Бундан салкам 3 ой аввал Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти дунё бўйлаб парранда гриппи деб аталувчи H5N1 вируси кенг тарқала бошлагани ҳақида баёнот билан чиққанди, дея хабар бермоқда ССВ Матбуот хизмати.
Қайд этилишича, бунга апрель ойида АҚШда ушбу касаллик инсонларга ҳам юқиши билан боғлиқ илк ҳолат аниқлангани, кўп ўтмай Мексикада инсонлар ўртасида инфекциянинг янги — H5N2 штаммидан биринчи ўлим қайд этилгани сабаб бўлган.
Кузатувларга кўра, илгари фақат паррандалар нобуд бўлишига олиб келган бу хасталик мутацияга учрашда давом этяпти. Оқибатда ундан сутэмизувчилар туркумига мансуб баъзи жонзотлар, масалан, қорамоллар ҳам зарар кўраяпти.
Энди хасталик одамлар ҳаёти ва соғлигига хавф туғдира бошлагани эса мутахассисларни жиддий ташвишга солмоқда. Ўтган йили Кабоджада қайд этилган ўлим ҳолатлари бошқа минтақаларда ҳам янги штамм оқибатида кузатилиши бунинг учун етарли асос.
ЖССТ раҳбари Тедрос Гебрейесус Женевада бўлиб ўтган Ҳукуматлараро музокаралар органи йиғилишида шу ҳақда тўхталиб, дунёда исталган вақтда янги пандемия бошланиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Буни изоҳлаш учун парранда гриппи эпидемиясининг кутилмаганда авж олишини эслатиб ўтди. Ўз навбатида, барча ҳукуматларни мазкур вирус устидан назоратни кучайтиришга чақирди.