Европа иттифоқида эндиликда бир марталик пластикдан фойдаланиш тақиқланади. Бу ҳақда атроф-муҳит бўйича еврокомиссар Виргиниюс Синкявичюс ўзининг “Твиттер”даги саҳифасида хабар жойлаган.
Бир марталик пластикдан фойдаланишни тақиқловчи қонун 2019 йилда қабул қилинганди. Ушбу қонун Европа иттифоқи давлатларига 2021 йил 3 июлгача бозордан бундай маҳсулотларни олиш ва бошқа ишлаб чиқармаслик мажбуриятини юклаган. Кейинги 12 ой ичида бир марталик пластик буюмларнинг йиғилиб қолган захираларини сотишга рухсат берилади, бироқ кейин тақиқ тўлиқ кучга киради.
Белгиялик евродепутат Фредерик Риснинг айтишича, бу барча бир марталик пластик ошхона анжомлари – ликопчалар, пичоқ ва санчқиларни ўз ичига олади. Шунингдек, пахтали таёқчалар, пуфаклар, қаҳвани аралаштириш учун пластик таёқчалар, пластик пакетлар ҳам тақиқланади.
Денгиз ва уммонларни ифлослантирувчи чиқиндиларнинг 80 фоиздан кўпроғини пластик маҳсулотлар ташкил қилади. Пластикдан тайёрланган буюмлар кўпинча бир марта ишлатилиб, сўнгра ташлаб юборилади. Соҳил ва пляжларда тўпланувчи пластиклар денгиз жонзотлари ва инсон организмига катта хавф солади.