18.2 C
Узбекистан
Воскресенье, 6 октября, 2024

Мустақиллик — бу эркин фикр, очиқ мулоқот, эркин ҳаракат демакдир

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
6,910участниковПодписаться
- Advertisement -

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги олдидан

Ватанимиз мустақиллигининг тенгдошлари айни пайтда 30 ёшга тўлмоқдалар. Шунинг билан бирга ўша пайтда навқирон ёшдаги ота-оналаримиз, дўсту-биродарларимиз, ҳамкасбларимиз бугунги кунда кексалар қаторини тўлдириб бормоқдалар. Улар ўша даврда содир бўлган воқеа-ходисаларнинг бевосита гувоҳи бўлганликлари айни ҳақиқат. Шундан келиб чиққан ҳолда, мухбиримиз,  ўз меҳнат фаолиятини 1976 йилда Тошкент вилояти Зангиота тумани марказида жойлашган Комплекс геология-геофизика қидирув экспедициясида оддий ишчи сифатида бошлаган, кейинчалик мамлакатимиз парламенти — Олий Мажлис аппаратида масъул лавозимларда ҳамда республикамиз турли оммавий ахборот воситаларида самарали фаолият кўрсатган ҳамкасбимиз, таниқли журналист, шоир  Маҳмудхон ТОИРОВни суҳбатга чорлади.

Ҳурматли Маҳмудхон Абдулҳақович, маълумки, Ватанимиз мустақилликка эришиши арафасида Сиз мамлакатимизнинг олий қонун чиқарувчи органида фаолият кўрсатгансиз. Демакки, ўша даврда юз берган кўплаб воқеаларни бевосита гувоҳи бўлгансиз. Шу муносабат билан нималар дея оласиз?

           — Дарҳақиқат, у давр бир томондан ошкоралик, фикрлар хилма-хиллиги, муқобил сайловлар жорий этилиши ва жамиятда рўй берган шу каби демократик ўзгаришлар билан ёдимда қолган бўлса, иккинчи томондан республикамизда содир бўлган турли нохуш ва фожиавий воқеа-ходисалар билан хотирамда мухрланиб қолган. Бу Фарғона билан Ўш чегарасида содир бўлган низолар дейсизми, турк-месхетлар ва қрим татарлари кўчиб кетиши билан боғлиқ бўлган Тошкент вилояти Паркент, Бўка, Пискент туманларидаги нотинчликлар дейсизми, барчаси кўз олдимда. Шунингдек, у пайтда менинг ишхонам, ҳозирги Вазирлар Маҳкамаси биносининг 6-қаватида жойлашганлиги сабабли мен Мустақиллик майдонида рўй бераётган кўплаб воқеалардан бохабар бўлар эдим. Ўша пайтда муҳолифатчилар томонидан турли масалаларга бағишлаб ўтказилган митинглар хали-ҳануз кўз олдимда. Бугунги кунга қадар шу ва бошқа воқеалар ҳақида кўплаб мақола, репортаж ва материаллар чоп этилган. Ўша даврда Олий Мажлис депутатлари ва аппаратнинг масъул ходимлари ҳам ўзларининг салоҳиятларини намоён этишларига тўғри келди. Чунки қисқа вақт ичида кўплаб амалдаги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, айримларини қайта ишлаш ва қабул қилиш, кўплаб мавжуд бўлмаган қонунларни яратиш талаб этиларди. Бу борада Олий Кенгашнинг бошқа қўмиталари қаторида, ўша пайтда  бугунги кунда Президентимиз бўлган Шавкат Миромонович Мирзиёев раислик қилган Мандат комиссиясининг ҳам хиссаси катта бўлганлигини  алоҳида таъкидлаш лозим. Бугун ўша кунларга назар ташлар эканмиз, очиқ юз билан мамлакатимизнинг ўша даврдаги парламенти ушбу вазифани муносиб бажара олди дейишимиз мумкин.

Ўша даврлар ҳақида гап кетар экан, бир воқеани айтиб бермоқчиман.1992 йил август ойининг бошлари эди. Яъни Мустақилликнинг бир йиллигини нишонлашга жуда оз вақт қолган эди. Кунлардан бирида мени Олий Кенгаш Котибиятининг бошлиғи О. Олимжонов ўз хонасига таклиф этиб, раҳбариятнинг топшириғига биноан мен зудлик билан Москвага учишим кераклигини айтди. Гап  шундаки, Олий Кенгашнинг Раиси Шавкат Йўлдошев Ўзбекистон Республикасининг Мустақиллик кунини байрам қилишга тайёргарлик кўрувчи Комиссия раиси этиб тайинланган эдилар. Менинг вазифам Москвадан унчалик узоқда бўлмаган Клин шаҳридаги ихтисослашган корхонада республикамиз буюртмасига мувофиқ, “Мустақиллик” кўкрак нишонининг тўғнағичини қоплайдиган махсус лентани тайёрлашни жадаллаштиришдан иборат экан.

           Собиқ Иттифоқ ҳудудида бу ягона лента корхонаси бўлиб, бошқа мустақил республикалардан ҳам унга шунга ўхшаш буюртмалар тушган ва фабрика буюртмаларни бажаришга улгурмаётган экан. Агар зудлик билан чора кўрилмаса, “Мустақиллик” кўкрак нишонини ўз вақтида тайёрлаб бўлмас экан! Омон Ҳамидович вазифани тушунтириб бўлганидан сўнг тайёрланишим учун қанча вақт керак эканлигини сўради. Мен эрталабки рейс билан Москвага учиб кетишга ҳаракат қилишимни айтдим.

           Хайрлашиб кетаётганимда улар:

           — Эсдалик совғаларидан олинг, мен бухгалтерияга айтиб қўйганман. Керак бўлса фабриканинг ўзида ётиб, буюртманинг тез бажарилишини назорат қилинг! “Лента”лар муддатида етиб келиши керак! — деб кузатди.

           Мен Москвага, Ўзбекистоннинг доимий ваколатхонасининг масъул ходими Н. Узоқбоевга қўнғироқ қилиб, масалани тушунтириб, аэропортга машина юборилишини сўрадим. Эртасига самолёт пиллапояси олдида Н.Узоқбоев ва менинг дўстим, Москвадаги темир-бетон маҳсулотлари заводининг директори Р. Остонов кутиб олдилар.

           Ўзбекистоннинг ваколатхонасида Республикамизнинг Москвадаги Доимий вакили билан учрашиб, унга хизмат сафаримнинг мақсадини тушунтирдим ва Н.Узоқбоевни менга ёрдамга беришларини сўрадим. У илтимосимни қаноатлантирган ҳолда, битта хизмат енгил автомашинасини ҳам менга бириктириб қўйилиши ҳақида топшириқ берди. Раҳим ака ҳам бизга ҳамроҳ бўлишини билдирди ва топшириқнинг вақтида бажарилишига ўз ҳиссасини қўшди.

           Клин унчалик катта бўлмаган шаҳар бўлиб аҳолисининг катта қисми шу фабрика ва Кимёвий толалар комбинатида, қолганлари Термометрлар ишлаб чиқарувчи завод ва йирик қурилиш трестида ҳамда маиший хизмат корхоналари, тиббиёт, маориф ва маданият тармоқлари, муассаса ва ташкилотларида ишлар экан. Биз Лента фабрикасини тезда топиб, унинг раҳбарияти билан учрашдик. Директори бир рус аёл бўлиб, бизларни очиқ чеҳра билан кутиб олди.

           Мен республика раҳбарияти мени махсус юбориб, буюртмамизнинг вақтида бажарилишини илтимос қилар эканман, у бошқа республикаларнинг ҳам буюртмалари кўплигини, фабриканинг эса имкониятлари чегараланганлигини, лекин қўлдан келган ишларни қилишини айтди. Мен унга қўшимча ускуналарни ишга солиш ва агар мумкин бўлса, асосий ишдан кейинги вақтдан ҳам фойдаланиш тўғрисидаги таклифни билдирдим. У бизларни ишчилари билан гаплашиб, улардан илтимос қилишимизни тавсия этди.

           Биз цехларда ишчилар билан учрашиб, Ўзбекистондан келганимиз, тез кунларда Мустақиллигимизнинг бир йиллигини нишонлашимизни, ана шу муносабат билан махсус кўкрак нишони таъсис этилгани ва фабрика ишчилари ана шу тантаналарни ўтказишга ҳисса қўшаётганларини таъкидлаб, уларга олдиндан ташаккур билдирдик. Оддий тикувчи ва касб эгалари, цехлар бошлиқлари, муҳандис-механиклар гапларимизни диққат билан тинглаб, “Биз Ўзбекистонни яхши биламиз, сизларни миллий байрамларинг билан табриклаймиз ва буюртмаларингни вақтида бажаришга ҳаракат қиламиз”, деб бизларни ишонтирдилар. Фабрика маъмурияти ва мухандис-техник ходимлари саъй-ҳаракатлари билан қўшимча бир нечта ускуна ишга солиниб, ишчилар иш жадвалига қатъий риоя қилишлари натижасида улар ўз ваъдалари устидан чиқдилар. Бу ютуқни таъминлаган муҳим омиллардан бири, бизнинг, бошқа республикалардан келган вакилларга ўхшаб Москвада эмас, балки, айнан шу фабрикага тегишли ва ўзининг ходимлари яшайдиган ётоқхонада тўхтаганимиз, марказий оммавий ахборот воситалари гдлянчилар томонидан тўқиб чиқарилган “пахта иши”, “ўзбеклар иши” тўғрисида бонг уришларига қарамай, Ўзбекистонга нисбатан ҳурматлари сўнмаган  ишчи-ходимлар билан илиқ муносабат ўрнатганимиз бўлди, деб ўйлайман.

