини аҳамиятсиз, деб ҳисоблайман.

Учинчидан, аҳолига таклиф этилаётган уй-жойларнинг нархини камайтириш, арзон уй-жойларни қуриш ҳамда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш бўйича ҳуқуқий асослар ҳам такомиллаштирилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги ҳамда 2016 йил 22 ноябрдаги “2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларини мисол қилиб келтириш мумкин.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, мамлакатимизда уй-жойга муҳтож аҳоли учун арзон уйларни қуриш 5 йил олдин бошланган эди. Бундан кўринадики, партия сайловолди дастурларини шакллантиришда соҳа бўйича етук, малакали мутахассисларни жалб этганида мақсадга мувофиқ бўларди.

Хулоса сифатида “Адолат” СДП томонидан президентликка номзоднинг сайловолди дастурида илгари сурилган “Ҳар бир инсон бошпанага эга бўлишга ҳақли. Биз уй-жойларнинг нархини кескин камайтирамиз. Ҳаммабоп ва ҳамёнбоп уйлар – ижтимоий ҳимоянинг муҳим шартидир”, деганташаббус давлат томонидан олиб борилаётган устувор вазифалар билан устма-уст тушгани, ушбу муаммолар юртимизда сўнгги йилларда босқичма-босқич ҳал этилаётгани боис бу масалани сайловчилар олдига муҳим масала сифатида олиб чиқишни ноўрин деб ҳисоблайман.

Нодирбек РАСУЛОВ,

иқтисодиёт фанлари доктори

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь