Самарқандда газ таъминоти яхшилаш учун нималар қилинмоқда?

0
193

Самарқанд вилояти аҳолисини табиий газ билан таъминлаш йўлида бир қатор амалий ишларни бажариш кўзда тутилган. Ана шу вазифалардан бири вилоятда табиий газ ҳисоби ва назоратининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш, яъни “ақлли” газ ҳисоблагичлар ўрнатишдан иборат.

Самарқанд вилоят Матбуот уйида “Hududgaz Samarqand” газ таъминоти филиали мутасаддилари иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида ана шу ва соҳанинг бошқа қатор долзарб масалалари хусусида сўз юритилди.

Филиал директори Олим Исоқулов дастлаб аҳолини қийнаётган масала, яъни ўтган ҳафта ва ундан олдинги кунларда, совуқ айни юқори нуқтасига чиққан пайтда газ босими жуда пастлашганлиги, айрим жойларда умуман бўламаганлиги сабаблари ҳақида ҳамда бундан кейин бу йўналишда аҳолини нима  кутаётганлиги хусусида сўз юритди.

 “Hududgaz Samarqand” газ таъминоти филиали томонидан 2020 йил давомида истеъмолчиларга 1,6 млн метр куб табиий газ ва 61,5 минг тонна суюлтирилган газ етказиб берилган.

Аҳолига етказилган табиий газ миқдори аввалги йилдагига нисбатан 150 минг метр куб кўплигига қарамасдан, у мавжуд эҳтиёжни қоплаш учун етарли бўлмади. Шу ҳақда гапириб, О.Исоқулов бундай аҳвол юзага келишининг қатор сабабларини санаб ўтди. Булар – 1957 йилдан бошлаб тортилиб келинган газ қувурлари эскирганлиги ва коррозияга учраганлиги учун табиий йўқотиш ҳажмининг катталиги, кўп қаватли уйларда иситиш тизимининг ишламаслиги, ўтган йили Самарқанд шаҳрида  газ тармоғига 7700 дан кўпроқ янги хонадон қўшилганлиги ва бошқалар.

“Ана шу омиллар ва ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетиши оқибатида аҳолининг табиий газга бўлган талаби икки ҳиссага ортди ва вилоятнинг айрим маҳаллаларида газ тармоқларининг охирги нуқталарида газ босими меъёрдан пасайиши кузатилди. Ушбу муаммоларни бартараф этиш буйича барча куч ва техниклар ишга солиниб муаммолар бартараф қилинди” – деди нотиқ.

“Samarqandshahargaz” газ таъминоти бўлими бошлиғи Шавкат Усмонов вилоят марказида амалга оширилган ишлар хусусида аниқ мисоллар келтирди. Унинг уқтиришича, шу кунларда совуқ ҳаво оқими кириб келаётганлиги инобатга олиниб, мутасаддилар томонидан газ босимида салбий ўзгариш бўлиши олдини олиш учун барча чоралар кўрилган.

Газ таъминоти тизимини янада такомиллаштириш, бу борада аҳоли эҳтиёжини қондириш мақсадида истеъмолчиларга ақлли газ ҳисоблагичлари ўрнатилмоқда. Жорий йилнинг августигача ҳаммаси бўлиб 192 мингтадан кўпроқ ана шундай ҳисоблагич ўрнатилади. Ҳозиргача ўрнатилган 18 минг 600 та ҳисоблагичнинг 16 мингтага яқини онлайн биллинг дастурига уланган. Таъкидланишича, ҳисоблагичнинг ўзи ва уни ўрнатиш билан боғлиқ харажатларни “Ҳудудгазтаъминот” МЧЖ ўз зиммасига олган. Бошқача қилиб айтганда, истеъмолчи, яъни фуқаролар учун ушбу хизмат БЕПУЛ  амалга оширилади.

Табиий газ ҳисоби ва назоратининг автоматлаштирилган тизимини вилоят бўйича жорий этиш хизмати бошлиғи Сиддиқ Худойбердиев янги ҳисоблагичларнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида, уни ишлаш принципи хусусида батафсил сўз юритди. Ҳисоблагичнинг маълумот базасида кейинги 90 кун давомида истеъмол қилинган газ миқдори сақланиб қоларкан. Унга 5 йил давомида “Технопарк” МЧЖ томонидан бепул сервис хизматлари кўрсатиларкан. Тўланган пул тугаса, истеъмолчи телефонига СМС хабар юборилиб, қарзни тўлаш учун уч кун муҳлат берилар экан. Ҳисоблагич ҳар 8 йилда бир марта бепул техник кўрикдан ўтказилар экан.

Ҳисоблагичларни тез ва сифатли ўрнатиш учун 50 нафардан ортиқ газ пайвандловчи ва чилангарлар шартнома асоси филиалга ишга олинган, 10 та пудратчи қурувчи фирмалар билан шартнома тузилган ва 120 дан ортиқ ўрнатиш бригадалари ташкил этилган.

Янги электрон ҳисоблагичлар Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарлари истеъмолчиларига ўрнатилмоқда. Мутасаддиларнинг уқтиришича, бу иккала шаҳарда табиий газ истеъмоли ва қарздорлик даражаси юқори бўлганлиги учун ана шундай йўл тутилган. Ушбу  ҳудудларда бу ишни 1 мартгача якунлаш режалаштирилган.

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ,

Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь