Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси шифокорлари томонидан деярли уч килолик қалқонсимон без тугуни жарроҳлик йўли билан олиб ташланди. 60 йилдан кўпроқ вақт давомида дарддан азият чекиб юрган 80 ёшли бемор ўзини яхши ҳис этмоқда.
Амалиётда кам учрайдиган ҳодиса Самарқандда содир бўлди. 80 ёшли отахон, ўзининг сўзига қараганда, 6-7 синфда ўқиб юрган пайтидаёқ қалқонсимон безида ўзгариш сезган бўлишига қарамасдан, шунча вақт мобайнида тиббиёт ходимларига мурожаат қилмасдан келган. Охири, нафас олиши оғирлашиб, қаттиқ қийналганидан сўнггина шифохонага боришга мажбур бўлган.
Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси бош врачи, тиббиёт фанлари доктори Аҳмаджон Бобожонов беморни кўздан кечириб, зудлик билан унга ёрдам беришга киришади ва шогирдлари билан жарроҳлик йўли орқали ҳаммаси бўлиб 40 дақиқада деярли 3 килолик қалқонсимон без тугунини олиб ташлашга эришади.
Биз ушбу амалиёт ва умуман тугунли буқоқ ва уни келтириб чиқарадиган сабаблар ҳақида фикр билдиришини сўраб, А.Бобожоновга мурожаат қилдик. Бу ҳақда тажрибали шифокор қуйидагиларни гапириб берди:
-“Беморни жарроҳлик амалиётига тайёрлаш давомида вазиятни чуқур таҳлил қилдик ва юзага келиши мумкин бўлган ҳолатларни ўрганиб, операция тўрт соатга яқин давом этишига тайёргарлик кўрдик. Аммо ҳолат унгача етиб бормади ва 40 дақиқада тугунни олиб ташладик. Бундай катта тугунни мен аввал кўрмаган эдим.
Ҳаммаси муваффақиятли ўтди. Бемор отахон ўзини яхши ҳис этмоқда.
Ушбу операциядан кейин кўпчилк тугунли буқоқ ва унинг сабаблари билан қизиқиб қолди. Бу ҳақда саволлар билан менга ҳам мурожаатлар бўлаётганлигини инобатга олиб, ушбу масала бўйича оммабоп тарзда қисқача сўз юритмоқчиман.
Кўпчиликнинг қалқонсимон без тўқималарида тугун мавжуд. 50 ёшдан ошганларнинг ярмига яқини тугунли буқоққа эга бўлади, айниқса аёлларда кўпроқ учрайди. Аммо бундан қўрқиш керак эмас, чунки ўсмаларнинг 95 фоизи инсон соғлигига салбий таъсир этмайди.
Тугунли буқоқ қандай пайдо бўлади деган савол ҳам аксариятни қизиқтирмоқда. Бу авваллари ўйланганидек фақат йод моддаси етишмаслиги туфайли эмас. Қатор сабаблар қаторига қуйидагиларни санаб ўтиш мумкин: генетик омил, фарингит ва тонзиллит каби яллиғланиш касалликлари, узоқ муддат давомида стресс ҳолатида бўлиш, чекиш, гипотермия, яъни тана ҳарорати нормал даражадан пастга тушиши.
Қалқонсимон безда тугунлар мавжудлиги ультратовуш аппарати орқали аниқланади. Аммо одамнинг ўзи ҳам организмидаги ўзгаришларга қараб, тугун мавжудлигини аниқлаши мумкин. Бундай ўзгаришлар сирасига қуйидагилар киради: нафас қисилиши, овознинг бўғиқ ҳолатга келиши, ютинишда қийинчилик сезиш, бошда оғриқ ва қулоқларда шовқин пайдо бўлиб, узоқ давом этиши.
Қалқонсимон безда ўзгариш пайдо бўлиши билан шифокорларга мурожаат этиш лозим. Қалқонсимон без тугуни зарарсиз бўлганда, хавотирга ўрин йўқ. Аммо уни олиб ташлаш лозим бўлганда, албатта жароҳлик амалиётини ўтказиш лозим. Масалан, тугун пайдо бӯлганда, айниқса бўйинни сиққанда, нафас олиш оғирлашса, операция зарур.
Умуман олганда, касалликни олдини олиш, профилактикга катта эътибор қаратиш ва соғлом турмуш тарзи орқали биз ўзимизнинг соғлигимизнинг посбонларига айланишимиз ва узоқ умр кўриб, ҳаётдан завқланиб яшашга эришишимиз мумкинлигини англашимиз шарт ва зарур!”.
Тошпўлат Раҳматуллаев,
Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз