Ҳокимиятдагилар нега пора билан қўлга тушмоқда? Маоши етмагани учунми?

0
554

Турли даражадаги ҳокимлик идораларида ишлаётганларнинг айримлари пора билан қўлга тушаётганлиги ҳақида хабарллар кўпайиб бораётгандек назаримда. Ёки бу каби хабарлар киши диққатини ўзига тортиб, аҳоли орасида кенг муҳокамага сабаб бўлаётганлиги учун шундай туюладими? Ҳар ҳолда, “қайсар” фактларга эътибор қилмасликнинг иложи йўқ. Кўпчиликнинг тасаввурида бўлганидек, иссиққина жойда, тоза-озода хонада иш кунини ўтказадиган, яхшигина маош оладиган ҳокимлик амалдорларини коррупция ботқоғига киришга нима мажбур қилмоқда?

Самарқандлик журналист Исомиддин Пўлатовнинг “Ҳоким бўлишни истайсизми” сарлавҳаси остида куни кеча эълон қилган мақоласини ўқиб, менда ундаги мулоҳазалар бўйича айрим фикрлар билдириш истаги туғилди. Мақола яхши ёзилган ва муаллиф амалдорларни мавжуд қонунларни бузишга нима мажбур қилаётганлигининг сабабларини кўрсатишга ҳаракат қилган.

И.Пўлатов ҳокимлик тизимидаги порахўрлик ҳақида сўз юритар экан, оқибат билан эмас, сабаб билан курашиш лозимлигини таклиф қилади. Мисол орқали оқибатнинг сабабини таҳлил қилишга интилади. Мақоладан қуйидаги муҳим иқтибосни келтирамиз:

“2020 йилнинг 15 октябрида давлат раҳбари иштирокида ўтказилган йиғилишда айрим рақамлар айтилди. Тошкент вилояти Қибрай тумани ҳокимининг инвестиция масалалари бўйича ўринбосари 35 минг, Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошидаги капитал қурилиш бош бошқармаси бошлиғи ўрин босари 1,4 миллион, Андижон вилояти Марҳамат тумани ҳокими ёрдамчиси 29 минг, Фарғона вилояти Бувайда тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари 20 минг, Тошкент вилояти Оққўрғон тумани ҳокими ўринбосари 1500, Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани ҳокими ўринбосари 25 минг АҚШ доллари пора олаётганда қўлга тушган. Бундан ташқари ўтган йилнинг ўзида бир неча бор амалдорларнинг ер сотиш, қандайдир ишни ҳал қилиб бериш билан боғлиқ жиноятлари ошкор бўлди. Ошкор бўлмаганлари ҳақида эса ўйлагиси ҳам келмайди одамнинг”.

Муаллиф юзага келган бундай ҳолатнинг сабаби ҳокимлик ходимлари маоши камлиги ва иш ҳажмининг катталиги билан изоҳлайди. Масалан, туман ҳокимлигида ишлайдиган етакчи мутахассис, бош мутахассис 2,5 миллион сўм атрофида ойлик олиб, зиммасида жуда катта вазифалар юклатилганлиги, кечаси соат тўққиз-ўнларгача ишда қолиб кетиши хусусида мисоллар келтиради ва қуйидаги саволни ўртага ташлаб, ўзи жавоб қайтаради: «Кам ойлик бериб, кўп, меъёрдан анча ортиқ иш талаб қилинганда, инсон нима қилади? Ишдан бўшайди ёки кимнингдир қўлига қарайди”.

Ҳокимликда ишлаётган ходим-мутахассислар иш юкламаси ҳақида сўз юритганда, И.Пўлатов ҳақ эканлигини тан олиш лозим. Камина ҳокимлик тизими фаолияти билан яхши хабардор эканлигимни таъкидламоқчиман. 1994 йилнинг охиридан бошлаб Самарқанд шаҳар ҳокимлиги нашри бўлган “Самарқанд” газетасига етти йил давомида бош муҳаррир бўлиб ишлаганимда ва ундан кейинги йилларда ҳам шаҳар ҳокимлигига мунтазам кириб чиққардим. Шу сабабли бемалол айта оламанки, ҳокимликда иш тартиби йўқ, аниқроғи меҳнат қонунчилигига амал қилинмайди. Иш соати ҳам, иш куни ҳам тартибга солинмаган. У ердагилар дам олиш кунлари нима, байрам нима билмайди.

Самарқанд доимо меҳмонлар нигоҳида бўлганлиги учун ходимларнинг кўп вақти уларни кутиш, қабул қилиш ва кузатиш билан боғлиқ ишларга кетади. Ҳокимликдаги штат бирлиги бошқа аҳолиси камроқ ва меҳмон бормайдиган шаҳарларникидан деярли фарқ қилмайди. Шундай экан, И.Пўлатов “Ҳозирча биз давлат идораларида ишлаётган ходимларга филнинг юкини ортиб, хачирнинг ойлигини бераётган эканмиз, ҳаммаси зўр бўлиб кетишига анча вақт бор” деганда, маълум маънода ҳақлигини тан олишимиз лозим.

