Ўзбекистон ва Россия Бош вазирлари Москвада нимага келишди? Ўзаро мулоқот чоғида кўтарилган айрим масалалар маҳаллий нашрларнинг хос эътиборларига ҳам сабаб бўлмай қолмади.
Абдулла Арипов ва Михаил Мишустин Россия Федерацияси ва Ўзбекистон ҳукуматлари раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссиянинг Москвадаги йиғилиши доирасида музокаралар олиб боришган.
Россия томонининг расман хабар беришича, Абдулла Арипов мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Россия ўртасида мунтазам парвозлар сонини кўпайтириш тўғрисидаги қарордан ўзларининг миннатдор эканликларини билдирган.
Аммо, маълум бўлишича, Ўзбекистон Бош вазири Россия томонига ушбу йўналишда биргаликда ишлашни давом эттириш ва зарур карантин талабларига риоя этган ҳолда паритет асосида бу парвозлар сонини ҳафтасига 14 тага етказишни таклиф қилган.
Абдулла Арипов, бундан ташқари, Ўзбекистон ва Россия ўртасида талаб энг катта бўлган йўналишлар бўйича йўловчи темир йўл алоқаларини ҳам босқичма-босқич қайта тиклашни мақсадга мувофиқ, деб билишларини айтгани ҳам маълум бўлган.
Аммо Россия томонининг расмий хабарида ўзбекистонлик ҳамкасбининг бу таклифига Бош вазир Михаил Мишустин ва россиялик бошқа масъулларнинг муносабати, жавоби қандай бўлгани тафсилотлари ноаён қолган.
Жорий пайтда Ўзбекистон ва Россия ўртасида ҳафтасига амалга оширилаётган мунтазам авиақатновлар сони тўрттани ташкил этади.
Россия ҳукумати шу йил 31 май куни рейслар сонини биттага оширишга қарор қилган.
Ҳафтасига икки марта амалга оширилаётган мунтазам парвозлар ҳозир ҳам барча ўзбекистонликларнинг бирдек Россияга киришларининг бор-йўғи иккита имкониятидан биттаси бўлиб турибди.
Россия ҳукумати 14 апрелдан бошлаб ўзбекистонликларнинг мамлакатга учинчи давлат орқали киришларига ҳам расман изн берган.
Аммо ўзбекистонликлар якка тартибда ҳали-ҳануз Россияга бошқа қатнов воситалари — поезд, автобус ва машинада кира олишмайди.
Икки давлат ўртасидаги пандемия боис расман тўхтатилган мунтазам ҳаво қатновлари, бир йил деганда, шу йилнинг 1 апрель куни қайта тикланган.
Россия дунёнинг энг катта сондаги Ўзбекистон фуқаролари турли иш, юмуш ва таҳсилда банд давлати бўлади.
Россияда биргина меҳнат муҳожирлигида банд Ўзбекистон фуқаролари ўзининг сони пандемиягача миллионларга нисбат бериб келинган.
Айнан глобал коронавирус пандемияси сабаб, ўтган бир йилнинг ўзида юз минглаб ўзбекистонликлар ортга, Ўзбекистонга қайтишга мажбур бўлишган.
Бугун улардан яна катта сондагисининг Россияга қайтиш истаги ва ҳаракатида экани кўрилади.
Аммо икки ўртадаги мунтазам авиақатновларнинг қайта тикланишига оид расмий хабар ортиданоқ чипталарнинг нархи ва қанчалик имконли экани ўзбекистонликларни энг кўп шикоятларига сабаб мавзулардан бирига айланган.
Айрим ўзбекистонликлар чипта баҳосининг минг доллардан ҳам ошиб кетганлигидан шикоят этишган.
Пойтахт Тошкентдан сенаторларнинг ҳатто авиачипталарнинг нега қимматлиги юзасидан Ўзбекистон Монополияга қарши курашиш қўмитасига сўров юборишганига оид хабарлар ҳам олинган.
Қўмитанинг яқинда эълон қилган текшируви натижалари «Uzbekistan Airways» АЖ томонидан белгиланган нархлар хорижий авиакомпаниялариникидан ўртача 36 фоиздан 148 фоизгача юқори эканлигини кўрсатгани хабар берилган.