Италия А Сериясининг 21-турида Элдор Шомуродов ўйнаётган “Специя” жамоаси меҳмонда “Эмполи” меҳмони бўлади.Бўлажак учрашув лигурияликлар учун муҳимроқ. Чунки “Специя” юқори дивизиондаги жойини сақлаб қолиш учун курашмоқда. Навбатдаги мағлубият жамоани хавфли ҳудудга максим даражада яқинлаштириб қўйиши мумкин.
Кўпчиликни “Специя” бош мураббийи Лука Готтининг олдиндаги учрашувда қайси футболчилар хизматидан фойдаланиши қизиқтирмоқда. Чунки жамоанинг асосий тўпурари Мбала Нзола жароҳатидан қутилиб, умумий гуруҳ машғулотларига қайтди. Анголалик ҳужумчисиз “Специя” кетма-кет учта баҳсда рақиблар дарвозасига йўл топа олмади. Нзола шу пайтгача тўққизта тўп билан мухлисларни хушнуд этганди.
Ҳозир Нзола ҳужум чизиғида якка ҳукмрон эмас. “Специя” мутасаддилари ярим мавсум учун 1,5 миллион евро тўлаб, “Рома”да ўйин амалиётисиз қолиб кетган Элдор Шомуродовни олиб келди. Ўзбек ҳужумчиси ўзини кўрсатишга интилиши табиий. Ҳар ҳолда “Наполи”га қарши баҳсда легионеримиз анча фаол ўйнади.
Италия футболини ёритаётган https://footballnews24.it сайти журналисти Николас Либертининг маълум қилишича, “Эмполи” ва “Специя” учрашувида ажойиб “дуэль” кутилмоқда. Бу тўқнашув А Сериянинг энг зўр дарвозабонларидан бирига айланган Гульельмо Викарио ҳамда ўзини кўрсатиши шарт бўлган Элдор Шомуродов ўртасида бўлади.
26 ёшли Викарио ишончи ўйинлари билан гранд клублар эътиборига тушди. “Наполи”, “Рома” ва хорижнинг бир неча жамоалари италиялик посбонни ёзда жамоасини алиштиришга ундамоқда. Италия терма жамоаси мураббийлар штаби ҳам уни синовдан ўтказиш учун таркибга қўшиб қўйган.
“Специя” бош мураббийи Лука Готти “Эмполи”га қарши учрашувда бошланғич таркибда Элдор Шомуродовни майдонга тушириши кутилмоқда.
— Бизга кўп ўйинчиларимиз ётишмаяпти. Мен айрим ўзгаришлар ҳақида бош қотиряпман. Шундай қилишга мажбурман. Мбала Нзола ва Альбин Экдал куни кеча илк бор майдонда шуғулланди. Улар жамоага ўз ҳиссаларини қўшишга шошилаётганини кўриб турибман ва уларга ишонч билдираётганим ҳам бор гап.
“Эмполи”га қарши бўладиган баҳс биз учун охирги ўйин эмас. Шу боис, жнди сафга қайтган ўйинчиларнинг саломатлигини хавфга қўя олмайман. Ҳар бир ишга узоқни ўйлаб, истиқболни ҳисобга олиб қўл уришимиз керак, — деди Лука Готти.
Экспертлар бош мураббийнинг бу гапларидан кейин “Эмполи” майдонида бўладиган баҳсда “Специя”нинг асосий ҳужумчиси вазифасини яна Элдор Шомуродов бажаришини алоҳида таъкидламоқда.
Аксарият сайтлар учрашувда қуйидаги таркиблардан фойдаланишини тахмин қилинмоқда:
“Эмполи” (4-3-1-2): Гульельмо Викарио; Тайрон Эбейи, Адриан Исмайли, Себастьяно Луперто, Фабиано Паризи; Жан-Даниэль Акпа-Акпо, Рэзван Марин, Филиппо Бандинелли; Томмазо Балданзи; Мартин Сатриано, Франческо Капуто. Бош мураббий Паоло Дзанетти.
“Специя” (3-5-2): Бартломей Драговски; Келвин Амян, Димитриос Николау, Пшемислав Вишневски; Эмиль Хольм, Меҳди Бурабиа, Сальваторе Эспозито, Кевин Агудело, Аркадиуш Река; Эммануэль Гьяси, Элдор Шомуродов. Бош мураббий Лука Готти.
Учрашув 11 февраль куни Тошкент вақти билан 19:00 да бошланади.
Манба:Sport.uz