Самарқанд жорий йилнинг охири ёки келгуси йил бошларида “миллионер шаҳар”га айланиши ҳақида кўпчилик хбардор. Хўш, ҳизиргисига қараганда аҳолиси икки бараварга ошадиган, ҳудуди сезиларли даражада кенгаядиган Самарқанд бунга қандай тайёргарлик кўрмоқда? Ҳозирнинг ўзида муаммолар қалашиб ётган ва бир миллионликка айланадиган шаҳарни ким ва қандай бошқаради?
Самарқанднинг бир миллионлик шаҳарга айлантиришнинг афзалликлари ҳақида сўз юритаётиб, бу унинг мавқеини оширишга, хорижий инвесторлар олдида унинг жозибадорлигини юксалтиришга хизмат қилиши уқтирилмоқда. Лекин бу ерда ҳақли савол туғилмоқда: ярим миллион аҳолиси бўлган пайтда бошқарувни эплолмаганлар қандай қилиб бундан икки баравар катталашган шаҳарни рисоладагидек бошқаради?
Келинг, чувалашмасдан, гапни индаллосини айтиб қўяй: 2012 йилда Самарқанд туманидан шаҳарга ўтган 34та маҳалланинг кўплаб муаммолари тўққиз йил ичида ҳал бўлмаган бир вақтда бирданига икки мартага катталашган ҳудудни мана шу амалдорлар бошқара олишига ишониш мумкинми? Яна пухта тайёргарлик кўрмасдан-а! Шаҳарни расман кенгайтиришдан олдин ўша қўшиладиган ҳудуднинг муаммоларини ўрганиш, уларни ечиш ва “миллионер шаҳар”нинг бош оғриғини камайтириш учун қандай амалий ишлар қилинмоқда?
Миллионлик шаҳарга тайёрлаш учун алоҳида тузилма керакдир?
Албатта, урбанизация жараёни бу табиий ҳол ва у бутун дунёни қамраб олган ижтимоий-иқтисодий жараён ҳисобланади. Айрим амалдор ва сохта тадбиркорлар ўйлагандек, урбунизация тайёр уй-жойларни бузиб, улур ўрнига кўп қаватли иморатлар қуриш ёки шаҳар ва унинг аҳолиси сонининг ўсиши билан чекланмайди.
Пухта тайёргарлик кўрмасдан туманлар ҳудудини шаҳарга қўшилишининг ўзи ҳали том маънода урбанизация эмас экан. Фақат шу билан чекланганда, мутахассислар буни “сохта урбанизация” деб аташаркан. Мана, ушбу тушунчага қандай таъриф берилган: “Сохта урбанизация» – шаҳар орбитасига қишлоқ мигрантларининг секин-аста тортилиши, кўпгина ривожланаётган мамлакатлар шаҳарлари атрофларида шаклланган кенг «қашшоқлик майдонларида» олдинги турмуш тарзининг узоқ сақланиши”.
Ўша мутахасислар берган таъриф бўйича урбанизациянинг белгилари қуйидагилардир: шаҳарларда индустриянинг ўсиши, уларнинг маданий ва сиёсий функцияларининг ривожланиши, меҳнат ҳудудий бўлинишининг чуқурлашуви, қишлоқ аҳолисининг шаҳарларга оқиб келиши, йирик шаҳарларга унинг атрофдаги қишлоқлардан ва кичик шаҳарлардан аҳолининг маятниксимон ҳаракатининг кучайиши.
Демак, урбанизация жараёни кўнгилдагидек кечиши учун унга пухта тайёргарлик талаб этилар экан. Самарқандда-чи, бу йналишда нима ишлар қилинмоқда?
Шу кунларда тезлик билан ҳар бир вазирлик ва тегишли бошқармалар шаҳарга қўшиладиган ҳудуд бўйича мавжуд муаммоларни ўрганиб, таклифлар тайёрлаётгани ҳақида гап-сўзлар юрибди. Таклифларни тезроқ тайёрлаб, “юқори”га етказиш ва 2022 йилги бюжет тасдиқлангунча бу масалани ҳал қилиб, келгуси йил бюжетига кенгайтирилган Самарқанд харажатларини ҳам киритиш мақсад қилиб қўйилган экан.
