Кейинги йилларда судлар ошкоралиги тез-тез тилга олинадиган бўлди. Хўш, бунга қандай эришиш кўзда тутилган? Суд муҳокамаси ошкоралигини таъминланлаш учун процесс иштирокчиси бўлмаган шахсларга, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари вакилларига суд мажлисида қатнашиш имконияти яратилиши уқтирилмоқда.
Самарқанд вилоят матбуот уйида “Суд органларининг очиқлиги ва шаффофлиги масалалари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакилларининг суд мажлисларида иштирок этиш тартиби” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Дастлаб мамлакатимизда суд тузилмасида амалга оширилган ислоҳот натижасида фуқаролик, иқтисодий ва жиноят ишлари бўйича вилоят судлари битта суд сифатида бирлаштирилганлигининг сабаблари ва аҳамияти ҳақида сўз юритилди. Битта вилоят суди раиси ва унинг фуқаролик ишлари бўйича, иқтисодий ишлар бўйича ва жиноят ишлари бўйича ўринбосарлари лавозими жорий этилди ва иш бошлади. Бу ҳақда вилоят суди раиси Олим Ҳайитов ўз чиқишида батафсил гапириб берди.
Суд тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги ҳамда Жиноят, Иқтисодий ва Фуқаролик процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Натижада халқаро стандартларга мос равишда уч босқичли суд тизими яратилди ва “бир суд – бир инстанция” тамойили жорий этилди. О.Ҳайитовнинг уқтиришича, энди ишларни кўриб чиқилишида бир-бирини такрорловчи инстанциялар бўлмайди ва ортиқча суд босқичларини бекор қилинди. Биринчи инстанция туман (шаҳар) судлари, айрим тоифадаги мураккаб ишлар бўйича – вилоят судларини ўз ичига олади. Иккинчиси – апелляция инстанцияси бўлиб, вилоят даражасидаги судлардан иборат. Учинчиси – кассация инстанцияси судлари бўлиб, бу Олий суддир.
Суд тизимига киритилган яна бир янгилик инвесторлар ҳуқуқларини муносиб ҳимоя қилишга қаратилган. Шу мақсадда Олий судда инвестициявий низолар ва рақобатга оид ишларни кўриш бўйича махсус судлов таркиби ташкил этилди. Энди инвесторлар, ўз хоҳишига кўра, низони ҳал қилиш учун тўғридан-тўғри Олий судга мурожаат қилиши мумкин. Бу янгилик юртимизда қонун устиворлигига ишончни орттириб, инвесторлар оқими ошишига катта туртки бўлади.
Матбуот анжуманида Маъмурий ишлар бўйича вилоят суди раиси Ботирали Диёров Маъмурий суд тизимидаги ва фаолиятидаги ўзгаришлар тўрисида сўз юритди. Эндиликда туман (шаҳар) маъмурий судлари ўрнида туманлараро маъмурий судлари ташкил этилди ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишни жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилди.
Шу вақтгача туман (шаҳар) маъмурий судлари бир-биридан тубдан фарқ қилувчи муносабатларга оид ишларни кўриб чиқишга мажбур эди. Улардан бири маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар, бошқаси оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий ишлар эди. Маъмурий судлар фақатгина маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўради.
Туман (шаҳар) маъмурий судлари тугатилиб, битта туманлараро маъмурий судларининг ташкил этилиши уларни тумандаги маҳаллий ҳокимият органларининг тазйиқларидан холи бўлиш ва мустақил фаолият юритишлари учун муҳим қадам бўлиши кутилмоқда.
Матбуот анжуманида “Суд органларининг очиқлиги ва шаффофлиги масалалари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакилларининг суд мажлисларида иштирок этиш тартиби” мавзусида вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси Ориф Пардаев чиқиш қилди.
“Олий суд пленумининг “Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида”ги қарорида судлар фаолияти тўғрисида жамоатчиликка ўз вақтида ва объектив ахборот бериш жамиятда ҳуқуқий хабардорлик даражаси ошишига имкон яратиши ва бу одил судловни амалга оширишнинг муҳим кафолати ҳисобланиши, судлов фаолияти устидан жамоатчилик назоратини таъминлаши ҳамда судга нисбатан жамият ишончини оширишнинг самарали воситаси ҳисобланиши таъкидланган”, – деди жумладан нотиқ.
Шу билан бирга, суд муҳокамаси ошкоралиги, судлар фаолиятига доир ахборотни олиш фуқаролик, жиноят, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритиш вазифаларини амалга оширишга хизмат қилиши ва судлов фаолиятига бирор бир тарзда аралашишга олиб келмаслиги лозимлиги уқтирилди. Чунки судьялар мустақил ва фақат қонунга бўйсунади.
Оммавий ахборот воситалари вакилларининг очиқ суд мажлисида иш бўйича маълумотлар олиш мақсадида қатнашиши маълумот олишнинг қонуний йўли эканлигини инобатга олиб, уларнинг қонунда назарда тутилмаган асосларга кўра, суд мажлиси залига киришига тўсқинлик қилишга йўл қўйилмайди.
Суд оммавий ахборот воситалари вакилларини тарқатилаётган ахборотнинг тўғрилиги, ҳаққонийлиги, холислиги ва ишончлилиги учун жавобгарлик ҳақида огоҳлантиради ва бу ҳақда суд мажлиси баённомасида ёзиб қўйилади.
Матбуот анжуманида модераторлик қилган Журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси Фармон Тошев суд органларининг очиқлиги ва шаффофлиги аҳолининг ўз вақтида тўғри ва тезкор маълумот олиши билан бирга судлар имижини кўтариш учун ҳам хизмат қилишини уқтирди.
Тошпўлат Раҳматуллаев,
Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз
Муаллиф туширган суратлар