15.5 C
Узбекистан
Понедельник, 7 октября, 2024

Оммавий қабул: муаммолар ҳал бўлаяпти

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
6,910участниковПодписаться
- Advertisement -

Ҳақиқатнинг юзи ёруғ, қўли узун бўлса, адолатнинг катта-кичиги бўлмайди. Асрлар синовидан ўтган бу қойим ҳақиқатлар Президент Халқ қабулхоналарининг Самарқанд шаҳри, Оқдарё, Каттақўрғон ва Тойлоқ туманларида суд-ҳуқуқ масалалари бўйича ташкил қилган оммавий қабулларида атрофлича ўрганилиб, қонуний ҳал этилган мурожаатларда ҳам ўз ифодасини топди.

Уч кунлик очиқ-жонли мулоқотларда Олий суд масъуллари вилоят, туман-шаҳарлар судлари билан бирга 825 та масалани кўриб чиқди, уларнинг 394 таси жойида ҳал қилинди. Мурожаатлар асосида жиноят ишлари бўйича Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳар, Самарқанд, Пастдарғом, Иштихон, Оқдарё, Пайариқ, Қўшработ, Каттақўрғон, Нарпай, Пахтачи, Булунғур ва Тойлоқ туман судларида 121 нафар шахснинг ишлари кўриб чиқилиб, уларнинг барчаси ўталмай қолган жазодан муддатидан олдин шартли озод этилди.

Бир мисол – тайлоқлик Элдор Баҳронов 2017 йил кузида Туркияга ишлашга кетади. Унга чет элга чиқиш учун 2019 йил 31 июль кунига қадар рухсатнома-стикер берилган бўлса-да, бу йигит 2020 йил 13 мартга қадар Истанбулда қолиб кетади. Камига бу орада унга Туркияда вақтинчалик бўлиш ҳуқуқини берувчи ҳужжат муддати ҳам 2019 йил 30 ноябрда тугайди. Бу муддатни яна узайтириш учун эса Элдор Туркия чегарасидан бир чиқиб қайта кириши, лекин бунинг учун аввало мамлакатимизга келиб чет элга чиқиш учун рухсатнома-стикерини янгилаши лозим эди. Элдор эса бу тартибга риоя қилмай, 2019 йил 1 декабрь куни Озарбайжоннинг Боку шаҳрига бориб, аэропортнинг ўзидан яна Истанбулга қайтиб келади. Айни шу хато 2020 йил 14 мартда Самарқандга қайтган Элдорга қимматга тушади. “Самарқанд” халқаро аэропортида чегара назорати ходимлари бу қонунбузарликни аниқлаб, тегишли тартибда расмийлаштиради. Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди 2020 йил 18 августда бу ишни кўриб чиқиб, Элдор Баҳроновга 1 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлайди. Бу йигит 18 ойлик жазонинг ярмидан кўпини тартиб-интизом билан ўтади, шу даврда у белгиланган қоидаларга қатъий амал қилди, қонун чизиғини бошқа босиб ўтмади. Шу боис ҳам Тойлоқ тумани ички ишлар бўлими тақдимномаси асосида жиноят ишлари бўйича Тойлоқ туман суди бу ишни кўриб чиқиб, Элдор Баҳроновни ўталмай қолган жазодан шартли равишда озод этди.

Маъмурий ишлар бўйича судлар томонидан 27 та ариза қаноатлантирилди. 93 та тадбиркорлик субъекти етказилган моддий зарарни ихтиёрий қоплагани учун уларга нисбатан қўзғатилган маъмурий ишлар тугатилди, сайёр суд мажлисларида 2 та иқтисодий иш кўрилиб, тадбиркорлар фойдасига ҳал қилинди. Дейлик, пахтачилик тадбиркор Аъзам Мустафоев 2018 йилда муқобил машина трактор паркига тегишли эски-ю таъмирталаб бинони ижарага олиб, қарийб 600 миллион сўм сарфлаб таъмирлайди, Хитойдан замонавий тиббий асбоб-ускуна ва жиҳозлар олиб келади. Натижада бинойидек хусусий клиника иш бошлайди. Лекин орада бу мулкнинг туман ҳокимлиги балансига қайтарилиб, кредит таъминоти сифатида гаровга қўйилганидан тадбиркор бехабар қолади. 2020 йил 9 октябрда Мажбурий ижро бюроси бу мулкни электрон аукцион савдосига чиқаргач, тадбиркор сарфлаган маблағининг сўровини бошлайди. Аъзам Мустафоевнинг оммавий қабулдаги мурожаатидан сўнг Каттақўрғон туманлараро иқтисодий суди куни кеча бу ишни кўриб чиқиб, тадбиркорнинг ҳуқуқларини тиклади: мазкур мулк ижарачининг харажатлари инобатга олинмасдан сотилгани учун Мажбурий ижро бюроси Пахтачи тумани бўлимининг қарори ҳақиқий эмас, деб топилди. Энди тадбиркор истаса аукционда қатнашиб бу мулкни сотиб олади, агар бошқа шахс бу мулкни харид қилса, унда Аъзам Мустафоевга қилган харажатларини қоплаб беради.