“Тепа”дан талаб қилинаётган бўлса, манфаатдор ташкилотларнинг бор муаммони ўрганиб, аниқ таклифлар беришга вақти ва имконияти етадими? Бу йўлда шошилмасдан алоҳида бир орган тузиб, унинг зиммасига муаммоларни комплекс тарзда ўрганиш ва таклиф киритиш вазифаси юклатилса бўлмасмиди? Масалан, “Миллионлик Самарқанд ташкил этиш дирекцияси” ёки шунга яқин номдаги ва шаҳарсозлик илмий-текшириш институти статусидаги орган тузиш мақсадга мувофиқ эмасмиди? Яъни фақат амалиётчиларни эмас, балки шаҳарсозлик, лойиҳалаштириш, ҳудудларни бошқариш бўйича олиму тадқиқотчиларни ҳам тайёргарлик ишларига жалб қилиш керак эди, балки?
Дирекция манфаатдор вазирлик ва жамоатчилик билан маслаҳатлашиб, тегишли тавсиялар ишлаб чиқиб, амалиётга жорий қилганида, янги ҳудудларнинг шаҳарга интеграцияланиш жараёни тезлашмасмиди? Аниғроқ қилиб айтадиган бўлсак, Дирекция томонидан электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви, канализация, телекоммуникация ва бошқа йўналишлар бўйича ривожланиш режаси тузилади. Режа тегишли идоралар тасдиғидан ўтказилади ва жамоатчилик муҳокамасига қўйиб, унинг ўлик режа бўлмасдан, ишлайдиган ва шаҳарнинг барча ҳудудини бир маромда тараққий этиши учун асос бўлиши исботлаб берилади. Шундан сўнг бирин кетин режа бўйича “миллионер шаҳар” ташкил этишга киришилса, вазифа қисқа фурсатларда сифатли қилиб бажариларди.
Ижтимоий инфратузилма объектлари етарлими, улар қулай жойлашганми?
Ижтимоий инфратузилма объектлари қулай жойлашган бўлиши ва аҳоли эҳтиёжини тўлақонли қондириш учун хизмат қилмоғи лозим. Чунки инфратузилма кишиларнинг маиший, маънавий, маданий эҳтиёжларини қондириш орқали уни ҳар томонлама социал ривожланишга хизмат қиладиган ўзига хос тизим ҳисобланади.
Ижтимоий инфратузилма деганда аҳолининг ҳаётий фаолиятини таъминлашга, шахснинг интеллектуал ривожланишини шакллантиришга хизмат қилувчи объектлар ва корхоналар мажмуи тушунилади. Шаҳарда ёки унинг алоҳида бир ҳудудида нечта ана шундай объектлар бўлиши зарурлигини ва қулай жойлашган ҳолда аҳолига хизмат кўрсатишини олдиндан белгилаб олиш зарур.
Масалан, Самарқандда ташкил этиладиган бешта туманнинг ҳар бирида нечтадан таълим (мактабгача таълим ташкилоти, мактаб, болалар дам олиш оромгоҳлари), тиббиёт (поликлиника, шифохона, реабилитация марказлари, дорихона, ветаптека), спорт иншоотлари (стадионлар, спорт саройлари, бассейнлар, очиқ ва ёпиқ футбол майдончалари), маданият ва соғломлаштириш (кутубхоналар, истироҳат боғлари, дам олиш уйлари) объектлари бўлиши лозимлигини инобатга олмасдан шаҳарни кенгайтириш аҳволни ҳозирдагидан ҳам ёмонлаштириб юборади.
Ҳозирги аянчли аҳвол эса кўпчиликка аён. Дорихоналар, ветаптекалар ва авиакассалар сони ҳаддан зиёдлиги майли-ю, уларни жойлаштиришда мутасддилар, шаҳар архитектура бўлими бефарқ бўлганлиги ажабланарлидир. Дорихоналар асосан шифохоналар атрофида, ветаптекалар Самарқанд ветеринария медицинаси институти яқинидаги кўчада, авиакассалар Янги шаҳар ҳудудида жойлашган.
Мактаблар, уларга эътиборсизлик ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайдиган бемазалик ва мамлакат келажагига бўлган эътиборсизликнинг яққол намунасидир. Кейинги 30 йил ичида Самарқанд аҳолиси деярли 200 минг кишига кўпайган бўлишига қарамасдан, битта ҳам янги мактаб қурилмади. Қанчадан қанча ресторану тўйхона, савдо дўконлари, кўпқаватли уйлар бунёд этилди. Кўпқаватли уй, янги турар жой массиви қурганда, биринчи навбатда мактаб ва бошқа ижтимоий инфратузилма объектлари барпо этилиши лозимлиги ҳақидаги талабга мутасаддилар ва турли йўллар билан пул ортириб, қурувчига айланганлар тупуриб қўйди. Фақат жорий йилда Қорасув массивида янги мактаб фойдаланишга топширилди.
Шаҳар марказидаги беш-олтита номи чиққан мактаблардаги аҳволни яхшилашга ҳеч қандай амалий иш қилинмади. Уларда ўқувчилар сони меъёридан анча зиёд эканлиги, уларда биринчи сифга қабул масаласида таниш-билишчилик ва коррупция ҳолатлари ҳақида бўлаётган гап-сўзлар ҳам эътибордан четга қолиб кетмоқда. Шунча вақтдан бери қуриш имкони бўлса, улар ҳудудида янги синфхоналар бунёд қилиш ёки бошқа жойда улар филиалини очиш мумкин эмасмиди? Ахир, кўпқаватли у й ва савдо объектлари учун жой ҳам топилади-ку! Тайёр уй-жойларни бузиб, тадбиркорларга бериш ҳоллари қанча! Масалан, собиқ шаҳар халқ таълими бўлими жойида қўпқаватли турар жой ўрнига мактаб қурса бўларди-ку! Ёки 45-мактаб атрофида бир нечта кўпқаватли иморатлар қурилди. Боз устига улар шаҳарсозлик талабларини бузган ҳолда тарихий ҳудудда қад ростлади. Қанча гап бўлди, аммо бинолар турибди.
Ижтимоий инфратузилма тизимига кирувчи бошқа объектлар ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Аҳоли сони бўйича мамлакатда иккинчи ўринда турган шаҳарда ҳақиқий ҳордиқ чиқаришга ярайдиган истироҳат боғи йўқ. Тузилиши кутилаётган бешта туманнинг ҳар бирида намунали истироҳат боғи бўлмоғи лозим.
Сартарошхона, гўзаллик салони каби кичик объектларни ҳудудларда тўғри жойлаштиришни уйлаш керак. Шаҳар ҳокимлиги ҳудуднинг қаерида сартарошхона ёки гўзаллик салони қуриш керак деб ҳисобласа, бу объктларни бунёд этишга мўлжалланган ер участкасини қурувчига эмас, ўша касб эгасига аукцион орқали сотсин. Чунки катта тадбиркор қурган кичик объектларини сартарошга ижарага беради. Сартарош даромадининг асосий қисмини ижара ҳақига кетади ва унинг косаси оқармайди.
Демак, бундай ким ошди савдосига фақат қўлида касби бор, ўзи ишлай оладиган усталарни киритиш зарур. Сартарошхонани ўзим қурамин деган устага қурилиш ва асбоб-ускуналар учун имтиёзли кредит берилса, ишлаб қарзини узади. Бу камбағалликни қисқартириш ва кичик мулкдорлар пайдо бўлиши учун бир воситага айланади.
Худди шундай бошқа хизмат кўрсатиш объектларини, масалан, маиший асбоблар тузатиш, компьютер таъмирлаш, пойабзал таъмирлаш, мебель таъмирлаш, автомобилларга хизмат кўрсатиш ва бошқа турдаги устахоналар қуриш учун ҳам ана шу касб эгаларининг ер сотиб олишига шароит яратилса, ҳам ҳудуд обод бўлади, ҳам аҳоли сарсон бўлмайди ва усталар оиласининг иқтисодий аҳволи яхшиланиб боради.
Ушбу мақолада Самарқанднинг бир миллионлик шаҳарга айланиши билан боғлиқ иккита муаммо ҳақида сўз юритилди. Афсуски, бундай муаммолар қалашиб ётибди.
Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ,
Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз