Туркиянинг Кўнё шаҳрида ўтказилган V Ислом бирдамлиги ўйинларида иштирок этган Ўзбекистон спорт делегацияси Тошкент шаҳрида тантанали кутиб олинди. Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг спортчиларимизга йўллаган табригини ўқиб эшиттирдим.
Давлатимиз раҳбари ўз табригида 56 та давлатдан 4200 нафар спортчи иштирок этган ушбу мусобақаларда 51 та олтин, 42 та кумуш ва 65 та бронза медалини қўлга киритган миллий терма жамоамиз аъзолари улкан маҳорат, ғайрат ва матонатини, ғалабага бўлган юксак интилиш ва иродасини намоён этганини алоҳида таъкидладилар.
Шундай ватанпарвар ва салоҳиятли йигит-қизларни тарбиялагани учун уларнинг ота-оналарига, устоз ва мураббийларига ўз номидан ва бутун халқимиз номидан миннатдорчилик билдирдилар.
Эслатиб ўтамиз, кеча Президент ушбу ўйинларда ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар ҳамда уларнинг тренерларини бир марталик пул мукофотлари билан рағбатлантириш тўғрисида қарорни имзоладилар.