Бундан ташқари,  алимент ундириш бўйича 88 та суд буйруғи чиқарилди, 23 та мурожаат юзасидан юридик фактлар белгиланди, 9 та оила яраштирилди.

Ургутлик Камолиддин Хўжамов аввалги оммавий қабулда Олий суд масъулларига оқлов масаласида мурожаат қилган эди. Сабаби – 2007-2013 йилларда Ургут тумани Қайроқли қишлоғида профилактика инспектори бўлиб ишлаган катта лейтенант Хўжамовнинг ҳам бошига тушган оғир савдо унинг тақдирини терс айлантириб юборган. 2012 йили охирларида бир гуруҳ шахслар наркотик савдоси билан қўлга олингач, улар терговда инспектор Камолиддин Хўжамовга бир йил аввал пора бергани ҳақида кўрсатма берган. Шу  асосда 2013 йил январда қамоққа олинган катта лейтенант Хўжамов 2013 йил 19 февралдаги суд ҳукми билан 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Далилий ашёларсиз, охиригача исботланмаган кўрсатмалар туфайли 20 ойдан зиёд қамоқда ўтирган бу инсон 2014 йил 25 августда озодликка чиққан. Айни пайтда “Ургут савдо комплекс” МЧЖ ҳуқуқшуноси бўлиб ишлаётган Камолиддин Хўжамовнинг мурожаати асосида шу йил 26 майда Самарқанд вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати аппеляция инстанциясида бу иш қайта кўриб чиқилди. Суд мажлисида эса 2013 йилги жабрланувчилар ўша вақтда била туриб ёлғон кўрсатма берганини бўйнига олди. Тергов ва суд материалларини ўрганишлар ҳам Камолиддин Хўжамовга нисбатан далилий ашёларсиз ва инкор қилиб бўлмас далилларсиз бирёқлама, ноҳақ ҳукм чиқарилганини кўрсатди. Шулар асосида Камолиддин Хўжамов оқланди ва мана бугун у Олий суд масъулларига одил судлов учун раҳмат айтиш учун келди.

Қабулларда 124 та даъво аризаси биринчи инстанция судининг иш юритувига, 76 та мурожаат бўйича аризалар Олий суд томонидан кассация тартибида ҳал қилиш учун қабул қилинди. Ургут тумани “Мерганча” маҳалласида истиқомат қилаётган Зинаида Ибрагимова қурилиш ташкилотларидан бирини бугун судга берди. Сабаби – онахон ипотека кредити эвазига намунавий лойиҳалар асосида қурилган 2 сотихли ҳовли сотиб олиб, кредитни ўз вақтида тўлаётган бўлса-да, уй ўта сифатсиз қурилганидан шикоят қилмоқда. Бу масала суд тартибида кўриб чиқилиб, қонуний-адолатли ечим топиладиган бўлди.

Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги масъулларига мурожаатларнинг анча қисмини фирибгарлик ҳолати бўйича шикоятлар ташкил қилмоқда. Мазкур ҳолат йил сайин кўпайиб бораётгани таъкидланди. Кўпчилик ҳуқуқий саводи пастлиги ё фақат оғзаки лафз-у келишувга ишонгани туфайли чув тушиб қолганидан ёзғирмоқда. Дейлик, пастдарғомлик Зарифа Рашидова уй-жой олиш учун хорижда ишлаб топган пулларини танишига юборганини, таниш аёл эса уйни ўз номига расмийлаштириб олганидан арз қилгач, Пастдарғом туман прокуратураси бу ҳолат бўйича текширув бошлади. Самарқандлик Сирожиддин Усмоновнинг савдо дўкони қуриш учун 280 миллион сўмга харид қилган ер майдони,  Ленора Кешалованинг уй олди-сотди шартномаси қалбакилаштирилгани, нарпайлик Замира Рустамованинг банкдан олган 100  милион сўм кредитини фирибгарлар ўлжасига айлангани ҳақидаги шикоятларини ўрганиб чиқиб, қонуний-адолатли ҳал қилиш бўйича вилоят прокуратурасига аниқ муддатли топшириқ берилди.

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Халқаро қишлоқ аёллари куни муносабати билан Марказий Осиё Форуми: Фан, инновациялар, озиқ-овқат хавфсизлиги ва барқарор ривожланишда аёлларнинг ўрни

Сўнгги йилларда қишлоқ аёлларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш шароитларини яхшилаш, ҳаёт фаровонлигини ошириш, касбга йўналтириш ва янги ишчи...

Больше похожих статей

×