-1.5 C
Узбекистан
Понедельник, 23 декабря, 2024

Э л п а р в а р

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
7,150участниковПодписаться
- Advertisement -

Шароф Рашидов ҳақида самимий сўз

         Атоқли давлат арбоби, Ўзбекистонга узоқ йиллар раҳбарлик қилган Шароф Рашидовнинг бундан уч йил аввал 100 йиллиги республикамизда кенг нишонланган эди. Юбилей баҳона бу бетакрор инсон тўғрисида бир қатор илмий, бадиий асарлар чоп этилганди.

Шу йил ёзда таниқли россиялик ёзувчи Федор Разаққовнинг «Шароф Рашидов ҳаёти ва тақдири» китобининг тўлдирилган нусҳаси «Ўзбекистон» матбаа уйи томонидан рус ва ўзбек тилларида босмадан чиқарилди. «Коррупция в Политбюро. Дело «красного узбека»(«Сиёсий бюрода коррупция. «Қизил ўзбек»нинг иши») китоби Москвада 2009 йилда босилган эди. Рус ёзувчисининг Ўзбекистон лидери тўғрисидаги иккинчи китоби  «Спасти Рашидова!» («Рашидовни қутқариш!») 2019 йилда ёзиб тугатилганди. 

Ушбу асарларда ёзувчи кўплаб архив манбаларидан фойдалангани ҳамда таниган-билган кишилардан олган маълумотлар асосида ёзилгани учун республикамизда илгари Шароф Рашидов ҳақида чоп этилган китоблардан анча фарқ қилади.

Бугунги суҳбатдошимиз – Жумабекмурод Муртазаев, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлиги хизматининг фахрийси, истеъфодаги генерал-майор. Москва бошлатган «ўзбеклар иши – пахта иши» даврида Ўзбекистон Давлат хавфсизлик қўмитасининг Бухоро вилояти бошқармасига раҳбарлик қилган. Ўша замон воқеаларига доҳил ва уларнинг бевосита ичида бўлган. У киши билан суҳбатимиз давомида мамлакатимизнинг турғунлик йиллари ва Шароф Рашидов шахсига оид янги факт ва ёндашув билан баҳо берилади.

-Жумабекмурод Ражабович, аввало суҳбатга розилик берганингиз учун сизга чуқур миннатдорлик билдираман. Сиз билан мавзуни белгилаб олдик. Марҳамат, кўнглингиз суҳбатни нимадан бошлашни истаяпти, ихтиёр Сизда!

-Федор Раззақовнинг китоби бугунги суҳбатимиз учун бир турки бўлди. Ўз навбатида мен Шароф Рашидов ҳамда ўша ва ўтган даврлар юртимизда рўй берган айрим воқеа ва ҳодисалар тўғрисида бир нималарни қоралаб қўйганман. Насиб этса, мен ва «дами ичида» қолиб кетган ҳамкасбларим иштирокида рўй берган ишлар тўғрисида дил оғриғи билан ёзилган битикларим бир кун келиб китобхонлар қўлига етиб боришига ишонаман.

Шароф ота ҳақидаги суҳбатни бир тарихий далил келтириш билан бошлашни истардим.1950 йил. Усмон Юсупов томонидан Ўзбекистон Олий Совети Президиуми раиси лавозимига икки номзод таклиф киритилади. Ҳар иккаласи билан Москвада шахсан Сталиннинг ўзи суҳбатлашади. Улардан бири – Ёзувчилар уюшмаси раиси Шароф Рашидов ва бошқаси республика Фанлар Академияси президенти Тошмуҳаммад Саримсоқов. Бири олим, иккинчиси ижодкор. Иосиф Виссарионович … Шароф Рашидович номзодини танлайди! Ўша пайтда Шароф ака таъбир жоиз бўлса замоннинг «каллакесари»га ўзининг салоҳиятини намойиш эта билган эди!

Бу тарихий факт! «Доҳий»нинг вафотига қадар Рашидовнинг ишлари ҳам юришиб турган. 1953 йилдан кейин эса … унинг устида қора булутлар пайдо бўла бошлайди. Аслида «Сталиннинг одами» деб қаралган Шароф Рашидовнинг ҳаёти то вафот этгунига қадар марказ бошлаган сиёсий ўйинлар ичида кечади.

Биз республикамизга чорак аср раҳбарлик қилган Шароф Рашидов тўғрисида сўз юритаётиб қуйидагиларни ёдга олсак дейман. Умуман юртга, элга, давлатга раҳбарлик ўта масъулиятли вазифа бўлиб уни уддалаш ўзини улуғ ишларга тайёрман деган ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. 

          Аллоҳ тақдирига битмаган бўлса юртга ўнлаб йиллар бошчилик қилиш насиб қилмайди. Тангри таоло бу марҳаматини иймон — эътиқодли, уни доим дилида сақлаган бандаларига раво кўриши тайин. Менимча айнан шу сифатлари билан Шароф Рашидов бошқа республикалар раҳбарлари орасида ажралиб турарди. Унинг эътиқоди мустаҳкамлигига шубҳа қилишга асос топиш мураккаб. Шароф ота Ҳазрат Нақшбандий таълимотига оғишмай амал қилган кўринади.

      Матонатли инсон бўлган Шароф отани бир неча марта маънан синдиришга уринишлар бўлди, аммо иродаси мустаҳкам кишини синдиролмадилар! Уруш асоратлари ҳар замонда ўзини билдириб турса-да, оғирликларга дош берди ҳамда афсус билан айтамизки, ўша урушда олган жароҳат уни орамиздан олиб кетди.

-Кечирасиз, Шароф Рашидовичнинг вафоти тўғрисида турлича талқинлар келтирилади!..

-Уларнинг барчаси асоссиз, уйдирма гаплар!

Шароф ота тақдирнинг барча ўйинларига тик қараган. Ўзларидан аввалги республика раҳбарияти – Акмал Икромов, Файзулла Хўжаев ва бошқаларнинг халқ ташвишлари, Ватани тақдири йўлида бутун борлиғини бахшида қилган ўзбек ўғлонлари машъум қисматларидан у киши жуда яхши хабардор бўлган. У кишининг лидерлик қобилиятларидан бири турли вазиятлардан ўзларига гард юқтирмай чиқиб кетишни  билганидир. Бундан ташқари,  ёмон кўрган одами ёки марказдан юборилган «нозик табиат», сўхтаси совуқ инсонлар билан ҳам жамият фойдаси, халқ тинчлиги ва осойишталиги йўлида келишувнинг турли йўлларидан фойдаланиш қобилиятига эга бўлган деб биламан.  Аммо ўз нуқтаи назарига қатъий эгалик   қила олганлиги ҳам Ф.Раззаковнинг китобида яққол акс эттирилади.

-Янги авлод Шароф Рашидович сиймосини тўлароқ тассаввур этиши учун мисоллар келтирсангиз яхши бўларди.

— Мен Тошкентдан ташқари Фарғона, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида хизмат қилганман. Ушбу вилоятлар сафарларига у кишининг хавфсизлигини таъминлашда қатнашганман. Бақир-чақир қилиш, кўпчилик олдида айбдорни сазойи қилиш у киши учун мутлақо ёт нарса эди.

Райондан районга кечиш чоғида йўл четида тўпланиб турган одамлар билан кўришиб ўтишга ҳаракат қилар эди. Халқ ҳам давлат раҳбарини самимий севар эди. Халқ ва раҳбар ўртасида ҳеч қандай тўсиқ бўлмаган, улар доим бир-бирларига интилиб яшашган! Шунинг учун республикада барака бўлган!

Энди бирнеча, бир қарашда оддий деб саналадиган, учрашувларга тўхталаман. 1970 йилнинг эрта кузида Шароф Рашидов Бухоро вилоятининг Ромитон туманида айрим хўжаликлар аҳволи билан танишади, меҳнаткашлар ва раҳбарлар билан мулоқотлар ўтказди. Шароф Рашидовичнинг нигоҳи бир чеккада тортиниброқ турган 65 — 70 ёшлардаги кексага тушади.

