Хотин-қизлар ва ёшларга бўлган эътибор жамият маънавий юксалиш даражасини белгиловчи омиллардан саналади. Бу соҳада Самарқанд вилоятида амалга оширилаётган ишларни Булунғур тумани мисолида кўриб чиқамиз.
Факт ва рақамлар вилоят Матбуот уйида бўлиб ўтган матбуот анжумани давомида туман ҳокими Баҳодир Баҳромов томонидан келтирилди.
Булунғур тумани вилоятнинг бошқа туманлари билан таққослаганда, унчалик катта ҳам, жуда кичик ҳам эмас. Туманда 55 та маҳалла бўлиб, уларда доимий истиқомат қилувчи аҳоли сони 188,7 минг кишини ташкил этади.
Туманда хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар дастури тасдиқланган бўлиб, унга 143 нафар оғир турмуш шароитидаги хотин-қиз киритилган. Жорий йилнинг 9 ойи ҳолатига кўра улардан бир нафарига коммунал тўловлар бўйича мавжуд қарздорлиги тўлаб берилган, 3 нафарига иссикхона куриб берилган, 8 нафари маиший техника билан таъминланган, 6 нафарига корамол, 31 нафарига тикув машинаси берилган.
Матбуот анжуманида Б.Баҳромов кўплаб рақамлар, жумладан, хотин-қизларга қанча дори-дармонлар олиб берилганлиги, муҳтож оилаларга уй-жой учун қанча маблағ ажратилганлиги каби муҳим йўналишларда олиб борилаётган ишлар ҳақида аниқ маълумотлар келтирди. Маълум қилинишича, ҳукумат қарори асосида хотин-қизларга ажратилган квота туфайли булунғурлик қизлардан 9 нафаринуфузли олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди.
Туман маъмурияти раҳбари журналистларни хотин-қизлар рўйхатга олиниб, “Аёллар дафтари” шакллантириш жараёни билан таништирди. Унга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган 30 ёшдан ошган хотин-қизлар киритилади. Бунинг натижасида улар билан тизимли, манзилли иш йўлга қўйилади.
“Айни пайтда рўйхатга олиш ишлари давом этмоқда. Улар тўлиқ якунланиб, барча маълумотлар электрон базага киритилгач, ундаги хотин-қизларнинг муаммолари умумлаштирилган ҳолда тоифаларга ажратилади ва уларни ижобий ҳал этиш чоралари кўрилади”, – деди Б.Баҳромов. Бунга қандай эришилади? Биринчи навбатда, хотин-қизлар тадбиркорликка йўналтирилади ва уларга имтиёзли банк кредити ҳамда бўш турган бино ёки ер майдони ажратиш масаласи ҳал этилади.
Хотин-қизлар бандигини таъминлаш мақсадида уларни касб-ҳунарга йўналтириш чоралари кўрилади. Шу мақсадда тумандаги 1- ва 2-сон касб-ҳунар мактабларида касбга ўргатиш марказлари хамда “Чангал-1” маҳалласи худудидаги 70 умумий ўрта таълим мактабида хотин-қизлар учун тикувчилик ва кандолатчиликни ўргатиш маркази ташкил килиниши режалаштирилган. Уларда тикувчилик, аёллар сартарошлиги, қандолатчилик каби хотин-қизларга мос ҳунарлар ўргатилади. Ўқиш муддати уч ой бўлган ушбу курсларда нафақат бепул касб ўргатилади, балки ўқувчиларга ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари (223 минг сўм) миқдорида стипендия тўлананади.
Б.Баҳромов хотин-қизлар масаласи билан бир қаторда ёшлар муаммоларини ҳал этилиши ҳам ўзига хос ёндашувни талаб қиладиган йўналишлардан бири эканлигини уқтириб, туманда бу борада амалга оширилаётган ишлар устида ҳам батафсил тўхталди.
Туманда мактаб битирувчиларининг олий ўқув юртларига кириши кўрсатгичи ҳамон пастлигича қолмоқда. Жорий йили битирувчилардан атиги 12,3 фоизи ОТМ талабаси бўлди. Тумандаги 66 та мактабдан 13 тасини битирганлардан ҳеч кимга бу шараф насиб этмади. Ачинарлиси, 8 та мактаб иккинчи йилдирки ана шундай кўрсаткич билан муроса қилиб келмоқда. Мазкур умумтаълим мактабларида таълим сифати ва ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш ва методик қўллаб-қувватлаш учун уларга Самарқанддаги 8та ОТМ бириктирилди.
Туманда “Ёшлар дафтари”ни юритиш бўйича штаб тузилган ва ишчи гуруҳи фаолияти йўлга қўйилган. Олиб борилаётган хатлов натижасида 17 минг нафарга яқин ёш йигит-қиз электрон базага киритилди.
“Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларнинг ҳар бири билан тизимли ишлаш механизмини йўлга қўйиш мақсадида, уларнинг қизиқиши, қобиляти ва кўникмаларидан келиб чиқиб, манзилли йўл харитаси ишлаб чиқилади. Хатлов жараёнлари тўлиқ якунлангач, “Ёшлар дафтари”га киритилганларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида туман ҳокимлиги қўшимча маблағларининг 30 фоизи миқдорида алоҳида “Ёшлар жамғарма”си тузилади. Ушбу жамғарманинг асосий вазифаси “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга микрокредит банклари орқали имтиёзли кредитлар бериш линяларини яратишдан иборат. Берилаётган ижтимоий кўмак эвазига ёшлар ҳам ишга кириш, касб ўрганиш, ўзини-ўзи банд қилиш каби мажбуриятларни олишини назарда тутувчи “ижтимоий шартнома” тузиш тажрибаси ҳаётга тадбиқ этилади.
Амалга оширилиши мўлжалланган бу ишлар хотин-қизлир ва ёшлар муаммоларини ечиш йўлида денгиздан томчидек бўлиб кўриниши табиий. Аммо нимадандир бошлаш керак эди-да! Шу ҳақда сўз юритар экан, Б.Баҳромов олдинда ўта масъулиятли ва улкан ишлар турганлигини ва уларни туман аҳли билан бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилиш орқалигина бажариш мумкинлигин таъкидлади.
Туманда иқтисодий соҳани ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ишлар билан журналист ва блогерларни таништириш мақсадиди яқин кунлар ичида пресс-тур ташкил этиш мўлжалланган экан.
Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ,
Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримизМуаллиф туширган суратлар