           Икки ҳафта деганда, шошилинч буюртмани бажариб, мен Тошкентга қайтдим. Омон Ҳамидовичнинг олдиларига кириб, шошилинч буюртманинг тўла адо этилганлиги тўғрисида ахборот берганимда, у ушбу мураккаб топшириқни муносиб бажарганимни таъкидлаб, Олий Мажлис раҳбарияти номидан менга миннатдорчилик билдирди. Минг-минглаб кишилар байрам арафасида “Мустақиллик” кўкрак нишони билан мукофотландилар. Улар орасида мен ҳам бор эдим.

Ҳаётингизнинг ярми Ватанимиз мустақилликка эришгунига қадар ўтган бўлса, қолган қисми мустақиллик йилларига тўғри келмоқда. Шу икки даврни тақослаган ҳолда нималар дея оласиз?

— Бу икки даврни таққослаш жуда мураккаб иш десам, муболаға бўлмаса керак. Чунки мустақиллик йиллари мамлакатимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларини, айниқса охирги йилларда рўй бераётган улкан ўзгаришларни ҳеч бир нарса билан ўлчаб бўлмайди. Бугунги кунда мамлакатимиз уй-жой қурилиши соҳасида ҳам, соғлиқни сақлаш, таълим-тарбия ва бошқа соҳаларда ҳам янгидан-янги ютуқларга эришиб келмоқда. Буларга Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев тардбиркорлик билан шуғулланиш учун яратиб бераётган шарт-шароитлари имконият яратмоқда албатта.     

           — Ижодингиз ҳақида ҳам қисқача тўхталиб ўтсангиз…

           — Менинг биринчи мақолам 1978 йилда чоп этилган. Ўтган давр мобайнида менинг кўплаб мақолаларим республикамизнинг турли газета ва журналларида чоп этилди, “Ҳаёт сўқмоқларида”, “Ҳаёт битиклари”, “Сен ва мен” (шеърий тўплам), “Тафаккур неъматлари” (“Мысли вслух”) номли китобларим нашрдан чиқди. Улар ўз ўқувчиларини топа олдилар деб умид қиламан. Фикримча, ижодкорнинг маҳсулдорлиги унинг ёзган мақолалари, чоп этилган китоблари сони билан эмас, балки уларнинг мазмун-моҳияти, ўқувчилар қалбидан жой олганлиги билан белгиланади.       

           Сизнинг ҳаётий шиорларингиз, “принципларингиз” ҳам дейиш мумкин?

           — Оқ нарсада қора, қора нарсада оқ доғларни изламаслик… Виждоннинг поклигини сақлай билиш… Садоқат…

           — Жавобларингиз эътиборга лойиқ… Келгусидаги режаларингиз ҳақида ҳам ўртоқлашсангиз…

           — Инсон бу дунёда яшар экан, ҳеч қачон ҳаракатдан тўхтамаслиги керак деб ҳисоблайман. Чунончи, ҳаёт — бу ҳаракатдир. Айниқса ижод аҳли бугун ўзининг бор куч-ғайратини Ватанимизни куйлашга сафарбар этиб, замонамиз қаҳрамонлари мисолида Янги Ўзбекистонга муносиб ёш авлод шаклланишига таъсир этиб борсалар мақсадга мувофиқ бўларди. Шундан келиб чиққан ҳолда, менинг ҳам бир қатор лойиҳаларим, ўй-фикрларим бор. Режаларимни тўлиқ ошкор қилмаган ҳолда, улар ўқувчиларимга маъқул ва манзур бўлади деб умид қиламан.

           — Истиқлолимизнинг 30 йиллиги муносабати билан газетхонларимизга тилакларингиз.

— Мустақиллик — олий неъмат. Бу  эркин  фикр,  очиқ  мулоқот, эркин  ҳаракат демакдир. Истиқлол йўлида қанчадан-қанча улуғ аждодларимиз қурбон бўлмадилар дейсиз… Шундай экан, уни Ватанимизда истиқомат қилаётган ҳар бир инсон кўз қорачиғидек сақлаши, асраб-авайлаши даркор. Ушбу тарихий сана муносабати билан барчага сиҳат-саломатлик, бахт-саодат доимий ҳамроҳ бўлишини тилайман. Мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, Янги Ўзбекистонни барпо этиш, III Ренессансни яратиш йўлидаги олижаноб ишларингизда  ҳорманглар, дейман.

         — Қизиқарли ва мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат. Биз ҳам Сизни ушбу умумхалқ байрами билан муборакбод этар эканмиз, Сизга соғлик-омонлик, ижодий фаолиятингизда янгидан-янги муваффақиятлар тилаб қоламиз.

Ўз мухбиримиз.

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Халқаро қишлоқ аёллари куни муносабати билан Марказий Осиё Форуми: Фан, инновациялар, озиқ-овқат хавфсизлиги ва барқарор ривожланишда аёлларнинг ўрни

Сўнгги йилларда қишлоқ аёлларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш шароитларини яхшилаш, ҳаёт фаровонлигини ошириш, касбга йўналтириш ва янги ишчи...

Больше похожих статей

×