Мулоқот тугаши билан Раҳбар ҳалиги қария томон юради. Оқсоқол бу каби эътибордан эсанкираб қолди. Қариянинг ўша пайтдаги хурсандлиги, шодлигини фақат “стоп кадр” намойиш қилишга қодир бўлса керак. Бу лаҳзани тасвирлаб бериш мушкул иш.

 Бухоро сафарида у киши асли жиззахлик таниқли пахтакорнинг  хасталаниб Вобкентда даволанаётгани тўғрисида хабар олади. Гиждувонга кетиш йўлида тўсатдан Вобкент касалхонасига боришни буюради. Бир хастахона мисолида вилоят соғлиқни сақлаш тизими билан бевосита танишган бўлади. Тошкентга эса бир дунё тассаввур билан қайтиб, тегишли вазиликларга қисқа муддатда камчиликларни бартараф этиш учун таълимотлар берилади.

1975 йилнинг кузида Зарафшон ва Учқудуқ шаҳарлар меҳнаткашлари ва фаоллари иштирокида “Олтин водий” маданият саройида мажлис ўтказилади. Навоий кон металлургия комбинати (НКМК) жамоаси шаънига кўплаб илиқ гаплар айтилди. Шароф Рашидовнинг маърузаси давомида фақат бир марта “уран” деган ибора ишлатилди. Ўша даврларда, аслида ҳаммага маълум бўлса ҳам уран ҳақида оғиз очиш, “уран” сўзини ишлатиш тақиқланган эди.

Тадбир тугагач саҳнадан туша туриб, менга юзланди: “Муртазаев, мен нутқимда “уран” сўзини тилга олдимми?”, деб қўққисдан савол бериб қолди.

         -Шароф Рашидович! Мен ундай сўзни эшитмадим, — дедим ҳарбийчасига ҳозиржавоблик билан.

         Менинг мавҳумроқ иқрорга ўхшамайдиган жавобимдан кўнгиллари жойига тушган бўлса керакки у киши ва ҳайъат аъзолари мириқиб кулиб олишди.

         Шароф Рашидович учрашувда, йўлда кетаётганда болаларни кўриб қолса, дарров уларни эркалаб бағрига босар, мактабдаги дарслар ва олаётган баҳолари билан қизиқар эди. Дастур режамиз роса тиқилинч бўлса ҳам бу одатни сираям тарк этмасди.

Вилоятларда кўп марта ҳамрохлик қилган бўлсам, у кишининг зиёфатларда қатнашганликларига ҳеч гувоҳ бўлмаганман. Кунлик режани битириб, тўғри махсус майдончада қантариб қўйилган ўз вагонларига ошиқарди. Янги ҳужжатлар билан ишлашга вақт ажратар, бўлғуси иш режаларини таҳлил қилиш ва бошқа ташвишлар билан банд бўларди. 

-Москвалик зодагонлар Шароф Рашидович ҳақида қандай фикрда бўлганлар, бу ҳақда эшитганингиз борми?

-Тўғрисини айтсам, реал ҳаётдан хабардор, кўнглида халқ манфаатининг ҳимоясида мустақил фикр юритишга мойил камдан кам москвалик раҳбарлар Шароф Рашидовни дилдан ҳурмат қилганлар. Баъзилари ўзбек элининг келажагини унинг  бунёдкорлик фаолияти натижаларига  боғлаган бўлишлари ва шу муносабат билан, керак бўлганда, ёрдам қўлини чўзишни лозим топганлар.  

1958 йилда ташкил топган Навоий кон-металлургия комбинати жамоаси Шароф Рашидовни  нақадар ҳурмат қилишларига мен кўп марта гувоҳ бўлганман.

Олтин тозалаш (ГМЗ — 2) заводининг қурилишида шахсан Отанинг ўзи  қатъиятлик ва ташаббус кўрсатган. Аслида НКМК уран рудаси қазиб олишга мўлжалланган. Олтин қазиб олиш эса Иттифоқнинг рангли металлар вазирлиги тассаруфида бўлган. Итифоқнинг энг машҳур раҳбарлардан, уч марта меҳнат қаҳрамони ҳамда давлатнинг кўплаб мукофотлари совриндори атом бомбасини яратиш лойиҳасининг иштирокчиси, вазир Ефим Павлович Славскийнинг азбаройи республика раҳбарига ҳурмати ҳаққи истисно тариқасида  муаммони ижобий ҳал қилиб беради.

-Шароф Рашидович билан стол атрофида ўтириб жиддий масалалар устида ҳам суҳбатлашган вақтингиз бўлганми?

-Давлат хавфсизлик қўмитасининг Бухородаги бошқармасига номзодим Москва тасдиғидан ўтгач, вилоятга жўнашдан аввал 1982 йилнинг ёзида Шароф аканинг суҳбатларида бўлганман. Соҳа бўйича берилажак таҳминий саволларга жавоб беришга пухта тайёргарлик кўрганман. Яширишнинг ҳожати йўқ, ўша пайтда менда барибир ҳаяжон бор эди.

Кутганимнинг акси бўлиб чиқди. Бирорта савол бермади у киши, қайтага ўзлари Бухорода юзага келаётган кўнгилсиз ҳислари тўғрисидаги мулоҳазаларини менга гапириб берди. Ўзим асли бухороликман, вилоятга хизматга кетиш олдидан анча жиддий тайёргарлик кўрганман, лекин Шароф Рашидович билдирган мулоҳазалар ҳаёлимнинг кўчасига ҳам кирмаган эди…

-Давлат раҳбарини қийнаб келаётган муаммолар сизни анча ташвишга солибди-да. Кўрсатилган муаммони ҳал этиш учун ишни нимадан бошладингиз?

-Гапнинг очиғи бу ҳақда батафсил гапириб беришнинг имкони йўқ.

Қисқа қилиб айтганда, Шароф Рашидович кимдир ёки кимлардир вилоятда носоғлом жараён ҳукм суришидан манфаатдор бўлиши мумкинлиги эҳтимоли йўқ эмаслиги, бу ҳолат эса вилоят раҳбариятига, хусусан вилоят партия қўмитаси биринчи котибига мушкулликлар туғдириш хавфи борлиги тўғрисида гапирди. Бу йўналишдаги фаолиятимни Республика ДХК раҳбарияти билан мувофиқлаштириб олиб боришим кераклиги уқтирилди.

Мен Шароф Рашидович Республика ДХҚ раҳбарияти тўғрисида гапирганда раис номини тилга олмаганлигига эътибор бердим ва махсус тизимда ўз касбига содиқ раҳбарлар ва тезкор ходимлар кўплигига давлат раҳбари шубҳа қилмаслигига ишонч ҳосил қилдим.

Кейинчалик “Ришта иши”(“Ўзбеклар иши”) бўйича ёзилган айрим мақолаларда ҳам иқтисодиёт соҳасидаги порахўрлик билан боғлиқ жиноятлар билан ДХҚ шуғулланиш ваколатига эга эмаслигига урғу берилганди.  Аммо бу янглиш фикрлар эди.

Ҳақиқат шуки вилоят партия қўмитасининг биринчи котиби ва унинг оила аъзоларининг ҳаётларига таҳдид қилишга қаратилган реал ҳаракатлар тўғрисида тезкор маълумотлар қўлга киритилган  ва шу асосида “Ришта иши” бошланган эди.  (Бу иборанинг асл моҳияти юқимли касаллик маъносини англатади. Бу хасталик тери  остида узун, ингичка қурт пайдо қилади. Эски замонларда табиблар тери остига жойлашиб олган ўша қуртларни маълум усулларни қўллаб силиб ташлаганлар.)

        «Ришта» операцияси «Ўзбеклар иши»нинг бошланиши билан бевосита боғлиқ. Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасининг социалистик мулкни талон-тарож қилишга қарши курашиш бўлими (ОБХСС) раҳбари Музаффаров бошчилигидаги жиноий гуруҳнинг кирдикорлари тўла фош этилади. 1982 йилнинг иккинчи ярмида  бошланган бу иш 1983 йил апрель ойи охирида ниҳоясига етказилади. Тергов материаллари ва айбланувчилар Тошкентга ўтказиб юборилади.

