Кеча, 27 сентябрь куни Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (Эрон махсус кучлари) Аэрокосмик кучлари янада илғор жосуслик воситалари билан таъминланган сунъий йўлдошни муваффақиятли тарзда коинотга учирди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар бермоқда.
Эрон алоқа ва ахборот технологиялари вазири Исса Зарепурнинг таъкидлашича, «Noor-3» фото сунъий йўлдоши Эроннинг «Qased» ракетаси ёрдамида Ердан 450 километр узоқликдаги орбитага муваффақиятли олиб чиқилган.
Инқилоб гвардияси қўмондони Ҳусайн Салами давлат телевидениеси орқали қилган чиқишида, янги сунъий йўлдош ўзидан олдингиларига қараганда аниқроқ тасвирлар тақдим этишини, бу эса махсус кучларга яхшироқ ва аниқроқ разведка олиб бориш имконини беришини айтди.
Аввалроқ, Эрон ҳукумати матбуот котиби Али Баҳодорий Жаҳромий Эрон саккиз йил ичида космик кемаларни учириш ва бошқа космик хизматларни кўрсатиш соҳасида минтақавий марказга айланиш ниятида эканини айтган эди.