Эронда 28 июнь куни муддатидан олдин президентлик сайловлари бошланди. Президентлик курсиси учун тўрт нафар номзод даъвогарлик қилмоқда. Бу ҳақда “Тасним” ахборот агентлиги хабар берди.
Мамлакатнинг раҳнамоси Оятуллоҳ Саййид Али Хоманаий сайлов жараёнлари бошланиши биланоқ овоз берди ва барча эронликларни сайловда фаол иштирок этишга чақирди.
Шунингдек, у овоз берганидан кейин Эрон халқи учун энг яхши кунлар ва йиллар келишини сўраб дуо қилган. Сайлов кунини эронликлар учун “бахт ва шодлик куни” деб таърифлаган. Хоманаий сайловда иштирок этиш ҳар нарсадан муҳим эканини таъкидлаган.
Сайлов штаби вакили Муҳсин Исломийга кўра, сайлов участкалари соат 17:00 да ёпилади, бироқ агар зарур бўлса, уларнинг иш соати узайтирилади. Участкаларда хавфсизликни таъминлаш учун 180 минг нафар полиция ходими жалб қилинган.
Эрон президенти бўлиш учун кураш Муҳаммад Боқир Қолибоф (парламент спикери), Саид Жалилий (диний раҳнамонинг мамлакат хавфсизлик кенгашидаги вакили), Мустафо Пурмуҳамаммадий (ички ишлар ва адлия вазирликларининг собиқ раҳбари) ҳамда Масъуд Пезешкиён (собиқ соғлиқни сақлаш вазири) ўртасида кечмоқда.
Сайловга оз қолганида Теҳрон шаҳри ҳокими Алиризо Законий ўз номзодини қайтариб олди. У номдор консерватор сиёсатчилар Жалилий ва Ғолибоф ўз кучларини ислоҳотчи Пезешкиёнга қарши бирлаштиришини истаб, шу йўлни тутган.