Бу амалиёт натижасида қўлга киритилган миллионлаб пул маблағлари, жуда катта миқдорда тилла буюмлар ва яна бир қатор бебаҳо мол-мулкларни ўша вақтларда эшитган одамнинг эти жунжикиб кетарди.  «Чўпчак тўқиманглар, эви билан-да», дегувчилар чиққан ўшанда. Соғлом кишининг ақли бовар қилиши, ростанам мумкин эмас эди бу бойликларни эшитган одамнинг.

Бировнинг бойлиги ҳақида, ҳатто у жиноятчи бўлсада, ҳар қаерда гапириб юришни халқимиз хуш кўрмайди. Ўрни келганлиги сабаб «Ришта» ва унинг энг яқин шеригидан пана жойда яшириб қўйилган 2 миллион 200 минг рублъ (тахминан 2.850000 АҚШ доллари ), олтин соатлар, безаклар ва 70 кг олтин тангалар ва турли қимматбаҳо тошлар билан безатилган  тақинчоқлар топилганини эсга оламан.

Ёз пайтларида Москвадан ташланган мутакаббир ва ғирром терговчилар ҳам бу ҳақдаги ҳужжатларни ўқиб бу иш натижалари ҳайратланарли эканлигига иқрор бўлишган эди. Мен Иттифоқ Бош прокуратурасидан келган икки махсус кишиларнинг номларини атайин келтирмаяпман (гап Гдлян ва Иванов тўғрисида кетяпти – таъкид муаллифники). Ёши улуғ кексаларимиз гап ким ҳақида кетаётганини яхши англаб турибдилар. Қизил империянинг сўнгги нафаслардаги ҳамласи халқимизнинг бошига йигирманчи, ўттизинчи йилларда амалга оширилган қатағондан кам бўлмаган жабр-ситамлар келтириши шу кунларда бошланган эди. Ноҳақ қамалган, хўрланган, азоб  кўрганларнинг дилларини оғритишдан қўрқаман.  Бу икки «қизил терговчи» ҳаётларидаги энг разил, энг даҳшатли ишларни айнан Ўзбекистонда амалга оширганлар, деб биламан.

-Сиз москвалик терговчилар билан бевосита мулоқотда бўлганмисиз, улар сиздан нималар хусусида ёрдам сўрашган?

-Улар одам қиёфасидаги ҳақиқий шайтон эдилар. Одамига қараб муомала қилардилар. Айниқса кавказлиси суҳбатлашаётганида одамнинг ичига кириб кетарди. Ишини битириш учун ҳаракатдаги қонунларни менсимай, инкор қилиб  ўзи ўйлаб топган турли услублардан фойдаланишдан ор қилмасди. Одамларни қон қақшатиш, уларнинг қонини сўриб олиш сингари энг қабиҳ йўллардан сурбетларча истеъфода этарди.

Шунинг учун улар мен билан  одоб-аҳлоқ доирасидан чиқмаган ҳолда суҳбатлашишга интилардилар. Мендан ахборот ололмасликларига ақллари етгач чиққан жаҳлларини билдирмай мендан узоқлашиб кетганлар.

-Сизнинг гапингиздан шу нарса аён бўлмоқдаки, москвалик «шоввозлар» «пишган ошга баковул» бўлган экан-да! 

-Худди шундай. 1983 йилнинг сентябрида ўша икки «жаноб» Бухорода ўтказган амалиётимиз ниҳоясига етди, деб сурбетларча дунёга жар солиш билан бирга биз маҳаллий ҳуқуқ идоралари қўлга киритган товар-моддий бойликларни жиноятчилар қўлидан тортиб олдик, деб баёнот беришдан ўзларини тиёлмаганлар!

Бизнинг тезкор ходимларимиз машаққатли меҳнатини ўзлаштириб олишга уялмаганлар! Зотан уларда уят, андиша, ор-номус деган инсонийликнинг оддий шарм ибоси ҳам йўқ эди!

