24.7 C
Узбекистан
Суббота, 18 мая, 2024
Домой Блог Страница 96

Никарагуа вакили “Коинот гўзали” танловида ғолиб чиқди

Никарагуалик 23 ёшли Шейннис Алондра Паласиос Корнехо шанба оқшомида Марказий Америкада жойлашган Сальвадор давлатида финали бўлиб ўтган халқаро “Коинот гўзали” танлови ғолиби сифатида тан олинди. 72-бор уюштирилган тадбир махсус сайт орқали трансляция қилинди, деб ёзган “Юлдуз” (“The star”) нашри. Иккинчи ўрин Таиланд вакили – 27 ёшли Антония Порсилдга насиб этди.

– Турли мамлакатлардан келган иштирокчилар, ташкилотчи ва меҳмонларни қабул қилиш шарафига муяссар бўлдик, – деди Сальвадор Президенти Найиб Букеле. – Бу воқеа нималарга қодирлигимизни дунёга кўрсатиш имконини берди. Биз учун уйғониш даврининг бир қисми бўлган анжуманни танлаганингиз, мамлакатимизни қўллаб-қувватлаганингиз учун ташаккур.

Ҳар йили ўтказиладиган мазкур нуфузли танловда бу гал 80 дан зиёд давлатдан қизлар иштирок этди.

2024 йил “коинот гўзали” Мексикада аниқланади.

“Олтин куз” I халқаро камер ва симфоник мусиқа фестивалининг очилишига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди

Ўзбекистон давлат консерваториясида Буюк Британия, Италия, Германия, Туркманистондан келган моҳир созандалар ижросида концерт дастурлари бўлиб ўтди. Жорий йилнинг 18 ноябрдан 23 ноябрь кунига қадар Тошкент шаҳрида илк бор “Олтин куз” I халқаро камер ва симфоник мусиқа фестивали бўлиб ўтади.

Бу Ўзбекистонда яна бир муҳим воқеликка айланиши шубҳасиз. Фестивалда нафақат юртимиз, балки Буюк Британия, Германия, Италия, Хитой, Жанубий Корея, Россия, Туркманистон, Қирғизистон каби турли давлатлардан ҳам ижодкорлар ва мусиқачилар иштирок этади. Тошкент шаҳридаги катта саҳналар Ўзбекистон давлат консерваториясининг катта ва орган залларида, “Туркистон” санъат саройи саҳнасида скрипка, виолончель, пианино ижрочилари, дирижёрлар ва ҳамда оркестр жамоалари ўз санъатларини намойиш қиладилар.

Мақсади – халқаро тоифадаги барча етакчи оркестрлар ва ижрочилар ўртасида дўстона муносабатлар ҳамда ўзаро тажриба алмашинувини таъминлашдир. Ғарб ва шарқ мамлакатларининг классик мусиқасини намоён этишда ушбу фестивалнинг ўрни беқиёс.

Таклиф этилган камер оркестр ва якка ижрочилар ўзларининг репертуарларидан ўрин олган дурдона асарларни моҳирона ижролари билан Ўзбекистонда намойиш этиши катта мактаб вазифасини ўтайди.

Ҳар бир фестиваль — янги юлдузлар, янги номлар, янги таассуротлар, кенг ахборот ва мусиқа билан мулоқотнинг ажойиб бир шаклини ҳосил қилади. Унинг иштирокчилари турли хорижий давлатлардан келишига қарамай, улар ягона – мусиқа тилида сўзлашади. Бу миллат танламас тилдир.

Албатта, ушбу халқаро мусиқа фестивали томошабинлар орасида ҳам, профессионаллар орасида ҳам эътирофга сазовор бўлади. Чунки фестиваль доим байрам, ёрқин мусиқий жилолар ва истеъдодли номларнинг калейдоскопи ҳисобланади.

Хорижий валюталарда кредитлар энди микромолия ташкилотларида ҳам берилади

Эндиликда тадбиркорлик субъектлари хорижий валютада кредит олиш учун нафақат банкларга, балки микромолия ташкилотларига ҳам мурожаат этишлари мумкин.  Бу бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришда микромолия хизматларининг ўрни ва улушини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 
364-сонли қарори қабул қилинди.

Қабул қилинган қарор микромолия ташкилотларининг ривожланишидаги янги инқилобий ёндашув десак хато бўлмайди. Энг асосий ўзгаришлардан бири сифатида яна, микромолия ташкилоти лицензия асосида тўлов ташкилоти(Payme, Click ва ҳк каби) фаолиятини ҳам юрита олишини ҳам қайд лозим. Қонунчиликда фақат тўлов ташкилоти микромолия ташкилоти сифатида рўйхатдан ўтиб,  микромолиявий хизматлар кўрсата олар эди. Бу янгилик эса соҳада соғлом ва тенг кучли рақобатни кучайтириб, натижада аҳолига танлаш имкониятини беради.

Қарорнинг яна қизиқ жиҳатларидан бири бу микромолия ташкилотлари ривожланиши натижасида микромолия банкларига, микромолия банклари эса тижорат банкларига ва аксинча трансформация жараёнлари яратилишидир.

Бу эса ўз навбатида, юқорида қайд этилганидек,микромолиялаш бозори ҳажмини янада ошишига, микромолиявий хизматлар билан тадбиркорларни кўпроқ қамраб олишга қўшимча имкониятлар яратилиши орқали бизнесни ривожлантириш, қўшимча иш ўринларини яратиш натижасида аҳоли турмуш даражасини яхшилашга олиб келади.

Қолаверса, микромолия хизматлар бозорида банклар билан микромолия ташкилотлари ўртасидаги бўшлиқ базавий банк хизматларини кўрсатувчи микромолия банклари билан тўлдирилмоқда.

БМТнинг қум ва чанг бўронларига қарши кураш коалицияси билан ҳамкорлик қилиш тўғрисида келишувга эришилди

БМТнинг чўлланиш тўғрисидаги конвенцияси (CRIC-21) ижросини кўриб чиқиш қўмитасининг 21-сессияси доирасида Экология вазири Азиз Абдуҳакимов ва БМТнинг қум ва чанг бўронларига қарши кураш коалицияси раиси Ферас Зиадат ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан БМТнинг қум ва чанг бўронларига қарши кураш коалицияси ўртасида ерларнинг деградацияси ва ер ресурсларини  барқарор бошқариш, шу жумладан, тажриба алмашиш, Ўзбекистоннинг қум ва чанг бўронлари хавфи юқори бўлган ҳудудларида қўшма илмий-тадқиқот фаолиятини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. 

Шунингдек, эрон ва афғон шамоллари натижасида баҳор-куз мавсумида Бухоро, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида кузатилаётган қум ва чанг бўронлари аҳоли саломатлиги ва ҳайвонот дунёсига зарар етказаётгани таъкидланди.

БМТ коалицияси раиси чанг ва қум бўронлари тобора долзарб бўлиб бораётган трансчегаравий муаммо эканлигини, бу айниқса, тирикчилиги табиий ресурслар ва қишлоқ хўжалигига бевосита боғлиқ бўлган фермерлар ва одамларга жиддий таъсир қилишини  таъкидлади.

Чанг ва қум бўронлари таъсирини камайтириш мақсадида йиғилишда FAO ва БМТнинг қум ва чанг бўронларига қарши кураш коалицияси билан ҳамкорликда аниқ методологиялар ишлаб чиқиш, илмий тадқиқотлар ўтказиш ва муҳим стратегик йўналишларни амалга ошириш бўйича келишиб олинди.

Учрашув якунида БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) ва БМТнинг қум ва чанг бўронларига қарши коалиция делегациясининг 2024 йил 12–17 февралда Самарқандда бўлиб ўтадиган Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш (CMS COP-14) тўғрисидаги Конвенция иштирокчилари конференциясининг 14-йиғилиши ҳамда Самарқанд иқлим форумида иштирок этиши тўғрисида келишувга эришилди.

Ўзбекистон элчиси Испаниядаги миссиясини якунламоқда

Ўзбекистон элчиси Жаҳонгир Ғаниев дипломатик миссияси якунланиши муносабати билан Испания ташқи ишлар вазирлигининг ташқи ва глобал ишлар бўйича давлат котиби Анхелес Морена Бау билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Учрашув чоғида сўнгги йиллар давомида Ўзбекистон ва Испания ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик янги, кўп қиррали босқичга кўтарилгани ва жуда самарали моҳият касб этгани таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз: Жаҳонгир Ғаниев 2017 йилдан буён Ўзбекистоннинг Мадриддаги элчихонасида фаолият кўрсатиб келаётган эди: дастлаб Муваққат ишлар вакили, 2018 йилда Фавқулодда ва Мухтор Элчи, Жаҳон сайёҳлик ташкилотидаги (ЮНВТО) доимий вакил, 2020 йили ўриндошлик асосида Ватикандаги элчи этиб тайинланган, шунингдек, Халқаро зайтун кенгашидаги вакил этиб тасдиқланган. Унга қадар, 2007-2012 йилларда мамлакатимизнинг Италиядаги элчиси ва бир вақтнинг ўзида Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO), Халқаро қишлоқ хўжалигини ривожлантириш жамғармаси (IFAD) ва Жаҳон озиқ-овқат дастури (WFP) ҳузурида доимий вакил бўлган.

Тошкент супермаркетларидаги нархлар ўзгариши ўрганилди

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти мутахассислари  2023 йилнинг ноябрь ойида Тошкент шаҳридаги йирик супермаркетларда 21 номдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ўзгаришини кўриб чиқди.  

Мониторинг натижалари 7 хил маҳсулот бўйича минимал нархлар ўтган ойдагига нисбатан пасайганлигини кўрсатди*. Шундай қилиб, қизил сабзининг нархи 42,1 фоиз, лимоннинг нархи 39,0 фоиз, оқ карамнинг нархи 16,7 фоиз, сутнинг нархи 14,9 фоиз, бананнинг нархи 12,3 фоиз, кунгабоқар ёғининг нархи 9,7 фоиз, картошканинг нархи 6,4 фоиз пасайган.

9 номдаги маҳсулотнинг энг паст нархлари ўзгаришсиз қолган. Уларнинг орасида гуруч, буғдой уни, шакар ва бошқалар бор.

5 номдаги маҳсулот нархлари ошган. Хусусан, бодринг ва помидор қимматлашган. Бу эса мавсумий омил билан боғлиқ. Шуни таъкидлаш керакки, худди шундай динамика ўтган йили ҳам кузатилган, бу эса ушбу ҳодисанинг такрорланиши ва унинг бозор тенденцияларига таъсиридан далолат беради.

Янги Деҳли дунёнинг энг ифлосланган пойтахти деб эълон қилинди

Ўтган ҳафта дунёнинг энг ифлосланган пойтахти бўлган Янги Деҳли ҳукумати ҳаво сифатини яхшилаш учун биринчи марта сунъий ёмғир ёғдиришни режалаштирган.

Ҳавонинг ифлосланиши билан боғлиқ оғир вазиятга дуч келган пойтахт Нью-Деҳли мактабларни ёпди, қурилиш ишларини тўхтатди ва транспорт воситаларига чекловлар қўйишини эълон қилди.

Пойтахт Янги Деҳли атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлиги раҳбари Гопал Раи маҳаллий ҳукуматлар шаҳар ҳавосининг ифлосланишига қарши кураш бўйича қатор чора-тадбирлар доирасида булут пайдо қилиш орқали сунъий ёмғир яратишга ҳаракат қилишини айтди.

Шунга бағишлаб ўтказилган йиғилишда Ҳиндистоннинг Канпур технология институти олимлари булут пайдо қилиш фақат атмосферада булутлар ёки намлик мавжуд бўлганда мумкинлигини айтди. Мутахассисларнинг прогнозларига кўра, бу каби ҳолатлар тахминан ноябрь ойининг охирларида пайдо бўлиши мумкин. Мутахассисларнинг сунъий ёмғир чоралари бўйича таклифи Ҳиндистон Олий судига тақдим этилади.

20 ноябрь куни эрта тонгда Нью-Деҳлидаги ҳаво сифати индекси 8 дан ортиқ даражани қайд этилди, Швейцариянинг IQAir гуруҳи бу даражани “хавфли” деб таснифлади ва кейин 11 га тушди. Шундан сўнг дарҳол пойтахт ҳукумати Янги Деҳли  9 ноябргача барча давлат ва хусусий мактаблар қишки таътил учун январь ойида режалаштирилганидан эртароқ ёпилишини эълон қилди.

Департаментлар, шунингдек, Ҳиндистон Олий суди Нью-Деҳлини ўраб турган штатларга фермерларга қишлоқ хўжалиги чиқиндиларини ёқишнинг олдини олиш учун кўплаб чоралар кўрди. Ҳаво сифатини бошқариш кенгаши юк машиналарининг шаҳарларга киришини тақиқлади.

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари 2023-йилнинг ноябрь ойида Тошкент шаҳридаги йирик супермаркетларда 21 номдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ўзгаришини кўриб чиқди

Мониторинг натижалари 7 хил маҳсулот бўйича минимал нархлар ўтган ойдагига нисбатан пасайганлигини кўрсатди*. Шундай қилиб, қизил сабзининг нархи 42,1 фоиз, лимоннинг нархи 39,0 фоиз, оқ карамнинг нархи 16,7 фоиз, сутнинг нархи 14,9 фоиз, бананнинг нархи 12,3 фоиз, кунгабоқар ёғининг нархи 9,7 фоиз, картошканинг нархи
6,4 фоиз пасайган.

9 номдаги маҳсулотнинг энг паст нархлари ўзгаришсиз қолган. Уларнинг орасида гуруч, буғдой уни, шакар ва бошқалар бор.

5 номдаги маҳсулот нархлари ошган. Хусусан, бодринг ва помидор қимматлашган. Бу эса мавсумий омил билан боғлиқ. Шуни таъкидлаш керакки, худди шундай динамика ўтган йили ҳам кузатилган, бу эса ушбу ҳодисанинг такрорланиши ва унинг бозор тенденцияларига таъсиридан далолат беради.

*таҳлил 12-октябрь ва 9-ноябрь кунлари ўтказилган мониторинг маълумотлари асосида қилинди.

“Янги нафас” оммавий югуриш мусобақаси бошланди

Пойтахтимизда 18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинган кунга бағишланган “Янги нафас” оммавий югуриш мусобақаси бошланди.

Мазкур оммавий югуриш мусобақаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, «Асака банк» АТВ, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва Ўзбекистон Енгил атлетика федерацияси томонидан ташкил этилди.

Кўп тармоқли “Ҳумо Арена” мажмуаси майдонида бошланган оммавий югуриш мусобақасида иштирокчилар 3 км ва 10 км масофага югурмоқдалар. Ушбу масофаларга югуриш бўйича ғолиблар 18 ёшдан 35 ёшгача, 35 ёшдан 55 ёшгача ва ундан катта ёшдаги эркаклар ва аёллар ўртасида ёш тоифалари бўйича аниқланади ҳамда оммавий югуриш мусобақасининг энг ёш ва энг кекса иштирокчилари ҳам алоҳида совғалар билан тақдирланади. Югурувчилар “Абсолют” ва “Ҳаваскор” тоифаларида совринлар учун кураш олиб боради.

Эслатиб ўтамиз, “Янги нафас” оммавий югуриш мусобақаси республикамизнинг барча ҳудудларида бир вақтда, эрталаб соат 07:30 да бошланди. Пойтахтимиздаги мусобақада биринчи ўрин олганлар – 3 миллион, иккинчи ўрин эса 2 миллион ва учинчи ўрин соҳиблари 1 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланади.

Тақдирлаш маросими 11:00 да “Пахтакор” спорт мажмуаси Енгил атлетика федерацияси стадиони ҳудудида бўлиб ўтади. Вилоятларда пул мукофоти ташкилий қўмиталар томонидан шакллантирилади.

Озарбайжон мудофаа вазири вертолёт ҳалокати ортидан ҳамдардлик билдирди

Озарбайжон мудофаа вазири Зокир Ҳасанов Самарқандда вертолёт ҳалокати ортидан Ўзбекистон мудофаа вазири Баҳодир Қурбоновга ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда «Zamon.uz» ёзмоқда. 

“Экипаж аъзоларининг вафоти ҳақидаги хабар чуқур қайғуга солди. Ҳалок бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирамиз, уларнинг қайғусига шерикмиз”, – дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, кеча Ми-8 ҳарбий вертолёти ўқув парвози вақтида ҳалокатга учради ва экипажнинг барча аъзолари ҳалок бўлди. 

Президент Олимпия шаҳарчаси қурилиши билан танишди

Президент Шавкат Мирзиёев 18 ноябрь куни Олимпия шаҳарчаси қурилиши билан танишди.

Маълумки, 2025 йилда Ёшлар ўртасидаги Осиё ва Параосиё ўйинлари юртимизда ўтказилади. Шу боис Олимпия шаҳарчасида мазкур мусобақалар дастурига киритилган барча спорт турлари учун шароит бўлади. Унинг майдони 100 гектар. Асосий иншоотлар — 10 минг ўринли стадион ва 2 мингдан томошабинга мўлжалланган велодром, сув спорти саройи, яккакурашлар ва жамоавий ўйинлар мажмуаларидир.

Шунингдек, 4 қаватли маъмурий бино, 15 та очиқ спорт майдони, югуриш йўлаклари, боғлар барпо этилади. Умуман, шаҳарчанинг 54 фоиз майдони яшил ҳудуд бўлади. Бунинг учун 37 гектарда сунъий кўллар ташкил қилинади.

Лойиҳа 70 та мамлакатда спорт иншоотлари қурган Хитойнинг “CAMC Engineering” компанияси билан биргаликда амалга оширилмоқда.

Бундан бир йил олдин, 9 ноябрь куни давлатимиз раҳбари мазкур шаҳарча қурилишига тамал тоши қўйган эди. Бугунги кунда асосий биноларнинг пойдевор ишлари тўлиқ бажарилган. 5 та мажмуанинг конструкциялари тикланиб, қад кўтариб қолган. Қурилишга мингга яқин ишчи ва муҳандислар, махсус техникалар жалб қилинган.

Давлатимиз раҳбари шаҳарчани эксплуатация қилиш бўйича хорижий тажрибани жорий этиш, хавфсизлик чораларини кўриш ва қулайликларни ошириш юзасидан кўрсатмалар берди.

— Осиё ўйинлари ўтгандан кейин мажмуалар бўшаб қолиши керак эмас, халқимизга хизмат қилиши керак. Бу ерда машғулотлар билан бирга спорт таълими, илми, тиббиёти мужассам бўлиши зарур. Яъни, бу жой мамлакатимиз спортининг илмий, амалий, ўқув-машғулот маркази бўлади, — деди Шавкат Мирзиёев.

Кейинчалик бу ерда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, спорт федерациялари, Ўзбекистон давлат спорт академияси ва бошқалар фаолият кўрсата бошлайди. Майдончаларда юртдошларимиз ҳам спорт билан шуғулланиши мумкин бўлади.

— Келажакда бу шаҳарча билан болалар спорт мактабларини ҳам боғлаш керак. Оммавий спортдан профессионал спортга ўтиш кўприги бу, — деди Президент.

Шаҳарчада паралимпия ўйинлари ҳам ўтказилгани боис жисмоний имконияти чекланган инсонлар учун қулай йўллар ва алоҳида секторлар ташкил этилади.

Президентимиз тавсиясига мувофиқ, мажмуада қайта тикланувчи энергиядан ҳам фойдаланилади. Йиллик қуввати 10 мегаватт 56 минг квадрат метр қуёш панеллари ўрнатилади.

Шу ерда Тошкент шаҳри бўйича ўтган йили тақдимот қилинган инвестиция дастурига мувофиқ, бу йил ишга туширилган лойиҳалар ҳақида ахборот берилди. Қайд этилганидек, жорий йилнинг ўтган даврида ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида 360 та лойиҳа бажарилиб, жами 20 мингта иш ўрни яратилган. Шунингдек, келгусида Янги ҳаёт туманида 650 гектар майдонда янги авлод саноат зонаси ташкил этиш режалаштирилган.

Тошкентда Spark ва автобус ЙТҲга учради

Ижтимоий тармоқда йўловчи автобус ва Spark тўқнашгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ расмий муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 17 ноябрь куни соат 14:30 ларда «18-Автобус саройи» филиали тасарруфидаги автобуснинг 31 ёшли ҳайдовчиси Олмазор тумани КҲАЙ ва Батумский кўчалари кесишмасида ўз йўналиши ҳаракатланиб бораётган бўлган. Шу пайт чорраҳадан 2.4 йўл белгисига амал қилмай ҳаракатланиб келган Spark ҳайдовчи Г.Н. автобус билан йўл-транспорт ҳодисаси содир этган.

Мазкур ЙТҲ натижасида, автобус ва енгил автотранспорт воситаси техник шикастланган.

«Ушбу йўл-транспорт ҳодисаси Ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан расмийлаштирилган», дейилади хабарда. 

Байроғимиз – ғурур ифтихоримиздир!

Мамлакатимизнинг ишончи, суянчи ва асосий пойдевори бўлган ёш aвлoдни баркамол бўлиб улғайишида тaълим-тaрбиясигa қaрaтилaётгaн улкaн эътибoр ўзининг мевасини бермоқда.

Илм, фан, маданият, санъат ва спорт соҳаларида халқаро миқёсда Вaтaнимиз шaрaфини мунoсиб ҳимoя қилишгa қoдир ёшлaр сaфи тoбoрa кeнгaйиб бoрмoқдa. Aйниқсa, турли спoрт мусoбaқaлaридa ғoлибликкa эришгaн йигит-қизлaримиз шaрaфигa мадҳиямиз янграб, юртимиз бaйрoғи бaлaнд кўтaрилмoқдa. Паралимпиядаларини айтмайсизми, ногиронлиги бўлган ёшларимиз ҳеч кимдан кам эмаслигини бутун дунёга кўрсатаётганлиги халқимиз учун ғурур ифтихор эмасми? Ғолибликни қўлга киритган спортчиларимиз, бутун вужуди билан байроғимизни ўпиб, елкасига кўтариб майдон бўйлаб ғурур ифтихор билан югураётган лaҳзaлaрни кўрганимизда қaлблaримиздa Вaтaн туйғуси янaдa кучлирoқ жўш урадики, кўзларимиз қувонч ёшларига тўлади. 

Ёшларимизда Вaтaнимизнинг шaъни, xaлқимизнинг ғурур вa ифтиxoрини ўзида акс эттирган давлат баёроғига нисбатан муҳаббатини янада кучлироқ шакллантириш мақсадида 18 ноябрь байроғимиз қабул қилинганлигининг 32 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси, Миробод туман ҳокимлиги, туман адлия бўлими, Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари иштирокида Тошкент “Темурбеклар мактаби”да ўтказилган Байроғимиз-ғурур ифтихоримиздир! мавзусида ўтказилган тадбир ўзига хос хусусиятга эга бўлди десак муболаға бўлмайди. Дарҳақиқат, лицей ўқувчилари томонидан Жалолиддин Мангубердининг мардонавор жасорати, Амир Темурнинг байроқни кўз қорачиғидай асраб, қанчалик эътибор билан ардоқлагани ва ҳар бир ғалабага эришишида унинг байроғи олдинги сафларда бутун қўшинга ғурур ифтихор, куч қудрат бағишлаганини сахнавий кўринишда намоён этишгани барчамизни қувонтирди.

Душман Чингизхон тўдалари​ Хоразмга яқинлашганда, Нажмиддин Кубро бир ҳамлада душман байроғини тортиб олганлиги, етмиш беш яшар мўйсафид – қалбларни нурлантирган шайхи кабир ҳолдан тойиб, кучи кетаётганини сезса ҳам, жангни тўхтатмайди, душман байроғини ғазаб билан маҳкам тутамлаб олди-да, шу ҳолатда жон бергани,  вафотидан кейин ўнта одам унинг маҳкам қисилган панжалари орасидан байроқни зўрға ажратиб олганлиги, инсоннинг бу қаҳрамонлиги, жасорати душманни ҳам ҳайратга солгани авлодларга ибрат бўлгани тўғрисида ҳам сўз юритилди.

Шунингдек, давлат байроғини яратилиш тарихини саҳна кўринишлари билан ёритиб, байроқнинг давлат рамзларидан бири сифатида нечоғлик буюк аҳамиятга эга эканлигини шеърий чиқишлари билан тавсифлаб беришди.

Тадбир якунида ташкилотчилар томонидан иштирокчиларга давлатнинг асосий белгиларидан бири бўлган байроқнинг нақадар муқаддаслиги, унга нисбатан ҳамиша ҳурмат туйғусида бўлиш, ўрнатилиши тартиби борасида белгиланган меъёрлар бўйича, қонунчиликда белгиланган тартибда тушунтиришлар беришди.

                                                             Аброр Бердиев, Миробод туман

                                                             адлия бўлими бош юристконсульти

Зангилонда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар транспорт вазирларининг 7-йиғилиши бўлиб ўтди

2023 йилнинг 16 ноябрь куни Зангилон шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотига (ТДТ) аъзо давлатлар транспорт вазирларининг 7-йиғилиши бўлиб ўтди.

Учрашувда транспорт соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш, ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида транзит ташувлари жараёнини рақамлаштириш ва бошқа масалалар муҳокама этилди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазири Илхом Махкамов ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида транспорт соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган қатор таклифларни илгари сурди.

Хусусан, Темир йўл маъмуриятлари раҳбарларининг навбатдаги йиғилишида Ташкилот доирасида темир йўл идоралари кенгашини таъсис этиш, унинг асосий функция ва вазифаларини белгилаш;

E-Permit, E-TIR, E-Transit каби лойиҳалар орқали товарлар ва жўнатиш ҳужжатларини божхона расмийлаштирувидан ўтказиш тартиб-таомилларини рақамлаштириш жараёнини жадаллаштириш;

виза тартиб-таомилларини соддалаштириш, турли йиғим ва тўловларни камайтириш, рухсатнома бланкалари квоталари кўпайтириш орқали халқаро автомобиль ташувлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш зарурлигини таъкидлади.

ТДТга аъзо мамлакатлар транспорт вазирларининг 7-йиғилиши якунлари бўйича Коммюнике имзоланди.

Айрим товарлар импорти қўшилган қиймат солиғидан озод қилинади

Куни кеча давлатимиз раҳбарининг “Халқаро молия институтлари ва хорижий давлат молия ташкилотлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳаларни амалга оширишни янада жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Унга кўра, бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари ва ўз устав фонида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар томонидан сотиб олинган товарларни (хизматларни) реализация қилишга доир айланма, шунингдек уларнинг импорти 2028 йил 1 январгача ҚҚСдан озод қилинади.  

Бундан ташқари, ушбу товарлар (ёки хизматлар) ижтимоий соҳа ва инфратузилмани ривожлантириш учун халқаро молия институтлари ва хорижий давлат молия ташкилотларидан жалб қилинган давлат ташқи қарзи ҳисобидан тўлиқ ёки қисман амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида харид қилиниши шарт.  

Ушбу товарлар импорти ҳам қўшилган қиймат солиғидан озод қилинган.

МАНБА: ЎзА 

Табиий ресурслардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари фош этилмоқда

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Пастдарғом туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “S.” МЧЖ масъул шахслари автомобилларга сиқилган газ тўлдириш шохобчасининг газ ҳисоблаш ускунасига ташқи таъсир ўтказиб, жами 2 млрд сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган.

Департаментнинг Оқдарё туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “С.Б.” хусусий корхонаси раҳбари А.А. “Иштихонтумангаз” ҳудудий бўлими чилангари А.Ж. ёрдамида корхонага қарашли тўйхонани ҳеч қандай ҳужжатсиз газ тармоғига ўзбошимчалик билан улаб, жами 231,2 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган.

Шу каби, Департаментнинг Мирзо Улуғбек туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “M.M.” МЧЖ масъул шахслари ва бошқалар МЧЖга қарашли эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш цехидаги газ ҳисоблаш ускунасига ўрнатилган тамғани бузиб, жами 236,5 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) ва 185-2-моддаси (электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Хитой миллий жамияти билан экология соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида келишувга эришилди

БМТнинг чўлланиш тўғрисидаги конвенцияси (CRIC-21) ижросини кўриб чиқиш қўмитасининг 21-сессияси доирасида Экология вазири Азиз Абдуҳакимов Хитойнинг чўл саноати ва қум бўронига қарши кураш миллий жамияти раиси Ан Фендзи билан икки томонлама учрашув ўтказди.

Учрашувда ерларнинг деградацияси ва барқарор ер бошқаруви бўйича тадқиқотлар олиб бориш, жумладан, тажриба алмашиш ва Ўзбекистоннинг чанг ва қум бўронлари хавфи юқори бўлган ҳудудларида қўшма илмий-тадқиқот фаолиятини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. 

Маълумот учун, Хитойнинг чўл саноати ва қум бўронига қарши кураш миллий жамияти Хитойда чўлланишнинг олдини олиш бўйича ягона жамият бўлиб, 1992 йилда тузилган. Фахрий раис – Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши доимий қўмитаси раисининг собиқ ўринбосари Сю Сзялу. Жамият яратиш тўғрисидаги қарор 1950 йилда Хитойнинг ғарбий қисмида кучли қум-чанг бўронлари содир бўлганидан кейин пайдо бўлган.

Таъкидлаш жоизки, жамият миллий даражадаги академик, жамоат ва нотижорат ташкилотдир. Унинг таркибига чўлланишга қарши кураш соҳасида фаолият юритаётган мутахассислар, олимлар, тадбиркорлар киради.

Йиғилишда Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Сзинпин ташаббуси билан чўлланиш ва қум бўронларига қарши курашиш стратегияси қабул қилингани, унда фермерлар ва хусусий сектор учун яйловларни субсидиялаш, шахсий яйловларни тақиқлаш назарда тутилгани, чорва молларини кўпайтириш ва жамоавий чорвачиликни яратиш (совхозларни ташкил этиш), шунингдек, илгари ҳайдалган ер участкаларида ўрмон ва ўт қопламини тиклаш таъкидланди. 

Ўз навбатида Азиз Абдуҳакимов Хитой томонини Ўзбекистоннинг жанубий қисмида чанг ва қум бўронлари таҳдидларининг кучайиши ва бошқа ҳудудларда ҳам жадаллиги ҳамда миллий ташаббус доирасида бу экологик муаммога қарши кураш бўйича назорат чораларидан бири — “Яшил макон” ва унинг республикада амалга оширилишининг бориши ҳақида батафсил маълумот берди.  Вазир, шунингдек, жамият ер ва умуман табиат билан муносабатларини қайта кўриб чиқиш зарурлигини қайд этди.

Учрашув якунида Экология вазирлиги ва жамият ўртасида чўлланиш ва ерларнинг деградациясига қарши курашиш соҳасида илмий-амалий ҳамкорлик тўғрисида Меморандум ишлаб чиқиш ва имзолаш орқали тез орада яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди.

Энди янги тадбиркорлар ўқитилганидан кейин уларга имтиёзли кредитлар берилади

Бугунги кунда давлат томонидан тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш механизми фақатгина имтиёзли кредит бериш билан боғлиқ бўлиб қолгандек гўё.  

Шу муносабат билан экспертлар тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлашда комплекс ёндашиш таклифини илгари суриб бунда тадбиркорларга нафақат молиявий ёрдам бериш балким уларни молиявий ва бизнес саводхонлигини ошириш тизимини яратиш зарурати ҳусусида фикр ва мулоҳазалар олиб бормоқда.

Шуларни инобатга олган ҳолда, жорий йилнинг 14 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Кичик бизнесни ривожлантиришни молиявий ва институционал қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. 

Республиканинг еттита ҳудудда ичимлик суви учун янги тарифлар белгиланди

Аҳоли, шунингдек, бюджет ташкилотлари ва улгуржи истеъмолчиларга ичимлик суви таъминоти ва канализация хизматлари учун қуйидаги тарифлар (1 кубометр учун) белгиланди. Бу ҳақда Ўзсувтаъминот» АЖ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Тошкент вилояти

Ичимлик суви:
аҳоли учун – 1700 сўм;
бюджет ташкилотлари ва улгуржи истеъмолчилар учун — 7000 сўм

Канализация:
аҳоли учун – 850 сўм;
бюджет ташкилотлари ва улгуржи истеъмолчилар учун – 1850 сўм.

Андижон вилояти:

Ичимлик суви:
аҳоли учун – 1500 сўм;
бюджет ташкилотлари ва улгуржи истеъмолчилар учун – 2400 – 3800 сўм

Канализация:
аҳоли учун – 1500 сўм;
бюджет ташкилотлари ва улгуржи истеъмолчилар учун – 2400 – 3200 сўм.

Қашқадарё вилояти:

Ичимлик суви:
аҳоли учун — 2 000 сўм;
бюджет ташкилотлари ва улгуржи истеъмолчилар учун — 4000 — 7000 сўм

Канализация:
аҳоли учун — 1000 сўм;
бюджет ташкилотлари ва улгуржи истеъмолчилар учун – 2200 – 4400 сўм.

Сурхондарё вилояти:
 

Ичимлик суви:
аҳоли учун – 2140 сўм;
бюджет ташкилотлари ва улгуржи истеъмолчилар учун — 5000 сўм

Канализация:
аҳоли учун – 950 сўм;
бюджет ташкилотлари ва улгуржи истеъмолчилар учун – 1800 сўм.

Самарқанд вилояти:

Ичимлик суви:
аҳоли учун — 2500 сўм;
бюджет ташкилотлари ва улгуржи истеъмолчилар учун – 5700 сўм

Канализация:
аҳоли учун – 1600 сўм;
бюджет ташкилотлари ва улгуржи истеъмолчилар учун – 4300 сўм.

Хоразм вилояти:

Ичимлик суви:
аҳоли учун – 2800 сўм;
бюджет ташкилотлари ва улгуржи истеъмолчилар учун – 5700 сўм

Канализация:
аҳоли учун – 1550 сўм;
бюджет ташкилотлари ва улгуржи истеъмолчилар учун – 2400 сўм.

Фарғона вилояти:

Ичимлик суви:
аҳоли учун – 1900 сўм;
бюджет ташкилотлари ва улгуржи истеъмолчилар учун – 2991 сўм

Канализация:
аҳоли учун – 450 сўм;
бюджет ташкилотлари ва улгуржи истеъмолчилар учун – 777 сўм

Самарқандда вояга етмаганлар жинояти 40 фоизга ошди — Сенат

Жорий йилнинг 16 ноябрь куни Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди. Унда “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги Қонуннинг Самарқанд вилоятидаги ижроси юзасидан олиб борилган ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.

Жорий йилда 1 345 та «рейд» тадбири ўтказилиб, вояга етмаган болаларни назоратсиз қолдирган 57 нафар шахсга нисбатан маъмурий жазо чоралари қўлланилди.

Қўмита томонидан олиб борилган ўрганишлар давомида амалга оширилган ишлар билан бирга вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасида айрим муаммолар мавжудлиги аниқланган.

Жумладан, вилоятда вояга етмаганлар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этиш ҳолати йилдан йилга ортиб, 2021 йилда 1 331 тани, 2022 йилда 3 941 тани ҳамда 2023 йилнинг 8 ойи давомида эса 3 128 тани ташкил этган.

«Шунингдек, вояга етмаганлар орасида содир этилган жиноятлар сони ҳам ортган. Хусусан, 2022 йилнинг 8 ойи давомида жиноятлар сони 92 тани ташкил қилган бўлса, жорий йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 129 тани ташкил этиб, 40 фоизга ортганлигини кўрсатмоқда«, — дейилади хабарда.

Профилактик тадбирлар давомида 39 нафар мактаб ўқувчиси порнографик, 58 нафари эса зўравонлик ёки шафқатсизликни тарғиб этувчи материаллар сақлагани аниқланган. 2 221 нафардан ортиқ тарбияси оғир бўлган болалар билан профилактик суҳбатлар олиб борилиб, 1 853 нафар ўқувчининг ота-онасига нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилган.

Криминоген вазият оғир деб белгиланган 76 та таълим муассасасига ИИБ раҳбарларининг бириктирилганлигидан мактабларнинг хабардор эмаслиги ушбу тизим амалда ишламаётганлигидан далолат беради.

Ўрганиш давомида аксарият таълим муассасаларида ўқув машғулотларига сабабсиз ҳамда мунтазам равишда қатнашмаётган вояга етмаганлар мониторингини олиб бориш йўлга қўйилмагани ҳам аниқланган.

Мажлис давомида «Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида»ги Қонунни такомиллаштириш юзасидан ҳам фикрлар билдирилди.

Мажлис сўнггида Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ҳамда халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг кун тартибидаги масала юзасидан Қўшма қарори қабул қилинди.

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
6,330участниковПодписаться
×