Жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди томонидан блогер Отабек Сатторий ЖКнинг 139-моддаси 3-қисми «а», «г» бандлари (оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб, ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда туҳмат қилиш) ва 165-моддаси 3-қисми «а» банди (жуда кўп миқдордаги товламачилик) да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилиб, 6 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди.
Судланувчи ва унинг давокати ҳукмга нисбатан шикоят бергач, жиноят иши апелляция инстанциясида Самарқанд вилояти судида кўриб чиқиладиган бўлди.
Бироқ Самарқанд вилояти суди судьялар ишни Термиз суди биносига бориб кўриши режалаштирилгани ижтимоий тармоқларда яна бир муҳокамани келтириб чиқарди. Айтилишича, бу суд ишига маҳаллий амалдорларнинг таъсир ва босим ўтказиши эҳтимолини ошириши мумкин.
Бугун Судьялар олий кенгашида бўлиб ўтган матбуот анжуманида айни шу масала ҳам кўтарилди.
Кенгаш матбуот хизмати раҳбари Турсунали Акбаровга кўра:
“Самарқанд вилоят судьяларининг Сурхандарёга боришидан ҳеч қандай ғаразлик излаш керак эмас. Бунга энг биринчи навбатда судланувчининг манфаатидан келиб чиқиб, қарор қилинига шубҳа бўлиши мумкинмас. Маълумки, одатда апелляция инстанциясида суд мажлиси жараёнлари бир кун кўрилмайди. Агар судьялар ишни Самарқанднинг ўзидан кўрганида судланувчи ва унинг яқинлари учун ҳар гал Самарқандга келиб-кетишини тақазо қилади. Бу эса уларга қўшимча маънавий-молиявий қийинчиликларни туғдириши турган гап. Наҳот шуни тушуниш қийин бўлса?! Маҳаллий амалдорларнинг судга босим ўтказишига оид шубҳалар ҳам ўринсиз”.
Маълумки, шов-шувларга сабаб бўлган бу суд жараёнини нафақат Ўзбекистонда, балки хорижда ҳам кенг жамоатчилик катта қизиқиш билан кузатиб бораяпти. Билдирилаётган фикрларнинг аксариятида суднинг нохолислиги иддао қилинади. Бунга сабаб бор. Охирги йиллар бўлиб ўтаётган айрим судларга назар ташлайдиган бўлсак, одатда, биринчи инстанция судининг хукмлари ва қарорлари кўп ҳолларда юқори инстанцияда ўзгартирилади. Бу эса, туман ва шаҳар судлари фаолиятини танқидий кўриб чиқишни тақозо этади. Дастлабки суддан кейин, юқорига мурожаат қиладиганлар бор, тақдирга тан бериб, мурожаат этмайдиганлар ҳам талайгина. Аксарият фуқароларимизнинг ҳуқуқий билими эса, ўзингиз билган «хаминқадар».
Блогер Сатторийнинг «иши» судимиз қанчалик мустақил ва адолатли эканлигини кўрсатади. Боиси, «Сардоба» иши бўйича чиқарилган суд ҳукмини жамоатчилик ҳали-ҳануз танқидий муҳокама қилишда давом этаяпти.