Энг шармандалиси, Иттифоқ Бош прокуратураси  икки махсус терговчининг бемаъни ишларидан яхши хабардор эди. Уларнинг олиб бораётган қабиҳ ишларини тўхтатиш ўрнига амалга ошираётган ноқонуний ҳатти-ҳаракатларини тўла рағбатлантирар, қўллаб-қувватлар эди.  Москва онгли равишда «Ришта» иши терговини Ўзбекистондан ғайриқонуний тортиб олиб Иттифоқ прокуратурасига юклаши  «мамлакатда ким хўжайин эканини» яна бир бор эслатиб қўйиш эди! Охир — оқибат «балиқ бошидан чиришини» Москва бизга исботлаб берди! Порахўрлик «касали» иттифоқнинг пастдаги тизимларига айнан марказдан «юққан»лиги ошкор бўлди.

Гапнинг индаллосини айтганда, Бухорода содир этилган шов-шувли бу воқеага Шароф Рашидовичнинг менга ўз хизмат хонасида берган ўгитлари, ҳавотирлари асос бўлиб хизмат қилган эди! Қолгани эса чикора!..

-Раҳматли Ўзбекистон раҳбарининг сўнгги йиллари анча аянчли кечирганини кўрсатмоқда. Нима учун Шароф Рашидов номи Леонид Брежневдан кейин «қора рўйхат»га тушиб қолди, деб ўйлайсиз?

-Маълумки ўтган асрнинг 80 йилларда дунёни титратибкелган СССРдай империя пойдеворига ҳам дарз кетаётгани тобора яққол кўриниб қолганди. Москванинг Иттифоқни сақлаб қолишга қаратилган барча уринишлари самара бермади. Сўнги чора, синовдан ўтган тажриба – қатағондан усулларидан фойдаланиш эди. Ўзбеклар буюк халқ, Ўзбекистон Ўрта Осиёда нуфузли республика. Бу ерда қатағон ўтказиш орқали бошқа республикаларни қўрқувга солиш мумкин».

Сиёсий бюро бу ғаразли мақсадни амалга оширишни нимадан ва кимдан бошлаган деб ўйлайсиз? Тўғри, улар Москвага, Компартия Марказкомига Шароф Рашидовни “суҳбат”га чақириб, мақсадга осонгина етишишни кўзлаган бўлишлари керак.

Катта кучга эга бўлган армияни мағлуб қилиш учун нима қилинади? Душман биринчи бўлиб уни саркардасига, ошкора ва махфий, турли усулларни қўллаб, ҳамла қилади. (Фёдор Раззоқовнинг китобида айрим эпизодлар келтирилган). Саркарда мағлуб қилинганда унинг қўл остидаги кучлар парокандаликка юз тутади ва душманга енгил ўлжа бўлиши тайин.

Шароф Рашидов ўз халқининг ҳақиқий лидери, “саркарда”си эди. Унга нисбатан қўлланилган Кремлнинг нохолис тактикасини у албатта яхши англаган, “ихтиёрий” равишда респуюблика раҳбарилигидан воз кечиш таклифига рад жавобини бериб, душман томонини яхшигина саросимага туширган. Негаки, Шароф Рашидовгача бу каби қатъиятликка марказ илгари йўлиқмаганлиги аниқ!

         Москва олиб борган ўта ноадолат сиёсат натижасида юртимизда ўша даврларда юзага келган мураккаб ва калтис муҳит, афсуски ҳали бери охиригача ўрганилмаган, таҳлил қилинмаган.

Энди тарихимизга мурожаат қилиб, фикрларимизни тасдиқлаб оламиз.

Мавжуд манбаларга асосланиб айтиш мумкинки, Москва республика миллий  лидерини ишдан олишда доим бир хил усулни қўллаб келган. Масалан, 1923 йилда Туркистоннинг парчаланишига қарши чиқиш ҳаракатида бўлган Бухоро Халқ Республикаси раҳбарларини обрўсизлантиришга қаратилган кампания ташкил этилади. Оммавий ахборот воситаларида Файзулла Хўжаев атрофидаги мутасаддиларнинг «номуносиб» ҳаёт тарзлари тўғрисида туркум танқидий мақолалар чоп эттирилади. Масалан, Фитрат қўлбола арақ (самогон) тайёрлашда айбланган. Ф.Хўжаев эса Туркистоннинг парчаланишининг олдини олиш мақсадида олиб борилган  ташвиқот кампаниясининг раҳномоси этиб қораланади.

