Россия Президенти Владимир Путин мамлакат ҳарбий-денгиз флотининг “Денгиз доктринаси ва кема устави”ни тасдиқлаш ҳақидаги фармонни имзолади.
Маросим Петропавловск қалъасидаги Санкт-Петербург тарихи давлат музейи биносида бўлиб ўтди.
Ҳужжатга кўра, Шпицберген архипелаги, Франц-Иосиф ва Янги ер (Новая Земля), Врангел оролларида денгиз фаолиятини диверсификация қилиш ва фаоллаштириш режалаштирилмоқда.
Мазкур “Денгиз доктринаси”га мувофиқ, асосий хавф чет элда РФ кемалари учун база пунктлари етарли эмаслиги таъкидланган.
Қолаверса, Вашингтоннинг океандаги ҳукмронлиги ва АҚШнинг транспорт коммуникациясига глобал таъсири ҳамда НАТО ҳарбий инфратузилмасини Россия чегараларигача илгари суриш Москва учун таҳдид бўлиб қолаётгани қайд этилган.
Шу билан бирга доктрина Осиё-Тинч океани минтақаси мамлакатларида Россия денгиз флотининг логистика марказлари яратишни ҳам назарда тутади.
Шунингдек, ҳужжатда айтилишича, мамлакат хавфсизлигини таъминлаш ва океандаги манфаатни ҳимоя қилиш мақсадида Россия флотининг жанговар қобилияти кучайтирилади.
– Россиянинг янги денгиз доктринаси тасдиқланди, – деди давлат раҳбари. Биз Россия миллий манфаатининг ҳам иқтисодий, ҳам ҳаётий, ҳам стратегик чегара ва зоналарини очиқ белгилаб олдик. Бу объектларни қатъий ҳимоя қиламиз ва барча воситалар билан таъминлаймиз.