Бугун, 27 декабрь куни Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида шахматнинг рапид ва блиц йўналишлари бўйича давом этаётган Жаҳон чемпионатининг иккинчи кунги баҳсларида шахматчилар 6- тур ўйинлари билан баҳсларга киришади.
6-тур учрашувларида 4 очко жамғарган ҳолда 178 нафар шахматчи орасида кучли бешликда бораётган Нодирбек Абдусатторов полшалик Ян Криштофф битлан рўбарў келса, 3,5 очкога эга Нодирбек Ёқуббоев франциялик Максим Ваше-Лаграв билан, 3 очкони қўлга киритган Шамсиддин Воҳидов арманистонлик Тигран Петросян билан, 2,5 очколи Жаҳонгир Воҳидов италиялик Сабино Брунелло билан ва 2 очколи Жавоҳир Синдоров ҳиндистонлик Пранав билан баҳс юритади.
Ҳамюртларимиздан Абдусатторов ва Шамсиддин Воҳидов 6-турда оқ доналарда ҳаракатланса, қолган вакилларимиз қора доналар билан ўйнайди.
Кеча ўтказилган баҳсларнинг марказий учрашувларидан бири 5-турда Абдусатторов ва классик шахмат бўйича жаҳон чемпиони Магнус Карлсен ўртасида кечди. Оқ доналарда ҳаракатланган Карлсен устунликка эришди. Айнан ушбу ғалаба билан Магнус 5-тур якунидан кейин 4,5 очко билан чемпионат пешқадамига айланиб олди. Ундан кейинги ўринларни худди шундай очко жамғарган россиялик россиялик Владимир Федосеев, ҳиндистонлик Аржун Эригаиси ва нидерландиялик Ван Форест эгаллаб турибди.
Абдусатторов жамғарган 4 очкони эса яна 8 нафар шахматчи қўлга киритган. Улар орасида Аниш Гири, Ян Криштофф ва Ян Непомнаяший борлиги чемпионлик учун кураш шиддатли бўлишини англатмоқда.
Бугун ўтадиган 6-турда Магнус Карлсен нидерландиялик Ван Форестга қарши оқ доналарда ўйнайди. Улардан кейинги қаторларда бораётган Владимир Федосеев эса Аржун Эригаиси билан баҳс ўтказади. Ушбу шахматчиларнинг натижаси ва кун давомида ҳамюртларимизнинг, айниқса Абдусатторовнинг хатти-ҳаракати чемпионлик манзилига яқинлашишда кўп нарсани ойдинлаштиради.
Эслатиб ўтамиз, рапид йўналишидаги чемпионлик мусобақалари эртага ўз ғолибларини аниқлайди.