Эфиопия ғарбида номаълум жангариларнинг автобусга ҳужуми вақтида 34 йўловчи ўлдирилди. Бу ҳақда Эфиопиянинг инсон ҳуқуқлари комиссиясига таяниб France-Presse ахборот агентлиги хабар берди.
Ҳужум Бенишангул-Гумуз штатида 14 ноябр кечки вақт содир этилган. Таъкидланишича, Судан билан чегарадош ушбу штат ҳозирда жанговар ҳаракатлар бораётган Тиграй штати билан умумий чегарага эга эмас.
Бу орада, Эфиопия бош вазири идораси жаҳон ҳамжамиятини “Тиграй озодлик халқ фронти” жангарилари томонидан Май-Кадра шаҳрида тинч аҳолининг оммавий ўлдирилишини қоралашга чақирган.
Amnesty International ноҳукумат ташкилоти 12 ноябрда Май-Кадрада 9 ноябрга ўтар кечаси кўплаб одамлар ўлдирилгани исботлари борлигини маълум қилган. Бироқ ташкилот ҳужумни содир этишда айнан ким гумон қилинаётганини кўрсатмаган. Эфиопия ҳукумати ушбу жиноят учун жавобгарликни “Тиграй озодлик халқ фронти” зиммасига юкламоқда. Май-Кадра Тиграй ва Амхара штатлари чегарасида жойлашган ва унинг асосий аҳолисини амхараликлар ташкил қилади.
Эфиопия бош вазири Абий Аҳмад 4 ноябрда миллий телевидение орқали чиқиш қилиб, 3 ноябр кечки пайт “Тиграй озодлик халқ фронти” жангарилари Шимолий қўмондонликнинг Тиграй штати маъмурий маркази Мэкэледаги объектларига ҳужум қилгани, федерал ҳукуматга содиқ ҳарбийларни ўлдиргани ва ҳарбий техника омборини эгаллаб олганини маълум қилган. Аҳмад мамлакатни барқарорсизликдан қутқариш учун Тиграйга қўшимча қўшинларни жўнатишга буйруқ берганини эълон қилган. 4 ноябрдан бери федерал қўшинлар “Тиграй озодлик халқ фронти”га қарши шиддатли жанглар олиб бормоқда. Асосий тўқнашувлар Тиграй штатининг Судан билан чегарадош ғарбий қисмида бормоқда.
Манба: kun.uz