Ўзбек миллий кино ҳафталиги доирасида бўлиб ўтган анжуманда Ўзбекистонда ёш киноижодкорларнинг кинолойиҳаларини қўллаб-қувватлаш бўйича питчинг жорий этилиши маълум қилинди. Шунингдек, ушбу анжуманда янгидан иш бошлаётган кинорежиссёрларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг самарали фаолият юритишлари учун тегишли шароитларни яратиш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ҳақида сўз юритилди.
Анжуман иштирокчилари яқин келажакда питчинг тизимини яратиш ва амалда қўллаш зарур, деган фикрга келдилар. Эслатиб ўтамиз, питчинг — бу маълум бир лойиҳани молиялаштиришга қодир ҳомийларни топиш учун кинолойиҳанинг тақдимотини ўтказишдир. Амалиётга татбиқ этилиши режалаштирилаётган мазкур тизимга мувофиқ давлат томонидан грантлар ва кўмак олиш учун ягона лойиҳа тақдимоти ишлаб чиқилади.
Қабул қилинган барча аризалар махсус тузилган комиссия томонидан баҳоланади ва ижобий баҳога муносиб топилган кинолойиҳага бюджет маблағи ажратилади. Жорий йил 25 январдан бошлаб ёш киноижодкорлар ўз аризаларини топширишлари мумкин. Айни пайтда уни рўйхатдан ўтказиш тартиби ишлаб чиқилмоқда. Илк питчинг шу йилнинг 15 февралига қадар ўтказилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, анжуман доирасида замонавий кино сифати масаласи ҳам кўтарилди. Кинолойиҳаларни муваффақиятли амалга оширишга ҳар томонлама ёрдам берадиган Ёш киноижодкорлар уюшмасини тузиш таклиф қилинди.
Анжуманда 200 нафардан зиёд кино ва санъат арбоблари иштирок этди.