Шароф Рашидовга ҳам бир турли айблар эълон қилина бошланади. У киши энди Москва учун ортиқча одам бўлиб қолаётган эди. Халқпарвар инсонни обрўсизлантириш бошланади. Республикамиз раҳбарининг Сибирь дарёлари оқимининг бир қисмини Ўрта Осиё минтақасига йўналтириш, Орол денгизига оид муаммоларни ҳал этиш, аҳолининг турмуш даражасини ошириш сингари бир қатор ташаббуслари ошкора қўлланмайди. Таъкидлаш керакки, айрим масалалар бўйича «хўжакўрсин» (сиёсий ўйин) учун, йўлига ишламайдиган, амалга оширилиши нияти бўлмаган енгил-елпи ҳукумат қарорлари чиқариб қўйилади.

Шароф Рашидовни аввалига Сталиннинг одами, кейин Хрушев уни ишдан оламан, деб турганида тил топишиб, унинг одамига айланади, деб гап тарқатишади, охир оқибатда эса Брежневнинг «одами» бўлиб қолади. Бундай таниш-билишчилик, ошна-оғайнигарчилик деган жамиятдаги салбий ҳолатларни Москванинг ўзи бошлаб бергани кўриниб қолади. Сталин-Берия, Хрушев-Брежнев, Брежнев ўзи билан бирга ишлаган ёки украиналикларни ўз атрофига йиға бошлаган. Буни ҳеч ким инкор эта олмайди-ку…

Дарвоқе, Сибирь дарёларини бизнинг минтақага буриш ташаббуси кимдан чиққан, уни амалга ошириш бўйича муайян ишлар қилинган деган гаплар бор. Бу аср муаммосининг асл мазмун-моҳияти тўғрисида нималар айтиб бера оласиз!

-Бу ғояни катта бир ҳудудда об–ҳавони мўътадиллаштириш учун, аллақачон,  Россияда давлат тўнтариши, октябрь революциясидан ҳам бурун 1868 йилда Киев университети талабаси Яков Демченко кўтариб чиққани тарихдан маълум. Фёдор Раззоқов ҳам буни эсга олади.

Демак, аслида бу ташаббус ўзбеклардан ёки ён ва жон қўшнимиз қозоқлардан чиқмаган, аммо Шароф Рашидов ва Динмуҳаммад Кунаев уни қизғин қўллаганлар.

Иттифоқ ҳукумати Сибирь дарёлари оқимининг Ўрта Осиё минтақасига буриш тўғрисидаги ҳужжатни  “аср лойиҳаси”, деб эътироф этишга улгурган эди. Лойиҳа Сибирь дарёлари суви билан Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳудудларида ясланиб ётган кўплаб бўз ерларни ўзлаштириш, янги шаҳар ва қишлоқлар барпо этиш, янги иш ўринлари яратиш сингари ижтимоий масалаларни ҳал этишга қаратилган эди.

Ўзлари “аср лойиҳаси” деб номлаган режани ярим йўлда  ташлаб кетиши марказнинг ўзбекларга ва қозоқларга ниссбатан менсимаслик муносабатларининг ошкора намойиши эди.

Ачинарлиси, аввал тантана билан бу “майдон”га ўзбеклар, қозоқлар таклиф қилинди, сўнгра эса у ердан мулойим қилиб айтганда, уларни  қувишади. Бундан ҳам республикалар раҳбарлари, хусусан, Шароф Рашидов обрўйига болта уриш мақсадида фойдаланилган.                                                   

 90-йилларда Москва шаҳар мэри Юрий Лужков “сув бу товар, уни сотиш мумкин” назариясини илгари суриб, Сибирь дарёларни Ўрта Осиёга буриш масаласини қайта кўтариб чиқди. Афсуски унинг бу ташаббуси ҳам қўллаб-қувватланмади.

