Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасига қилган навбатдаги мурожаатномасида “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, бошқа нуфузли халқаро ва минтақавий тузилмалар билан яқин ҳамкорликни ривожлантириш масалалари доимо эътиборимиз марказида” бўлиш кераклигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Давлатимиз Раҳбари белгилаб берган ушбу муҳим стратегик вазифа – Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатидаги утстувор йўналишлардан бири бўлган кўп томонлама ҳамкорликни изчил ва мантиқий давоми сифатида баҳолаш мумкин.
Таъкидлаш жоизки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти – умумжаҳон тинчлиги ҳамда хавфсизлигини қўллаб-қувватлаш, барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишни таъминлаш ва экологик муаммоларни ҳал этиш бўйича ягона универсал тузилма бўлиб қолмоқда. Мамлакатимиз БМТнинг тенг ҳуқуқли аъзоси ҳамда унинг халқаро ҳуқуқ тамойиллари ва меъёрларига қатъий риоя қилади. Шунингдек ўз овози ва мақомига эга суверен давлат сифатида анъанавий равишда ташкилот фаолитиятига оид ниҳоятда муҳим ва долзарб ташаббусларни илгари суриб келади.
Айниқса сўнгги тўрт йил ичида Ўзбекистоннинг БМТ билан ҳамкорлиги бутунлай янги босқичга кўтарилди. Давлатимиз раҳбари ўз нутқларида жаҳон ҳамжамияти эътиборини сайёрамиз аҳолиси учун ўта муҳим масалаларга қаратди, бу борада қатор муҳим таклифларни билдирди. Энг асосийси, ушбу таклифлар ҳаётий ва аниқлиги, олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар эса амалий ва изчил эканлиги билан жаҳон ҳамжамияти эътирофига сазовор бўлмоқда.
Хусусан, Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқи мавжуд муаммоларга мамлакат, минтақа ва глобал даражада аҳамият қаратилиб, уларнинг ечимига прагматик ёндашилгани билан аҳамиятлидир.
Президентимизнинг БМТ минбаридан туриб илгари сурган долзарб аҳамиятга эга ташаббуслари бугун халқаро миқёсда қўллаб-қувватланмоқда.
Хусусан, 2018 йил 22 июнда БМТ Бош Ассамблеясининг “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш”, 2018 йил 12 декабрда “Маърифат ва диний бағрикенглик” номли махсус резолюциялари қабул қилинди.
Шу билан қаторда, дунё ёшларининг ҳуқуқ ва эркинликларини бир тизимга солиш, бу ҳуқуқларни яхлит тарзда ифодалаш мақсадида Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияси лойиҳаси айни пайтда ташкилотга аъзо давлатлар, манфаатдор тузилмалар томонидан қизғин муҳокама қилинмоқда. Буларнинг бари Ўзбекистон Ташкилот доирасида муҳим халқаро ташаббуслар ижодкорига айланиб бораётганидан далолатдир. Президентимизнинг Бирлашган миллатлар ташкилоти доирасидаги таклиф ва ташаббуслари халқаро ҳуқуқ асосларини такомиллаштиришда муҳим замин яратмоқда. Бугун дунё ҳамжамияти Ўзбекистон тимсолида нафақат минтақада, балки халқаро майдонда кун тартибини белгилаб берувчи фаол иштирокчини кўришмоқда.
Жумладан, 2020 йил сентябрь ойида БМТ Бош ассамблеясининг 75-сессиясида дунёдаги ҳар бир инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини, саломатлиги ва фаровонлигини таъминлайдиган адолатли глобал тизимни биргаликда яратишга қаратилган БМТ шафелигида Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқиш таклифи билдирилганлиги ушбу сўзимизни яққол исботидир.
Бундан ташқари, сўнгги йилларда Ўзбекистон ташқи сиёсати БМТ ва унинг институтлари, шу жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссар бошқармаси ва Инсон ҳуқуқлари кенгаши билан ўзаро ҳамкорлик даражасини оширишга қаратилди.
Бунинг эътирофи сифатида БМТ Бош ассамблеясида Ўзбекистон БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига кўпчилик овози билан тарихда биринчи марта уч йиллик муддатга сайланди.
Алоҳида қайд этиш лозимки, БМТ доирасида қабул қилинаётган ташаббуслар – Ўзбекистон олиб бораётган минтақавий ва глобал ташқи сиёсатнинг ижобий маҳсули сифатида баҳолаш мумкин. Бу ўз навбатида, тинчликпарвар, дўстона ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка қаратилган фаол ташқи сиёсат олиб борилиши натижасида давлат мустақиллиги янада мустаҳкамланишига, фуқароларни тинчлиги ва миллатлараро тотувлигини таъминланишига, мамлакатимизнинг барқарор иқтисодий ривожланишига ва халқаро майдонда ўз салоҳиятини тўлиқ намоён қилишига замин яратмоқда.
Муштарак килиб айтганда, давлатимиз Раҳбари белгилаб берган юқоридаги муҳим вазифа кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш – Ўзбекистонни жаҳон хамжамияти ва халқаро муносабатлар тизимига жадал интеграция жараёнини кучайтиришини билдирибгина қолмай, ташқи майдонда сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан ўз ўрнини мустаҳкамлашга бўлган қатьий интилишларида собитқадам эканлигини ҳам ифодалайди.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга мурожаатномасига Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти етакчи илмий ходими Аллаберганов Қахрамон