Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов янги таҳрирдаги “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонун кучга кириши билан ишсизлик нафақасини тўлаш тартиби ҳам ўзгаришини маълум қилмоқда.
Унга кўра, ишсизлик нафақаси илгари ишламаган ва биринчи бор иш қидираётганларга 12 ойлик давр мобайнида фақат 13 ҳафта тўланган бўлса, эндиликда ишсизлик нафақаси барча тоифадаги ишсиз шахсларга 12 ойлик давр ичида 26 календарь ҳафта давомида тўланиши белгиланмоқда.
Вазирнинг маълум қилишича, ишсизлик нафақалари қуйидаги миқдорларда тўланади:
– ишдан ва иш ҳақидан сўнгги 12 ой давр ичида маҳрум бўлган шахсларга — аввалги иш жойидаги ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизи, лекин меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан оз бўлмаган ва нафақани ҳисоблаш пайтидаги ўртача иш ҳақидан ортиқ бўлмаган миқдорда;
– ишдан ва иш ҳақидан маҳрум бўлган ҳамда узоқ (1 йилдан ортиқ) танаффусдан кейин меҳнат фаолиятини қайта бошлашга ҳаракат қилаётган шахсларга — меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 1 баравари миқдорида (1 февралдан 747 300 сўм);
– илгари ишламаган ва биринчи марта иш қидираётган шахслар учун — белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг камида 75 фоизи миқдорида.
– Мазкур чоралар натижасида ишсизлар иш қидириш даврида моддий қўллаб-қувватланади ва 80 мингга яқин ишсизларга нафақалар тайинланади, — дейди Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов.