14.6 C
Узбекистан
Пятница, 29 марта, 2024

Дўст қалбингда боғ ўстиради

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
6,190участниковПодписаться
- Advertisement -

Орамиздаги одамлар

Ўтган асрнинг 1960-1970 йиллари Тошкентнинг Лабзак кўчасида  жойлашган Николай Островский  номидаги пионерлар саройи ўқувчи болаларнинг  асал ари инидек ғужғон қайнаган суюкли масканларидан бири эди. Рассомлик, ганч-ўймакорлик, каштачилик, миллий рақс, созандачилик, фотосураткашлик, журналист-мухбирлик, ёш адабиётчилар тўгаракларига шаҳарнинг турли чекка-чеккаларидан ихлосмандлар  ёғилиб келишарди. Бадиий адабиётга, нафис сўз нафосатига бўлган меҳр-муҳаббат, ошифталик юзлаб болалар бошини қовуштирганди.

Айниқса, атоқли шоир, адиб Ғайратий (Абдураҳим Абдулла ўғли) раҳбарлик қилган адабиётчилар тўгарагининг довруғи бутун шаҳарга ёйилган, катта донг таратганди. Ҳайриддин Салоҳ, Эркин Воҳидов, Юсуф Шомансур, Анвар Эшонов, Анвар Исроилов, Тамилла Қосимова, Аброр Қосимов, Анвар Юсупов сингари қаламкашлар  номи газета журналлардаги шеър, ҳикоя, лавҳа, бадиалари орқали танилиб келганди.

Адабиёт машғулотлари  бир неча гуруҳларга бўлинган ҳолатда олиб бориларди. Пойтахтдаги мактаблар юқори синф ўқувчилари билан турли олий ўқув юртлари талабаларидан ташкил топган ёш ижодкорлар тўгаракнинг нисбатан  “катталар” гуруҳини ташкил этганди. Улар биздан етти-саккиз ёшлар чамаси катта эди; бир қанча кўйлакни кўпроқ йиртишганди, деса ҳам бўлади. Биз, ўн уч — ўн тўрт  ёшлик ўқувчилардан иборат тўгарак машғулотлари алоҳида ўтарди.

Устоз Ғайратийнинг  зўр бир олижаноб одати бор эди. Тўгаракка янги келган аъзолардан “Нима  ёзиб келдинг, шеърми, ҳикоями”, – деб сўрар, ўзига ўқитар, кейин тўгарак аъзоларини бирма-бир, номма-ном таништириб чиқарди. Шеър, ҳикоянинг бадиий хусусиятлари ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини айтиш баробарида ўзини ҳам таништирарди. Биз, “Қибрай садоси” газетасининг ҳозир ҳам фаол муаллифларидан бўлган  Носир Тоиров билан шу тўгарак йиғинларида танишганмиз. Носир, ўша пайтдаги Қибрай туманининг Қўйлиқ қишлоғидан, мен – шаҳар чеккасидаги Яланғоч ота қишлоғидан Лабзакка қора тортиб боргандик. 

Иккимиз ҳам дастлабки машқларимизни ўқиб бердик. Носирнинг шеъри ёмғир тўғрисида эди. Менинг машқим “Тоғ сувлари”, деб аталарди. Устоз Ғайратий  иккимизга ҳам машқларни давом эттиришни тайинлади. Шеър унсурлари  – вазн, туроқ, қофия ҳақида  тушунча-сабоқлар берди.

Ҳали-ҳали эсимда. Ўшанда биз билан  бир кунда  келган Муроджон Мансур бир варақдан иборат шапалоқдек  ҳикоясини ўқиганди. Табиатнинг кўркам лавҳасини тасвирлар экан, охирида  қиссадан ҳисса тарзида умумлашма хулосасини   ҳам айтганди. Ана шу  ибратли  фикр устоз Ғайратийга  манзур бўлганди.  Рағбат кўрсатиб, “ҳикоя ёзишга  қўлинг анча келиб қолибди. Худди шу маромда  изланишда давом этавер”, дегандек маслаҳат берганди.

Кейинчалик Муроджон  ака таниқли ёзувчи бўлиб танилди. Катта шуҳрат эътибор қозонди. “Садарайҳон”, “Умр чорраҳалари, “Қирғоқлар”, “Ҳаммани яшагиси келади”, “Ёмби” каби қиссалари, “Мангу жанг”, “Гуноҳи азим” сингари романларини, уч китобдан иборат “Жудолик диёри” трилогиясини эълон қилди. Халқимизнинг ардоқли, атоқли ёзувчисига айланди.

Биз, Носир билан иштирок этган гуруҳдан  кейинчалик  ўзбек фантастика адабиётининг асосчиси  Хожиакбар Шайхов  етишиб чиқди. Унинг “Ренс жумбоғи”, “Ғаройиб кўланка”, “Олмос жилоси”, “Сўнгги  аждарнинг ҳамласи”, “Ёнар дарё”, “Сеҳрли қиз”, “Телба дунё”, “Туташ оламлар”, “Жодугарнинг эри” сингари ҳикоя, қисса, романлардан  ташкил топган ўттиздан зиёд китоблари нашр этилди.