Аммо мавқеи баланд, маоши юқори бўлган ҳоким ўринбосарлари ва ҳокимларнинг коррупция йўлига кириб кетишини қандай изоҳлаш мумкин? Бунинг учун бу “бечоралар”га фақат маблағ етишмаётганлиги сабаб бўлмаётгандир? Халқ тили билан айтганда, “таг туги тилло бўлиб кетганлар” яхши ишлаб, халқ дуосини олиб, ўзидан абадий эзгу ном қолдиришга интилса бўлмайдими?

Ҳоким ўринбосарларининг ўртача ойлиги 3 миллион сўм бўлиб, ҳукумат томонидан ҳар ойда улар яна 4 миллион сўмдан устама оларкан. Бизнинг шароитда 7 миллион сўм маош олиш ёмон бўлмаса керак? Бундан ташқари, ўз вақтида, беминнат қилинган хизмат учун халқимиз “чин дилдан” деб, миннатдорчилик билдиришидан яхши хабардормиз.

Ҳоким ўринбосарлари томонидан бир қатор ҳолатларда, айниқса ер ажратиш билан боғлиқ порахўрлик жиноятлари кўплаб содир этилганлигини афсус билан қайд этиш мумкин. Масалан, Самарқанд шаҳар ҳокими ўринбосарларидан бири ер ажратиш ҳақида 70дан ортиқ қалбаки қарорлар чиқаргани ҳақида хабар тарқалган эди. Яъни қарор фақат ер олган кишига берилган, аммо у ҳеч қаерда қайд этилмаган. Бундай мисоллар камми?

Ёки Самарқанднниг собиқ вилоят ҳокими қилмишлари оламга достон бўлган эди. Фақат иш хонасидаги сейфдан бир миллион доллардан кўпроқ пул чиққан эди. Бундай олиб қараса, вилоят ҳокимларига ўзи нима етмайди?

Бундайларни халқимиз “нафси ҳакалак отган” деб атайди. Нафс деганда амалдор, умуман ҳар бир шахснинг тубсиз, боши ҳам, охири ҳам бўлмаган эҳтиёжини қондиришигина тушунилмайди. Нафси бузуқлар ўзининг бир чақага қиммат яқинларини, ўз қишлоғи (тумани, шаҳри, вилояти)дан бўлганларни турли мойли мансабларга тайинлашдек ўта пасткаш, уруғчиликдан қолиб кетган тажриба ҳам порахўрликнинг кўринишидир. 

Қаранг, кўп ҳолларда биринчи раҳбар қайси туман ё шаҳардан бўлса, пулли мансаб курсиларини ўша ердан чиққанлар эгаллайди. Шу билан бирга катта амалдорнинг ўғил-қизлари, куёвлари, тоғаю амакилари, айрим ҳолларда қайинсингиллари ҳам “катталишиб” кетади, уларга қурилиш учун бизнесга қулай жойларлардан ер участкалари ва ҳатто бировнинг тайёр объектлари ҳам олиб берилади.

Ўша маҳаллийчилик исканжасида қолган, босар-тусарни билмаган амалдор ўзича унинг ишидан ўзгалар бехабар деб ўйлайди. Йўқ, асло ундай эмас! Фақат одамларимиз ўта андишали ва ўша очкўзлар айнан шундан фойдаланишади, ҳеч нарса бўлмагандек, ўзларининг жирканч ишларин давом эттиришади.

Халқ эса ҳаммасини, ҳеч бўлмаса, аксариятини билади. Катта мулозим ўзини минг сипо тутганда ҳам, у қайси тадбиркор билан ҳамкорликда йирик объектлар қуряпти, ким билан бизнесда шерик, жияни учун қайси давлат унитар корхонасини ташкил этди, қурилган қайси объектдан қанча “доля” олган каби маълумотлар аҳоли ўртасида муҳокама этилади. Афсуски, бу каби гап-сўзлар оғиздан оғизга ўтиб, янада “бойиб” кетади, бўлмағур тафсилотлар билан жамоатчилик фикрини чалғитади, амалдорларга нисбатан нафратни оширади.

Бу ҳолатнинг яна бир ёмон томони шундаки, бошлиғининг барча ишларидан хабардор ҳокимлик ходими ўзини тиёлмайди. Агар раҳбар ҳалол, одил ва шундагина талабчан бўлса, ходимлар ҳам қинғир йўлдан боришдан ўзларини тийишади.

Шундай экан, юқори лавозимда ишлаётганлар порахўрлиги сабабини доим ҳам ойлик маошнинг озлиги билан баҳолаб бўлмайди. Аммо ҳар бир ходим, айниқса, қарор қабул қилиш билан боғлиқ вазифаларда ишлайдиганларга улар меҳнатига муносиб ҳақ тўланиши шарт! Бу – аксиома. Бу коррупциянинг олдини олишда муҳим омиллардан биридир.

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ,

Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь