Канаданинг Торонто шаҳрида шахмат бўйича Champions Chess Tour Finals 2023 турнири бўлиб ўтди.
Умумий мукофот жамғармаси 500 000 долларни ташкил этувчи ушбу мусобақанинг финал босқичида Нодирбек Абдусатторов ҳам иштирок этди.
14 декабр куни ярим финал босқичи жуфтликларининг иккинчи сет баҳслари ўтказилди. Биринчи жуфтликда амалдаги жаҳон чемпиони Магнус Карлсен америкалик Фабиано Каруанани 3:2 ҳисобида мағлуб этди.
Иккинчи ярим финалда эса Нодирбек биринчи сетдаги устунлигини сақлаб қола олмади. Рақиб Уесли Со иккинчи сетда 2,5:1,5 ҳисобида ғалаба қозониб, ҳисобни тенглаштирди. Ғолиб номини аниқлаб берган учинчи сетнинг икки партиясида ҳам дуранг натижа қайд этилди. Финалчини аниқлаган армагедон партиясида Нодирбек мағлуб бўлди.
Шу тариқа Абдусатторов турнирни 3-ўринда якунлади. Ўзбекистонлик гроссмейстер 50 минг доллар мукофот пулини қўлга киритди.