Вазира Назарова, ЮНИСЕФнинг эрта ривожланиш ва таълим бўйича маслаҳатчиси:
“ Биз вазирлик ташкил этилгандан буён ўзаро яқин ҳамкорлик асосида ишлаб келяпмиз. Биргаликда кўплаб лойиҳалар амалга оширилди, «Илк қадам» лойиҳаси ҳам ана шулар жумласидан.
Тизимдаги асосий муаммо — кадрлар масаласи билан боғлиқ. Чунки 25 йил давомида бу соҳага етарлича эътибор берилмаган, айнан шу соҳа бўйича мутахассислар тайёрланмаган.
Бу муаммони бир неча йилда тўлиқ ҳал этиш мумкин эмас. Вазирлик бу борада тарбиячиларнинг олий маълумотга эга бўлиши учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширяпти.
ЮНИСЕФ ҳам ушбу йўналишда ўзаро ҳамкорлик қилишни режалаштирмоқда. Тегишли мутахассислар ҳамда таълим муассасалари билан ҳамкорликда кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш дастурини ишлаб чиқамиз. Бу — мазкур муаммони ҳал этишда муҳим аҳамиятга эга бўлади”.