-Жумабекмурод Ражабович, сиз билан Шароф Рашидович мавзуини яна анча давом эттиришимиз мумкин. Бугунги суҳбатимиз охирида яна дилингизда нима гаплар қолиб кетмоқда, марҳамат, сўнгги мавзуни ўзингиз танланг!

-Бугун биз Федор Раззоқовнинг катта ҳурмат ва эҳтиром билан ёзган, хулосаларга ҳам бой “Спасти Рашидова” (“Рашидовни қутқариш”) китоби тўғрисида, умуман ўзбекнинг дунёга танилган ўғлони тўғрисида билганларимиз чегарасида фикр алмашдик. Шароф отанинг салоҳиятидан  Осиё, Европа, Америка, Африка минтақаларида рўй берган айрим қалтис вазиятлардан катта йўқотишларсиз чиқиш масалаларида расмий Москва кўп фойдаланди. Ўйлайманки, оғишмай тинчлик ва барқарорлик сиёсати юритган Шароф Рашидович хизматларининг ўзи бир китоб бўлса ажаб эмас.

Умуман Шароф Рашидов ҳақида кўп ва дилдан чиқариб ёзилган китоблар бисёр. Аммо Асил Рашидовнинг “Акам ҳақида”(Тошкент — 1992) китобини мутолаа қилишнинг ўзи “азоб”. Баъзан бу ҳақиқатларни битишда муаллиф дил оғриқларига қандай чидади экан  , деб ўйланиб қоламан.

Акасининг “… қўл остида ишлаб кўзи тириклигида қўйнига сув пуркаб келган…” бир неча кўрнамаклар Шароф Рашидовнинг вафотидан сўнг унинг шаънига бўлмағур гапларни айтишди, марҳум шаънига туҳматлар тўқишди, тошлар отишди. Асил Рашидовнинг дардли ҳикоясининг ҳар сатрида инсон тақдирига куюниш бор. Қуруқ туҳматга қолишдан Яратганнинг ўзи асрасин!

Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Рашидовчилик” деган сохта иборани ўйлаб топиб, унинг хотирасини ёмонотлиқ қилдилар. Ўйлаб қоласан киши, дунёда шунақаям адолатсизлик бўладими?! Инсон тирик пайтида уни кўкларга кўтариб, вафотидан кейин уни ер билан яксон этса, қадрини беобру қилса, бу ўзи қандай давлат, қандай жамият бўлди?”, — деб хитоб қилишининг ўзида Шароф Рашидовга нисбатан унинг хотирасини ёмонлашга уринганларга таъна ва надоматларбор.

 Мен бу инсоннинг яқинлари  билан таниш бўлмаганман.  Аммо ўғиллари Илҳом ака ҳақида икки оғиз гапириб ўтишни лозим деб биламан. Биз Қўмитада бирга хизмат қилганмиз.

Бу инсоннинг исми-шарифидан кимлигини билиб олмасангиз, ўзининг юриш-туриши билан фалон одамнинг фарзанди эканига заррача эътибор қаратмасди. Ўта маданиятли, тарбияли, дунёқараши кенг хизматчи эди.

Илҳом Шарофовичнинг бу даражадаги камтарлиги, одамохунлиги отаси, халқпарвар, раҳматли Шароф отанинг фарзандлари тарбиясига нақадар катта эътибор берганидан далолат. Бу масалада ҳам Шароф Рашидов бошқаларга ўрнак бўлишни ўрнига қўйган.

-Устоз, мароқли суҳбатингиз учун миннатдорлик билдираман. Россиялик ёзувчининг китоби баҳона Ўзбекистоннинг ҳақиқий қаҳрамони, ҳақиқий лидери тўғрисида, ўйлайманки, газетхонлар ҳам талай янги маълумотлар олишга мувофақ бўлдилар. Сизга Жумабекмурод Ражабович сиҳат-саломатлик, омонлик тилаб қоламан.

Суҳбатдош       Аброр Ғуломов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Ўзбекистонда мобиль алоқа учун акциз солиғи бекор қилинади

1 январдан бошлаб Ўзбекистонда ер ёки давлат мулки қўшимча қиймат солиғисиз сотилади, мобиль алоқа учун акциз солиғи (10 фоиз)...

Больше похожих статей

×