2017 йилда Нью-Йоркда саккиз кишининг ўлимига сабаб бўлган террорчиликни амалга оширган асли ўзбекистонлик Сайфулло Соипов АҚШда муддатдан олдин озодликка чиқиш ҳуқуқисиз умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Прокуратура айбдор деб топилган Соиповга ўлим жазосини беришни сўраган, бироқ бу жазо маслаҳатчилар якдил овоз берсагина қўлланилиши мумкин.
Маҳкум 2010 йилда АҚШга кўчиб келган. 2017 йилнинг 31 октябрь куни у кичик юк машинасини ижарага олиб, велосипед йўлакчасига қарата ҳайдаган. Оқибатда саккиз киши ҳалок бўлган. Улар орасида саёҳат қилиш учун келган Аргентиналик беш кишидан иборат сайёҳлар гуруҳи ҳам бор эди. 12 киши яраланган. Соиповни милиция ходимлари тўхтатиб, қорин қисмига ўқ отган.
У жорий йилнинг январь ойида бир нечта қотиллик ва терроризмда айбланиб, судланган эди. Унинг суд жараёни Жо Байден президентлиги давридаги биринчи федерал суд бўлиб, унда прокурорлар маҳкумга ўлим жазоси беришни талаб қилган.
Байденнинг ўзи ўлим жазосига қарши ва 2021 йил июль ойида АҚШ Бош прокурори Меррик Гарланд федерал миқёсда ўлим жазосига мораторий эълон қилган эди.Ҳакамлар ҳайъати Соиповни айбдор деб топган, бироқ уни ўлимга ҳукм қилиш учун Нью-Йорк қонунчилигига мувофиқ, барча 12 судья маслаҳатчисининг якдил овозига эришилмаган.
manba: AzonUZ