Шоирлардан Турсуной Содиқова, Тўлаган Тўхтаев, Сабриддин Садриддинов каби истеъдодлар камол топди. Биргина Турсуной Содиқова юзга яқин  шеърий асарларини, маънавий-аҳлоқий мавзудаги одоб-таълим-тарбияга оид публицистик мажмуаларини эълон қилди. Эл-юрт назарига тушди, меҳрини қозонди.

Яна кўплаб адабиётшунос, журналист, матбуот саркорлари тўгарак машғулотлари қозонида қайнади. Шеър, ҳикоя, лавҳа, этюд, эсселардан иборат ижод намуналари републикамизнинг нуфузли газета-журналларида ёритилди. Шу жумладан Носир билан бизнинг  ҳам изланишларимиз шеър, баллада, эртак, бадиалар тарзида “Ёшлик” баёзларида, “Орзу чиқди рўёб” каби мажмуаларда нашр этилди. Носир Тоиров 1963 йилда Қибрайдан армия сафларига кетиб, 1966 йилда қайтиб келди. Ҳарбий хизматда бўлган йиллари ҳам матбуотда тез-тез материаллари чоп этиб борилди.

Бадиий сўз сеҳрига ошифталик, адабиётга бўлган адоқсиз меҳр-муҳаббат Носир билан бизни бир-биримизга  яқинлаштирди, дўстлаштирди. Фикрдош, елкадош қадрдонларга, ҳамкор-ҳамнафас биродарларга  айлантирди. Мана шунга ҳам  олтмиш йилдан ортиқ муддат кечибди-я. Умр деганлари елдек келиб, селдек  ўтиб кетавераркан. Носир билан тез-тез  кўришиб турмасак, сидқидилдан ёзилиб суҳбатлашмасак, жилла қурса телефонда боғланиб турмасак, янгиликлар билан бўлишмасак, интиқлик сезамиз. Бир-биримизнинг  кўз қарашларимизни, сўзларимизни  соғинишиб қоламиз.

Мутафаккир адиб  Асқад Мухтор  асарларида “собир”  сўзини кўп қўллайди. “Сабр-қаноат”, “тўзим-қатъият”, “собитлик” сингари маъноларни англатади ифода-талқинларида.

Дўстим Носир Тоировда  ана шундай файзиёб  фазилатлар  мужассамлашган. Қадрдон биродарларга, адабиётга, журналистлик  касбига, устозларга, оила-фарзандларига собит-собир  эътиқод, садоқат ҳавас қилгулик даражада дўстим Носир шахсиятини  безаб келаётир.

         Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг ижодий ходимлар билан бўлган учрашувлари ҳақидаги эссе, матбуот юзини кўрган талай шеърлари, адабий-публицистик  мақолалари, ўзбек халқининг асл фарзандлари Алишер Навоий, Шароф Рашидов, Асил Рашидов, Мирзамаҳмуд Мусахонов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, шунингдек, Оқил Салимов, Алишер Усмонов, Маҳмуд Тоир, Нуриллоҳ Остон ва бошқалар ҳақида “Қибрай садоси”, “Тошкент ҳақиқати”, “Ташкентская правда” “Оила даврасида” “Нуроний” “Ўзбекистон овози”, “Голос Узбекистана”, “Халқ сўзи”, “Народное слово”, “Правда Востока” газеталари, “Мулоқот”, “Хумо” “Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги” журналларида чоп этилган ва интернет сайтларида жойлаштирилган материаллари, “Журналистикага садоқат” китоби Носирнинг толмас, фидойи, заҳматкаш  қаламкаш сифатида танитди. “Ўзбекистон овози” республика газетасидаги адабий таржимонлик, “Қибрай садоси” туман газетаси редколлегия аъзоси сифатидаги жўшқин фаолияти Носир Тоировнинг ўз касбига, бадиий сўзга, матбуотга нечоғлиқ улкан муҳаббати, собир-собит садоқат тасдиғидир. Бу ҳам  ёруғ салоҳиятнинг амалдаги тасдиғидир. Сўнмас, сўлмас қобилиятнинг кўриниши, намоён бўлиш шаклларидан биридир.

Меҳр-эътиқод ҳам сўзда, ҳам кўзда, ҳам ўзида зоҳир бўларкан. Ўзлигини зуҳур этаркан.

Ҳамиша омон бўлинг, бор бўлинг, қадрдоним Носирхон.

Нўъмон Раҳимжонов,

филология фанлари доктори, профессор,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.

Қибрай тумани, Яланғоч ота қишлоғи.

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Олий Мажлис Сенатининг эллик биринчи ялпи мажлиси 30 март куни чақирилади

28 март куни Олий Мажлис Сенати Кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни Сенат Раиси Танзила Норбоева олиб борди. Унда Сенатнинг...

Больше похожих статей

×